Паркентда «суд-суд ўйини». Бош ролларда Олий суд ва ОАВ ходимлари!

Айнан шундай ва ҳеч қандай изтеҳзосиз: Олий суд ва оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ходимлари «суд-суд ўйини»ни ўйнашди. Фақат воқелик суд биносида эмас, Паркентнинг Кумушконидаги «Edelweiss Hotel & Resort» тоғ ҳордиқ чиқариш масканида кечди.
Ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтармайдиган бундай масканга суд ва ОАВ ходимлари ўйин ўйнаш учунгина боришгани йўқ, албатта.
Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) БМТ Тараққиёт Дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси доирасида қатор тадбирлар ўтказиб келади. Шундай тадбирлардан бири ўтган ҳафта юқорида айтилган масканда уюштирилди.
Айни тадбир доирасида Олий суд ва ОАВ ходимлари... Бу ёғини бир бошдан айтсак, а?
1
...Алқисса, ҳафта бурун Олий суд матбуот хизмати — бош, USAID (АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги) — ёнбош бўлиб, қатор ОАВнинг ҳуқуқий мавзуга ихтисослаш(ёт)ган ходимларини Кумушконнинг (Паркент тумани) тоғ ҳордиқ чиқариш масканига таклиф этди. Айтилганидек, дам олишга эмас, семинар-тренингга.
Ҳордиқ масканида ўтадиган тадбирдан самара кўпроқ бўлишини чамалаган ташкилотчилар янглишишмади. Бунинг илк ҳосиласи шуки, Олий суд биноси олдидан (автобусда) то Паркентга етгунча бир-бирига «сигирқараш» қилиб кетган суд ва ОАВ ходимлари сафар якунида самимий, ҳатто қучоқлашиб хайрлашди денг?! Ваҳоланки, бир ярим кунлик тадбир давомида икки соҳа вакилларда ўртасида озмунча баҳс-мунозара, бир-бирига «ташланишлар» (яхши маънода) бўлгани йўқ...
2
Семинар баҳс-мунозараларга тўла ўтиши аввалдан маълум эди, сираси. Сабабики, мавзу суд жараёнларининг ОАВда ёритилиши, бунда журналист ва блогерларнинг кўникма ва малакасига оид эди-да. Биласиз, суд ва ОАВ ходимлари ўртасидаги аксарият тушуновчиликлар «суд жараёнларининг матбуотда ёритилиши»да юзага келмоқда...
Журналистнинг суд мажлисида пайдо бўлишини кўпгина судьялар ўзларига босим ўлароқ қабул қилиши сир эмас. Бундай «босим»дан халос бўлиш йўлида қилинган хатти-ҳаракатлар эса (журналистни суд мажлисига киритмаслик ёки унга ўта баҳсли талаблар қўйиш ёхуд судни бошқа кунга қолдирвориш ва ҳоказо...) ОАВ ходимининг ҳақли норозилигига сабаб бўлиши аниқ. Қарабсизки, аччиққина танқидий лавҳа (ахборот, фельетон) тайёр...
Ёки ҳали суд мажлиси якунига етмай қандай ҳукм (қарор) чиқишини олдиндан башорат қилиб ёзилган ахборот-мақолалар, шунингдек, суд ҳужжати ҳали қонуний кучга кирмасидан ОАВда бошланадиган муҳокамалар айрим судьяларининг оромини қимматга тушираётгани ҳам бор гап.
3
Ҳар икки ҳолат катта баҳс-мунозара, раддиябозликка (баъзан қўнғироқбозликка ҳам) олиб келиши эҳтимоли юз-у ўн фоизга тенг. Баҳс-мунозаранинг ёмон жиҳати йўқ, бироз сийқаси чиққан бўлсаям «ҳақиқат баҳсларда туғилади» деган ҳикмат тўғри барибир. Аммо кўпинча суд ва ОАВ ўртасидаги мунозараларда «мана сенга бўлмаса?!» қабилидаги ҳаракатларга ўтиш даражасига бориладики, шунақа пайтда донишманд Абдулла Қаҳҳорнинг бир гапи ёдга тушаверади: «Муштлашишдан баҳслашиш ёмон...».
Хулоса қилинса, суд мажлислари — томоша майдонмас, уларнинг ёритилишига хос тартиблар, қонун-қоидалар бор. Шунингдек, суд мажлисига борган ҳамма журналистнинг мақсади раислик этувчи ёки ҳайъат аъзоларини эсдалик учун суратга тушириб, жараён ҳақида пахтавон ахборот ёзишгина эмас.
Демак, суд жараёнларини ёритиш бораси малака ОАВ ходими учун қанчалар муҳим бўлса, эълон қилинаётган танқидий материалларга нисбатан суд ходимларида кўникма шаклланиши шунчалар зарур. Суд ҳокмияти ва ОАВ ўртасидаги ҳамкорлик деганда судья билан журналист ҳаммуаллифликда бирорта ҳукм ёки қарорни «мақолабашара» шаклида чоп этиш тушунилмайди-да, ахир?!
Шу маънода ташкилотчилар тадбир ўтказиш учун нафақат зўр жой, шунга монанд мавзуниям топишибди, гап йўқ.
4
Инсоф юзасидан айтиш шарт, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан муносабат масаласида суд ҳокимияти бошқа давлат органларидан анча илдамлаб кетди. Олий суд Пленуми «Суд муҳокамаси ошкоралигини таъминлаш ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида» махсус қарор қабул қилганининг (21.02.2020 й.) ўзи бунга яққол далил. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарори ҳазилакам ҳужжат эмас (унинг қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлари судлар, (ушбу тушунтиришлар берилган қонун ҳужжатларини қўллаётган) бошқа органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар учун мажбурий ҳисобланади). Масала шундаки, айни ҳужжат етарлича тарғиб-ташвиқ қилинмагандай... Негаки, тадбирда ОАВ ва суд муносабатида кўзга ташланаётган тушунмовчиликлар, суд жараёнларини ёритиш масаласида қанча баҳс-у мунозара бўлмасин, Олий суд Пленуми қарори жуда кам тилга олинди, рости. Ҳолбуки, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқига оид масалалар мазкур ҳужжатда, таъбир жоиз бўлса, «чайнаб берилган».
5
Семинарда ўзимизнинг Олий суд судьяларидан ташқари АҚШ (Жонатан Пирес, Жоржия унверситети доценти), Буюк Британия (Тим Кук, Қўшма Қиролликнинг Журналистлар институти вице-президенти) ва БМТ Тараққиёт дастури (Жеймс Бриндлей) экспертлари ҳам иштирок (масофадан) этиб, одил ва очиқ судлов, уларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши, бу борадаги ўз юртидаги тартиблар ҳақида маърузалар қилдилар. Рост, бошқа соҳалар қатори суд ва ОАВ ўртасидаги муносабатлар масаласида ҳам илғор хориж давлатлари билан тенглашишимизга ҳали вақт бор. Уларнинг тажрибаларини ўрганиш, (миллий қадриятларни унутмаган ҳолда) ўзлаштириш кони фойда, албатта. Бироқ, пировард хулоса шуки, гап ҳуқуқ ҳақида кетганда, хориж ёки ўзимизда бўлсин, буюк Авлонийнинг қуйидаги ҳикматига риоя этавериш керак экан: «Ҳақ берилмас, олинур!».
6
Бирор шахснинг айниқса, таниқли инсонларнинг муайян масалада билдирган фикрларини матндан «юлиб олиб» шов-шув ясаш одат тусига айланаёзгандай. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари-ку, ўз йўлига, бироқ электрон оммавий ахборот воситаларида ҳам бу ҳол яққол кўзга ташланиб қолмоқда. Судда инсон тақдирига дохил ишлар кўрилар экан, айни жараённи ёритишда журналистдан ҳушёрлик каррасига талаб этилади. Бир оғиз айтилган (ёзилган) мавҳумроқ гап наинки суд ҳукми ёки судланувчига, балки унинг яқинлари тақдирига ҳам таъсир ўтказиши мумкин. Жаҳон тиллари унверситети Халқаро журналистика факультети декани Беруний Алимов суд процессини ёритишдаги профессионал нормалар, журналист риоя қилиши шарт бўлган одоб-ахлоқ меъёрлар ҳақида хўб баъмани чиқиш қилди. Тўлиб-тўлиб қилинган маърузадан сўнг берилган саволларга тўкилиб-тўкилиб жавоб берди... Нима дейсизки, ҳурматли олимнинг ўзи тадбир якунланмай ижтимоий тармоқларнинг салкам қаҳрамонига айлансами?! Тадбир ҳақида шу жойининг ўзидан пешма-пеш эълон қилинаётган хабарларга кўзи тушган ҳамкасбларимиздан бири Беруний айтган гапни матндан «юлиб олиб», тармоқда бонг уришни бошлаб юборган экан...
— Бу ёғи қизиқ бўлди-ку, домла?
Беруний Алимов:
— Ўшанақа журналист бўлманглар деб, маъруза қилдим-да, акаси...
7
Тадбир тасаввурларни кенгайтирди: журналистлар суд мажлиси тартиблари, суднинг қайси босқичида қандай ҳужжат (ҳал қилув қарори, қарор, ажрим, ҳукм ва ҳоказо...) қабул қилиниши-ю улар қачон қонуний кучга кириши, шунингдек, инсон шаъни, қадр-қимматига боғлиқ суд ишларидаги нозик талаблар борасида зарур маълумотларга эга бўлдилар. Ўз навбатида суд ходимлари ҳам журналистиканинг хос қирралари, айниқса, бадиий-публицистика жанрлари, уларнинг талабларидан тортиб, рост ахборот қудрати ва қуввати борасида етарлича тасаввур ҳосил қилдилар(-ов). Муҳими, икки соҳа муносабати ва ҳамкорлигида эътиборга олиш шарт бўлган омиллар масаласида фикрлар деярли бир нуқтада кесишди...
Айтилдики, суд ҳокимияти ва ОАВ бамисоли икки қирғоқ, улар бирлашса дарё суви қуриб қолиши тайин, бироқ ким қайси соҳилда бўлмасин, манзил — бир, мақсад — муштарак... Шу ва шу маънодаги бироз баланпарвоз, аммо ғирт самимий гаплардан бироз ҳаяжонга тушди чоғи, ҳалигина ўзининг ноҳақ ва нотўғри танқид қилинганидан астойдил ёзғирган Олий суд судьяси Шамсиддин Тожиев шартта сўз олди. Сўнг мамнуният билан шундай деди: «Боя журналистлардан бекорга хафа бўлибман, узр, энди тушундим: мени нотўғри танқид қилган мухбир эмас, блогер экан...».
Унинг бундай самимий иқроридан менинг кўзларимга ёш келди...
8
Мана энди гап бошида айтганимиз — «суд-суд ўйини»га изоҳ бериш фурсати етди, чамаси...
Ташкилотчилардан ҳисобланмиш «PearIs Analytics» раҳбари Шерали Рўзиев зап иш қилди-да. «Мингта шап-шапдан — битта чап-чап яхши» ҳикматига ҳурмати зўрлигидан бўлса керак, шов-шувли суд жараёнини ёритиш бўйича симуляцион ўйин ташкил қилиб, роллар танлашни журналист ва судьяларнинг ўзига ҳавола этди. Судланувчи ва жабрланувчи ролларини судьялар ўзига раво кўриши эҳтимоли пастлиги боис «Xabar.uz» ва «Daryo.uz» журналистлари дарҳол ташаббусни қўлга олди. Судья ва прокурор роли Олий суд ходимларига тақдим этилди...
Қисқа тайёргарликдан кейин «суд-суд ўйини» бошланди, жараён тасвирга олиниб, «суд залидан репортаж» шаклида ўша жойнинг ўзида ҳаммага намойиш этилди. Шу тариқа юзимизга «ойна тутилди»ки, ҳар ким ўзининг хато-камчиликларини илғаб олишида қийинчилик туғилмади.
Амалий машғулот дегани аслида шу!
Яна бир гап. «Ўйин»да иштирок этганлар ўз соҳаси бўйича қандай мутахассис экани ўз йўлига. Аммо рол ижро этган судья ва журналистларнинг актёрлик маҳорати Аҳад Қаюмдан бошқа режиссёрлар эътиборини ҳам тортгудек... Чўққисоқол Шекспирнинг гапи тўғри: «Ҳаёт — театр, одамлар эса актёрларга ўхшайди». Мана, ўзимиздан қиёс...
Турсунали АКБАРОВ,
«Xabar.uz»
P.S. Ёддан кўтарилибди, узр. Тадбирга таклиф этилганлар қуруқ борган бўлишса-да, қуруқ қайтишмади. Фаол иштирокчиларга Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов ўзгача мамнуният билан махсус сертификат топширди...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter