Россияда ҳарбий самолёт ҳалокатга учради
Россиянинг Иркутск вилоятида Ту-22М3 бомбардимончи самолёти ҳалокатга учради, деб хабар берди мамлакат Мудофаа вазирлиги. Вилоят губернатори Игор Кобзевнинг сўзларига кўра, экипажнинг тўрт аъзоси ҳимоя воситаларидан фойдаланган ва уларнинг барчаси тирик топилган.
Самолёт Иркутск шимоли-ғарбидаги Черемхово вилоятида қулаган.
«2024 йил 15 август куни Иркутск вилоятида Ту-22М3 самолёти режали парвозни амалга ошираётганда ҳалокатга учради. Экипаж тирик қолган. Уларнинг ҳаётига ҳеч қандай таҳдид йўқ. Самолёт кимсасиз ҳудудга қулаган. Дастлабки маълумотларга кўра, аварияга техник носозлик сабаб бўлган», — деди Мудофаа вазирлиги.
«Коммерсант» маълумотларига кўра, бомбардимончи Иркутск вилоятининг Усолский туманидаги Белая авиабазасидан ҳавога кўтарилган. Базада Ту-22М3 билан қуролланган авиация полки жойлашган. Маҳаллий ижтимоий тармоқларда хабар қилинишича, самолёт базадан ўнлаб километр узоқликда, Михайловка қишлоғи яқинида қулаган.
Россия Тергов қўмитасининг ҳарбий тергов органлари текширув ўтказмоқда, унинг натижаларига кўра, Жиноят кодексининг 351-моддаси («Парвоз қоидаларини бузиш») билан жиноий иш қўзғатилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter