Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзгартирилган маршрут ва ўзгармаётган раҳбарлар. Президент кўрган маҳалла ҳақида

Ўзгартирилган маршрут ва ўзгармаётган раҳбарлар. Президент кўрган маҳалла ҳақида

— Шу ерга келишимиз керакмиди? Бу бошқа жойку!

— Қаерга кетяпмиз? Йўл бунча ёмон!


— Ана, қара! Президент кетди, югур...

Кеча эшитган аксарият гапларимиз шунақароқ оҳангда бўлди — атрофда югуриб юрган кўп-кўп «галстукли акалар»ни кўрдик. Аввалига одатий бошланган кун бир зумда шунчалар алғов-далғов бўлиб кетдики, ўзимиз ҳам нимага улгуришни билмай қолдик. Телефонга олинган видеоларни редакцияга юборайликми, кўрган таассуротларни ёзайликми ёки ҳар соатда ўзгариб турган маршрутдан қолиб кетмаслик учун илдамроқ бўлайликми?

Савол қанча кўп бўлмасин, танлов шунча осон бўлди. Бу кун фақат кузатиш керак! Бирор жараёндан четда қолмаслик муҳимроқ...

Наманган вилоят фаоллар йиғилиши тушдан сўнг, соат иккилар атрофида тугади. Шунга қадар ҳаммаси бир маромда кетаётганди, президент нутқ сўзлади, қилинадиган ишлардан гапирди, вилоятга янги ҳоким тавсия қилинди, тасдиқланди. Шундан сўнг икки-учта объектга ташриф бўлиши кутилаётганди. Йўлга ҳам чиқдик. Ҳаммаси шундан сўнг бошланиб кетди.

Наманган вилоятидаги «Бунёдкор» маҳалласида нималар бўлиб кетганини ҳозир ҳамма яхши билади. Кеча Шавкат Мирзиёев кутилмаганда ташриф маршрутини ўзгартирди ва шаҳар четидаги оғир аҳволдаги маҳаллага борди. Ўйдим-чуқур кўчалар, рангсиз, туссиз, деярли ташландиқ бино, атрофдаги чиқиндилар. Буларнинг барчасини инсайд видеоларда етарлича кўргансиз.

Мен учун эса ўша вазиятда президентни кузатиш қизиқроқ бўлди. У — давлат раҳбари, тўрт йилдан буён ислоҳот ўтказишга уринаётган, бунинг учун жон куйдираётган, аммо қайсидир соҳада муваффақиятга эришган бўлса (банк, конвертация, прописка, мажбурий меҳнатни йўқотиш, текстил саноати, матбуот эркинлиги, қўшнилар билан муносабат ва ҳоказо), бошқасида муаммоларга учраб турган шахс (кадрлар етишмовчилиги, коррупция, турли раҳбар шахслар масъулиятсизлиги) вазиятни ўз кўзи билан кўргач, ўша тупроқ кўчаларда турганча қандай қарор қабул қиларкан, шунисини билиш қизиқ эди.

«Бунёдкор» маҳалласига етгунча йўлнинг ўзи одамни адо қилади. Маҳалла биносини кўрганда эса тушунасиз, бу ерларнинг эгаси йўқ экан. Водийда 15-20 сотих жойни қаровсиз, тупроғи ўйнаб ётган ҳолда кўриш ғалати бўларкан. Бирор туп дарахт йўқ. Ҳар бир қарич ерни ардоқлайдиган наманганлик миришкорлар қаерда қолди? Президент ҳам маҳалла раисидан шуни сўради. Икки соатгина олдин, фаоллар йиғилишида депутатлардан кимдир Шавкат Мирзиёевга қарата: "Сиз уришганингизда ҳам кўзингизда барибир меҳр бўлади", деган эди. Бу сафар президентнинг кўзида меҳр эмас, кўпроқ истеҳзо кўринди — маҳаллага шунча эътибор бериляпти, пул бериляпти, бу нимаси...

«Мушук ҳам ўрнини думи билан супириб ўтиради», дейишармиди. Афтидан бу ерда дум ҳам бўлмаган, бош ҳам. Ўзини идорасини обод қила олмаган маҳалла раиси фуқаролардан нимани сўрайди? Нимани ўргатади? Нимани талаб қилади?

Энг ёмони — Ўзбекистонда яна қанча шундай маҳаллалар бор?

Президент шундан сўнг фуқаролар билан кўришди. Муаммолар кўп — газ йўқ, сув йўқ, свет ўчади, йўллар ёмон. «Шунинг учун ҳам шахсан ўзим келдим маҳаллангизга», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида иш бошлаганда бир гапни кўп айтганди — «мен асл вазиятни яхши биламан, мана бу девор орқасидаги кўчаларда ҳақиқий аҳвол қандай эканидан хабарим бор». Ўша деворнинг орқасидаги ҳолатни маҳалла вазирию бошқа вазирлар ҳам, ҳокимлар ҳам яхши билишади. Аммо давлат раҳбарининг гапидан ҳозирга қадар ҳам етарлича хулоса чиқарилмаган кўринади. Балки шу сабабдир, президент деворнинг орқасига ўзи ўтишга қарор қилди. Кўп эҳтимол, бу ҳам жойлардаги мутасаддиларга катта қўнғироқ — тайёр тур, сенинг кўчангга ҳам бориб қоламан...

Энди ҳам ўзгариш бўлмасмикан? Ёки президент Ўзбекистондаги 10 мингдан ошиқ маҳалланинг ҳар бирига ўзи кириб бориши керакми?

PS: Таҳририятга хабар қилинишича, бугун эрта тонгдан, балки кечанинг ўзидадир, "Бунёдкор" маҳалласи идорасида ободонлаштириш ишлари бошланиб кетибди. Бунга видеодалил ҳам бор. Кўп эҳтимол бу маҳаллада энди йўл ҳам бўлади, газ, сув, свет ҳам. Бу яхши албатта. Аммо бунақа жойлар Ўзбекистонда битта бўлмаса керак. Қолганичи? Президент келишини кутиб турадими?..

Зафар ҚОСИМОВ

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг