Қоракўлдаги қора кун ёки амакиваччалар фожиаси
Қишнинг айни чилласида Қоракўл туманининг «Ўтиқ Дўрман» қишлоғида жойлашган «Қоровулбозор - оҳактош» масъулияти чекланган жамияти қурилиш объектида содир бўлган воқеа кўпчиликни қайғуга солди. Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди раиси Бобомурод Очиловнинг «Xabar.uz» га билдиришича, спиртли ичимлик таъсирида бўлган С.С.га нисбатан ўз амакиваччаси С.М.ни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдиргани сабабли 15 йил муддатга қамоқ жазоси қўлланилган.
«Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш), 2-қисмининг «ж» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор, деб топилди ва унга шу модда билан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Айбдор тайинланган жазони умумий колонияларда ўташи белгиланди. Ҳукмдан норози томонлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, ўн сутка ичида Бухоро вилоят суди апелляция судлов ҳайъатига апелляция тартибида протест киритиши мумкин»,-деди суд раиси.
Воқеага кўра, бир-бирига амакивачча бўлган – С.С., С.М. ҳамда С.Т.лар «Қоровулбозор - оҳактош» масъулияти чекланган жамияти қурилиш ташкилотида ишлаб келишган. Уларнинг яшаш манзили қурилиш объектидан узоқ масофада жойлашгани сабабли ишчилар яшаши учун мўлжалланган вагонда тунаб келишган.
Жорий йилнинг февраль ойи охирги кунида ушбу вагонда вақтинча яшаб келаётган амакиваччаларнинг ҳар бири 20 минг сўмдан йиғиб, спиртли ичимлик ва егуликлар харид қилишган. Ароқ тугагач, С.С. амакиваччаси С.М.га яна ароқ олиб келишни буюрган. С.М. буни рад этган. Спиртли ичимлик истеъмол қилмаган Т.С. ҳам акасига қўшилиб, бошқа ичмасликни таклиф берган. С.С. жанжал бошлаган. Ака-укалар жанжал авж олмасин учун яна 30 минг сўмдан пул йиғиб, яна спиртли ичимликлар ва егуликлар харид қилиб келишган. Орадан кўп ўтмай, Т.С. шу яқин манзилда жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида ижара уйи борлигини ва дам олиб, эрталаб ишга қайтишини билдириб, вагондан чиқиб кетган. Ёлғиз қолган С.С. ҳамда С.М.лар ичишда давом этишган. Яна ўртада жанжал келиб чиққан. Шунда С.С. жаҳл устида сув қайнаб турган тефаль билан С.Мнинг пешона, бурун, юз, лаб ва танасининг бошқа турли жойларига қасддан урган. Тунги ҳаво ҳарорати -30с бўлишига қарамай, С.С. оғир жароҳат олган амакиваччасини вагондан кўчага судраб чиққан. Ўзига ўзи ёрдам кўрсатишга қодир бўлмаган С.М.га яна кучли азоб-уқубатлар етказиш мақсадида унга нисбатан ўта шафқатсизликда давом этган. С.М.ни қасддан ўлдириб, мурдани кўчада қолдириб, ўзи яна вагон ичига кириб ётган.
Эрталаб тонг саҳарда қурилиш объектига ишга келган ишчилар ички ишлар органларига «одам ўлдириб кетилгани» юзасидан хабар беришган. Ҳолат юзасидан тезкор ишлар олиб борилган вақтда, С.С. ўз айбига иқрор бўлмаган. Амакиваччаси билан жанжаллашгандан сўнг спиртли ичимлик таъсирида бўлгани учун вагонда ухлаб қолганини, М.С.ни ўлдирмаганини қасддан яширишга уринган.
«С.М. суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, қайноқ сувда куйганидан ташқари, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия шиши, бош мия иккала томон яримшарлари гидромаси, бурун суяги ёпиқ синиши, пастки лабининг ўнг томон ташқи ва ички юзасидаги яраси, пешона соҳасидаги, ўнг ва чап қулоқ соҳаларидаги, бўйин соҳаси олд пастки қисмидаги, ўнг ва чап елка соҳаларидаги, чап қулоқ, ўнг ва чап тирсак, чап сон, чап елка юқори учли ташқи юзасидаги, ўнг ва чап тизза, чап оёқ панжа кафт ташқи юзасидаги шилинмалари» ташхиси билан вафот этган. Суд-тергов ҳаракатлари давомида эса С.С. томонидан амакиваччаси С.М.нинг шафқатсизларча ўлдиргани очиқланди»,-деди суд раиси.
Маълум бўлишича, судда марҳумнинг онаси соғлиги ёмонлашгани сабабли қатнаша олмаган. У, аслида, қайнжиянининг онасиз улғайганини, шунинг учун ҳам ўғли С.М. амакиваччаси С.С.га нисбатан меҳрибон ва беозор бўлганини ҳамда ўғлининг қотилига айланган қайнжиянига нисбатан даъвоси борлигини ва қилмишига яраша жазо беришларини сўраган.
С.С. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг «ж» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор, деб топилган ва унга шу модда билан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ўз амакиваччасининг қотили тайинланган жазони умумий колонияларда ўтайдиган бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter