Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистон шаънига ножўя гаплар айтган россиялик журналистнинг мамлакатга кириши тақиқланади

Қозоғистон шаънига ножўя гаплар айтган россиялик журналистнинг мамлакатга кириши тақиқланади

Тигран Кеосаян.

Фото: «o-krohe.ru»

Россия пропагандасининг яловбардорларидан саналган журналист Тигран Кеосаяннинг Қозоғистонга кириши тақиқланади. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айбек Смадияров маълум қилди.

«Россиялик журналист Тигран Кеосаяннинг ҳақоратли ва нохолис сўзлари ҳайратланарли. Унинг баёнотида Россия жамияти ва сиёсий тузумининг маълум бир қисмининг қарашлари акс этиши мумкин, аммо бу мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик руҳи ва мазмунига, давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларга тўғри келмайди. Бундай сўзлар яхши қўшничилик муҳитига салбий таъсир кўрсатади ва стратегик шериклик мухолифларига қўл келади. Ўйлайманки, у Қозоғистонга кириши мумкин бўлмаган шахслар рўйхатига киритилади», – деди Қозоғистон ТИВ вакили.

Қозоғистон ТИВ матбуот котиби Айбек Смадияров. Фото: «Казинформ»

Украина урушини тиш-тирноғи билан ҳимоя қилиб келаётган Тигран Кеосаян YouTube каналида Қозоғистон шаънига номақбул сўзлар айтган.

Қозоғистонда 9 май паради, Георгий лентаси каби Кремль пропагандасининг муҳим унсурларига муносабатдан қониқмаган Кеосаян расмий Нурсултонга «Украинадаги вазиятни диққат билан кузатинг» дея пўписа қилган.  Пропагандачи журналист ўзининг жазавали чиқишида бошқа постсовет республикаларига ҳам таҳдидомуз огоҳлантириш берган.

Дарвоқе, жорий йил январь ойида «Russia Today» («Россия сегодня») давлат ахборот агентлиги бош муҳаррири, журналист Тигран Кеосаяннинг турмуш ўртоғи Маргарита Симоньян ҳам Қозоғистон ҳамда собиқ Иттифоқ давлатларининг мустақиллигини шубҳа остига олганди.

Россиялик айрим сиёсатдонларнинг Қозоғистонга «катта оғалик» руҳидаги даъвою иддаолари билан чиқиши янгилик эмас.

2020 йил декабрь ойида Россия давлат думасининг илм-фан ва таълим қўмитаси раиси Вячеслав Никонов 1-телеканалнинг «Большая игра» «Қозоғистон ҳудуди Россия ҳамда Совет иттифоқи томонидан берилган катта совғадир», – дея даъво қилганди.

2021 йилнинг январида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Egemen Qazaqstan» газетасида чоп этилган «Мустақиллик барчасидан қадрли» деб номланган мақоласида Россия юқори сиёсий доираларида бот-бот янграётган ҳудудий даъволарга муносабат билдирганди.

«Аждодлардан мерос бўлиб келаётган муқаддас заминимиз – бизнинг бебаҳо бойлигимиздир. Ушбу ҳудудни қозоқларга хориждан биров пешкаш қилмаган. Бизнинг бугунги тарихимиз 1991 ёки 1936 йиллар билан ўлчанмайди. Она халқимиз ушбу заминда Қозоқ хонлиги даврида, ундан аввалроқ Олтин ўрда, Турк хоқонлиги, хунлар ва саклар даврида умргузаронлик қилган. Мухтасар айтганда, тарихимиз илдизи қадим ўтмишга бориб тақалади», – деб ёзган эди Қ.Тўқаев.

Жорий йил январь ойида Қозоғистонда оммавий норозилик намойишлари бошланган кунларда ҳам бир гуруҳ россиялик депутатлар яна қўшни мамлакат ҳудудий яхлитлигига таҳдид солувчи баёнотлар берди.

C.Cалим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг