Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбошимча фермернинг ери туман захирасига қайтарилди

Ўзбошимча фермернинг ери туман захирасига қайтарилди

Фото: «Xabar.uz»

«Обод» фермер хўжалигига (номи ўзгартирилган) 49 йил муддатга жами, 41.5 га, шундан 36.3 га экин ери, 3.2 га ариқ ва зовурлар, 1.3 га йўллар, 0.7 га қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонлари ер ижара шартномаси асосида туман ҳокимлиги томонидан ижарада фойдаланиш учун ажратиб берилган. Шартномага асосан, фермер хўжалиги томонидан ердан мақсадли фойдаланиш, ишлаб чиқаришнинг табиатни муҳофаза қилувчи технологияларини қўллаш, давлат эҳтиёжлари учун давлатга маҳсулот сотиш режаларини бажариш ва бошқа мажбуриятларни ўз зиммасига олган.

Бироқ туман статистика бўлимининг маълумотига асосан, фермер хўжалиги 3 йил мобайнида муттасил равишда давлат эҳтиёжлари учун пахта-ғалла сотиш контрактация шартномаларини бажармаган. Бу ҳам етмаганидек, давлат эҳтиёжлари учун пахта сотиш учун уруғлик чигит экилиши лозим бўлган 5 гектар майдоннинг 2 гектарига ўзбошимчалик билан маккажўхори, 2 гектарига шоли ва 1 гектарига беда эккан. Мазкур ҳолат туман ер ресурслари ва давлат кадастри ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими ходимлари томонидан аниқланган, бу ҳақида маълумотнома тузилган, фотосуратларга олинган, туман фермерлар кенгашининг хулосаси билан фермер хўжалиги билан тузилган ер ижара шартномасини бекор қилиш лозимлиги кўрсатилган, Халқ депутатлари туман кенгашининг қарори билан ер ижара шартномасини бекор қилиш маъқулланган, туман ҳокимлигининг ер майдонини ихтиёрий равишда туман захирасига қайтариш ҳақидаги талабномаси фермер хўжалиги томонидан рад этилган.

Натижада туман ҳокимлиги Ўзбекистон туманлараро иқтисодий судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, фермер хўжалиги билан тузилган ер ижара шартномасини бекор қилишни сўрайди. Суд ушбу даъвони туман статистика, ер ресурслари ва давлат кадастри, қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари мутахассислари ҳамда туман фермерлар кенгаши вакиллари иштирокида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.

Суд мажлисида барча иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди, улар келтирган далилар ва важларга атрофлича баҳо берилди. Суднинг ҳал қилув қарори билан туман ҳокимлигининг даъво аризаси қаноатлантирилди, ер туман захирасига қайтарилди.

Фермер хўжалиги суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлиб, кассация шикояти билан Фарғона вилояти иқтисодий судига мурожаат қилди, бироқ кассация инстанцияси қарори билан фермер хўжалигининг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилиб, Ўзбекистон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори ўз кучида колдирилди.

Шунингдек, суд жараёнида айрим давлат идоралари мансабдор шахслари ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараганликлари маълум бўлиб қолди. Жумладан, туман ер ресурслари ва давлат кадастри ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари томонидан фермер хўжалиги ер майдонларида пахта экилиши лозим бўлган 5 гектар ер майдонида ноқонуний экин экилганлиги аниқланган бўлса-да, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан фермер хўжалиги мансабдор шасхларига белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилмаган, аниқланган ҳуқуқбузарликка амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 65-моддаси 1-қисмига асосан, чора кўрилмаган, оқибатда туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари бузилган.

Ваҳоланки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 65-моддаси 1-қисмига асосан, ерлардан хўжасизларча фойдаланиш, объектлар қуриш пайтида унумдор қатламни олмаслик, ер майдонларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш, ерларни фойдаланишдан чиқаришга, ҳосилдорлик пасайишига, тупроқнинг бузилиши ёки йўқ бўлиб кетишига олиб келадиган бошқа ҳаракатларни содир этиш, шунингдек таназзулга юз тутган қишлоқ хўжалиги ерларини консервациялашнинг белгиланган тартибини бузиш — фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2661-моддасига мувофиқ, МЖТКнинг 65-моддасида кўзда тутилган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий баённома расмийлаштириш ваколати ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига берилган.

Шунга кўра, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими мансабдор шахсларининг ҳатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун Ўзбекистон туманлараро иқтисодий суди томонидан хусусий ажрим чиқарилди, хусусий ажрим ижро қилиш учун Фарғона вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасига юборилган.

Ўз ўрнида, Фарғона вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси томонидан фаолиятида йўл қўйган камчиликлар учун туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғига нисбатан Меҳнат кодексининг 181-моддасига асосан, «ҳайфсан» интизомий жазоси берилди.

  Миркомил Мирмақсудов,
Ўзбекистон туманлараро иқтисодий суди раиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг