Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россия учун Жанубий Кавказда яна бир йўқотиш

Россия учун Жанубий Кавказда яна бир йўқотиш

Жанубий Кавказнинг геосиёсий артерияси деб аталадиган Зангезур йўлаги АҚШ назоратига ўтиши мумкин. Бу ҳақда Арманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Мнацакан Сафарян маълум қилган.

Ўтган ҳафта БААда учрашган Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян мазкур йўлакни очиш масаласини ҳам муҳокама қилган.

Арманистон бу борада аниқ келишув йўқлиги, аммо томонлар тил топиша олса, Зангезур йўлаги назорати АҚШга ўтишини айтмоқда.

Давлат департаменти бу хабарни на инкор қилган, на тасдиқлаган, фақат “АҚШ Жанубий Кавказда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаши”ни қайд этиш билан чекланган.

Таҳлилчиларга кўра, Зангезур йўлагини очишга оёқ тираб келган Арманистоннинг позицияси ўзгармоқда. Ереван иқтисодий интеграция жараёнларида фаол қатнашишни маъқул кўрмоқда.

Айни пайтда Боку ва Ереван Зангезур йўлагининг йўналиши эмас, балки ҳуқуқий мақоми борасида келиша олмаётир. Озарбайжон йўлак орқали Нахичеванга транспорт ва юклар Арманистон назоратисиз ўтиши кераклигини айтмоқда. Арманистон эса бунга қарши чиқмоқда.

Арманистонлик журналист Роман Багдасарянга кўра, Боку Зангезурни “йўлак” деб атайди, Ереван эса уни “йўл” деб ҳисоблайди. Яъни объектнинг “йўл” деб ҳисобланиши Зангезур устидан Арманистон суверенитети сақланиб қолишини англатади.

Россия Иккинчи Қорабоғ урушидан кейин ушбу йўналиш устидан назоратни сақлаб қолишга уринган эди. 2020 йилда Россия, Арманистон ва Озарбайжон томонидан имзоланган уч томонлама битимда ҳам шу кўзда тутилган. Зангезур йўлаги устидан назоратнинг АҚШ компанияларига ўтиши Россия учун Жанубий Кавказда яна бир йирик йўқотиш бўлиши аниқ.

Сўнгги вақтларда Арманистон Россия билан муносабатлари таранглашуви фонида Ғарб томон юз бурмоқда.

Москванинг Боку билан муносабатлари ҳам тобора совуқлашмоқда.

Экспертлар Нахичеван Мухтор Республикаси ва Озарбайжоннинг ғарбий вилоятлари ўртасидаги Зангезур йўлаги нафақат ҳудуднинг, балки бутун минтақанинг муҳим транспорт йўлаги бўла олишини айтиб келади. Ушбу йўлак туркий давлатларни бир-бири билан боғлашда ҳам муҳим ўрин тутади. Осиёдан Европага энг қисқа қуруқлик йўли ҳисобланган Зангезур транспорт йўлагининг очилишидан Ўзбекистон ҳам манфаатдор.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг