Қишлоқ хўжалигида замонавий тизим яратилади

Юртимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, унда самарадорлик ва экспортбопликни ошириш, аҳолининг томорқаларини ишга солиш борасида амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 14 февралдаги «Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва «Узагростар Холдинг» компанияси фаолиятини ташкил этиш ҳақида»ги қарори ана шундай ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди.
Юқоридаги қарор асосида янги ташкил этилган «Қува-Агро Стар» ва «Фарғона-Агро Стар» масъулияти чекланган жамиятлари Микрокредитбанкка ишшончли бошқарувга берилди.
Ушбу ихтисослашган компанияларнинг асосий вазифалари этиб, базавий ва қамраб олинадиган туманларда мавжуд томорқа ва ер майдонлари ҳажми, маҳаллалар ихтисослашуви, асосий экспорт йўналишлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда сифатли уруғ ва кўчатларни танлаш, олиб келиш ва уларнинг экилишини ташкил этиш, маҳсулот етиштириш ва қайта ишлашга халқаро стандартларни жорий қилишни молиявий қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари брендини яратиш, юқори қийматли бозорларни топиш учун етакчи тадбиркорлар, халқаро мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, яшил технологиялар асосида камида 1 гектаргача майдонда замонавий иссиқхоналар барпо этиш, агротуризмни ривожлантириш белгиланди.
Мевачилик ва кўчатчиликда янги лойиҳа
Компаниялар томонидан Фарғона ва Қува туманларида маҳаллалардаги аҳоли билан яқин ҳамкорликда, ҳоким ёрдамчилари кўмагида боғдорчиликка ихтисослашган ҳудудлар хатловдан ўтказилди. Томорқаларда мева ва гул кўчатлари етиштиришга алоҳида эътибор қаратилди. «Фарғона-Агро Стар» ва «Қува-Агро Стар» компаниялари маҳаллий ҳамда хорижий ҳамкорлар билан шартномалар имзолаб, ўрик, гилос ва бошқа меваларнинг юқори ҳосил берадиган навларини етказиб беришни йўлга қўйди.
Бундан ташқари, компаниялар кўмагида:
- Бешариқ туманида 86 нафар камбағал оилага 4 минг дона ўрик кўчатлари ҳомийлик асосида етказилди;
- Бухоро вилоятида 53 та маҳалладаги 380 та хонадонга 10 минг дона ўрик ва шафтоли кўчатлари тарқатилди;
- Фарғона вилояти Учкўприк туманида ижарага берилган 32,8 гектар ерда 100 нафар фуқаро иштирокида интенсив боғлар яратилмоқда.
Технология, билим ва рақамлаштириш – келажак пойдевори
Аграр соҳани юқори даражага олиб чиқиш учун инновацион ечимлар талаб этилади. Шу мақсадда, янги ташкил этилган компаниялар тупроқ таҳлили, селексия ишлари ва агротехник тадбирларни автоматлаштиришда Veris, Soilmeter, CropX каби замонавий сенсорлардан фойдаланишни режалаштирган.
Шунингдек, фермер ва деҳқонлар учун онлайн дарслар, мобил маслаҳат иловалари, иш режалари учун рақамли кундаликлар, ўқув видеолар ва интерактив платформалар ишлаб чиқилади. Калифорния университети, Корнелл университети ва БМТ ФАОси каби нуфузли ташкилотларнинг қўлланмалари ўзбек тилига таржима қилинади.
Молиявий қўллаб-қувватлаш ва экспорт салоҳият
Жорий йилнинг 1-чорагида Микрокредитбанк томонидан республикамиз бўйича 3 520 нафар аҳоли ва хўжаликларга мева етиштириш ва қайта ишлашга 45,5 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.
Шу билан бирга, Қува туманида 3 гектар майдонда яшил технологиялар асосида «Қува-Агро Стар» агрологистика маркази ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу марказда совутгич ва музлатгич омборлари, қадоқлаш ва қайта ишлаш сехлари, электрон савдо платформалари, экспорт учун сертификатлаш марказлари фаолияти йўлга қўйилади.
Компаниялар маҳаллий маҳсулотларни халқаро стандартларга мос равишда қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилишга кўмаклашади. Бунда Intertek, SGS Agriculture каби нуфузли халқаро компаниялар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Деҳқон хўжаликлари юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилиб, экспорт лицензияларига эга бўлади.
Хулоса ўрнида...
«Агро Стар» моделининг жорий этилиши нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг самарадорлигини оширади, балки аҳоли даромадини кўпайтириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш, илм ва технологияга асосланган қишлоқ ҳужалиги маҳсулотларини етиштиришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади. Янги тизимнинг қадамлари эса фермер ва деҳқоннинг ҳар бир томорқасини ишлаб чиқариш майдонига айлантиришни мақсад қилган.
Абдуғани Ачилдиев,
«Микрокредитбанк» АТБ Маҳаллабай ишлаш ва ҳудудий лойиҳаларни бошқариш департаменти директори ўринбосари
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter