Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон БАА билан давлат бошқарувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади

Ўзбекистон БАА билан давлат бошқарувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев «Сифатли давлат бошқаруви» дастури бўйича форум ва тақдирлаш маросимида нутқ сўзлади. 

«Яхши хабардорсиз, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар марказида инсон қадрини улуғлаш, аҳоли ва тадбиркорлар учун муносиб шароитлар яратиш асосий ўрин эгаллайди. 

Сўнгги 10 йилда «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши лозим» деган олижаноб фалсафани давлат сиёсати даражасига кўтардик. Бошқарув соҳасида аҳоли учун самарали тизим яратмасдан туриб, ҳеч бир йўналишда кутилган натижага эришиб бўлмайди. Чунки ҳар бир фуқаро ўз кундалик ҳаётида ҳис қилаётган ижобий ўзгаришлар орқали давлат фаолиятига баҳо беради. 

Бошқарув идоралари одамлар муаммосини, уларни қийнаётган ўткир масалаларни ўз вақтида ва адолатли ҳал этса, аҳолининг давлатга нисбатан ишончи кескин ортади. Ортиқча қоғозбозлик ва бюрократия эса ислоҳотлар самарасини пасайтириб, халқнинг умидини сўндиради. Шуни инобатга олиб, давлат бошқарувида янгича ва илғор ёндашувларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз», – деди давлатимиз раҳбари.

«Самарали бошқарувни йўлга қўйиш, соҳага замонавий моделларни жорий қилиш, Бирлашган Араб Амирликлари эришган ютуқ ва илғор тажрибани татбиқ этиш биз учун фойдали бўлмоқда. Шуни мамнуният билан таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда ушбу мамлакат билан давлат бошқаруви соҳасидаги ҳамкорлик мутлақо янги босқичга кўтарилди», – деди Президентимиз. 

Ўтган йил ноябр ойида «Бюрократияни бартараф этиш» ҳамда сунъий интеллект бўйича нуфузли халқаро форумлар биргаликда юқори савияда ўтказилди. 

Шунингдек, давлат бошқарувида илғор тажриба алмашиш юзасидан ҳамкорлик келишуви имзоланди. 

«Сифатли давлат бошқаруви» дастури ана шу шерикликнинг ёрқин амалий натижасидир. 

Президентимиз ушбу дастурни муваффақиятли йўлга қўйишда кўрсатган кўмаги учун Амирликлар раҳбарияти ва шахсан Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад ал-Гаргавийга самимий миннатдорлик билдирди.

Президентимиз самарали бошқарув қанчалик муҳим эканига эътибор қаратди. 

«Вазирлик ва агентликлар, қўмита ва инспексиялар фаолиятини холис баҳолаш, уларнинг аҳоли олдидаги масъулиятини янада ошириш энди доимий эътиборимизда бўлади. Бундан буён «жараён учун» эмас,«натижа учун» ишлаш тамойили идоралар фаолиятида асосий мезонга айланади», – деди давлатимиз раҳбари. 

Шу нуқтаи назардан, «Сифатли давлат бошқаруви» дастури мутлақо янги бошқарув маданияти ва дунёқарашни шакллантиришга қаратилган ислоҳотдир. 

Ушбу дастур давлат идоралари фаолиятини холис баҳолаш, уларнинг кучли ва заиф томонларини аниқлаш, энг илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлашни кўзлайди. 

Жорий йил январ-апрел ойларида дастур доирасида давлат идоралари фаолияти, бошқарув сифати ва раҳбар кадрларнинг етакчилик қобилияти халқаро экспертлар ҳамда маҳаллий мутахассислар томонидан баҳоланди. 

Танловда 40 та республика идораси ва уларнинг ходимлари иштирок этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг