Қизғин ёз: Beeline Uzbekistan Қорақалпоғистон ва Хоразмда мобил интернетни тезлаштирмоқда
Beeline Uzbekistan компанияси тармоқни кенгайтириш ва модернизация қилиш бўйича кенг кўламли техник ишларни амалга оширмоқда. Ёзнинг атиги икки ўтган ойи мобайнида — июнь ва июлда Қорақалпоғистон Республикасининг тўққиз тумани ва Хоразм вилоятининг беш туманида алоқа сифати яхшиланди.
Аксарияти юқори интернет тезлигига эга 4G/LTE стандартини қўллаб-қувватлайдиган янги база станцияларининг ишга туширилиши, шунингдек, аввал ўрнатилган қурилмаларнинг модернизация қилиниши мижозларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш имконини бермоқда.
Тармоқни модернизация қилиш ва янги база станцияларини ишга тушириш бўйича ишлар бутун мамлакат бўйлаб, жумладан, Ўзбекистон ҳудудининг 40 фоизини эгаллаган энг йирик ҳудуд — Қорақалпоғистон Республикасида ҳам амалга оширилмоқда. Ҳатто ҳаддан ташқари иссиқ об-ҳаво шароитларида ҳам — ёзда ҳаво ҳарорати кўпинча 45 даражадан ошади — Beeline Uzbekistan техник мутахассислари ҳафтада етти кун ишлайди. Натижада нафақат алоқа сифати яхшиланади, балки тармоқ қамровининг ҳудуди ҳам сезиларли даражада кенгаяди.
Масалан, Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай туманида жойлашган Жана Қалъа қишлоғи алоқа билан таъминланган. Туркманистон билан чегарадош бу чекка қишлоқда атиги 390 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Аҳоли сони кам бўлишига қарамай, Beeline Uzbekistan бу ерда база станциясини ўрнатган биринчи компания ҳисобланади.
“Техник мутахассисларимизнинг ҳаракати туфайли Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг 14 туманида алоқа сифатини яхшилашга эришдик. Биз барча мижозларимизни, қаерда бўлишидан қатъи назар, алоқа билан таъминлаш мақсадида, ҳатто чекка аҳоли пунктларида ҳам қамров ҳудудини кенгайтиришда давом этамиз”, — дейди Beeline Uzbekistan Ғарбий ҳудудий филиали директори Айбек Узоқов.
Қуйидаги шаҳар ва туманларда технологик тармоқни кенгайтириш ва модернизация қилиш ишлари амалга оширилди:
Қорақалпоғистон Республикаси — Нукус, Оқманғит, Беруний, Тўрткўл, Хўжайли ва Тахиатош шаҳарлари; Амударё, Беруний, Қўнғирот, Нукус, Тахиатош, Тўрткўл, Хўжайли, Чимбой, Элликқалъа туманлари;
Хоразм вилояти — Урганч шаҳри; Боғот, Урганч, Хонқа, Хива ва Шовот туманлари.
Beeline Uzbekistan янги база станциялари ўрнатилган манзиллар рўйхати билан батафсил компания сайтида танишиш мумкин.
***
Unitel МЧЖ 2006 йилнинг 12 сентябридан бошлаб Beeline Uzbekistan савдо белгиси остида хизматлар кўрсатиб келмоқда. Beeline Uzbekistan бош қароргоҳи Амстердам (Нидерландия) шаҳрида жойлашган VEON халқаро телекоммуникация холдинги таркибига киради.
VEON 6 мамлакатда 160 миллиондан ортиқ абонентга эга глобал телекоммуникация ва интернет хизматларини провайдери. Унинг акциялари NASDAQ ва Euronext Amsterdam фонд бозорларида жойлашган.
Beeline Uzbekistan'да 1,6 мингга яқин ходим ишлайди. 2006 йилдан буён Ўзбекистон бозорига кириши билан VEON мамлакат телекоммуникация соҳасига 1,4 миллиард АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритди. Unitel МЧЖ — Ўзбекистоннинг йирик солиқ тўловчи компанияларидан бири. Beeline СБ'нинг Ўзбекистондаги фаолияти давомида 2 миллиард доллардан ортиқ солиқ тўланган.
Сайт: beeline.uz
Facebook: @beeline.uz
Instagram: @beeline_uzbekistan
Telegram: @beelineuzbekistan
Twitter: @beeline_uz
LinkedIn: @beeline-uzbekistan
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter