Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сарғайган суратда қолган орзулар ва синган тақдирлар

Сарғайган суратда қолган орзулар ва синган тақдирлар

Фото: Xabar.uz

2013 йил. Бухоро шаҳридаги касб-ҳунар коллежларидан бирида таҳсил олаётган талабалар О.Р. бошчилигида уюшган гуруҳ тузиб, кўчадаги одамларни алдаш, телефон ва қимматбаҳо буюмларини тортиб олиш ҳамда зўравонлик орқали талон-тарож қилиш билан шуғулланишган. Улар ўғирланган буюмларни ўзгартириб сотиш орқали тез бойишга ҳаракат қилишган. Бу жараёнда назоратсизлик ҳамда атроф-муҳитнинг бефарқлиги уларнинг жиноятларини янада кучайтирган.

Охир-оқибат, гуруҳнинг қилмишлари фош этилган. “Универсиада-2013” муносабати билан таъмирланаётган талабалар ётоқхонасида иш олиб бораётган уста йигитлар ишдан сўнг ўз хоналарига қайтишаётганда, ариқ ичида ётган ҳамёнда телефон симкарталари ва фотосуратлар борлигига амин бўлишиб, бу ҳақда ички ишларга мурожаат қилишган. Топилган ашёвий далиллар орқали талабаларнинг жинояти исботланади. Суд ҳукмига кўра, О.Р. ва И.А. 4 йил 6 ойга, Н.Т. 4 йилга озодликдан маҳрум этилади. Д.Т. эса вояга етмагани учун ахлоқ тузатиш жазосига ҳукм қилинади.

Суд архиви ҳужжатларидаги сарғайган суратга узоқ тикилиб қолдик. Тўрт нафар талаба. Улар суратларга завқ билан кулган ҳолда тушишган. Тўртовлоннинг ҳеч бири бу сурат олинган куни бир неча ойдан кейин талабалар аудиторияси эмас, темир панжара ортига киришини билмасди. Бу суратдаги йигитлар ўшанда ҳали жиноятчи эмасди. Улар ҳали муҳандис, тадбиркор, ўқитувчи, яхши ота бўлиш имконига эга талабалар эди. Афсуски, бир неча дақиқалик бойлик васвасаси уларнинг қўлидан пулни эмас, ёшликни ўғирлаб кетди...

 ***

Орадан 13 йил ўтган. Уларнинг қамоқ жазоси тугаганига ҳам анча йиллар бўлган. Шунга қарамасдан, улар ҳалигача ҳукм қоғозида ҳеч қачон  ёзилмайдиган бир жазо -  йўқотилган ёшлик жазосини ўтаб келишмоқда эди.

Бизни уларнинг ҳар бирининг кейинги тақдири қизиқтирди.

«Онамнинг кўз ёши мени қамоқдан ҳам қаттиқроқ жазолади...»

Ҳовли эшиги олдида бир одам темир дарвозани пайвандлаётганди. Сочига эрта оқ тушган. Қўллари темирдан қорайган. Бизни кўриб, ишини тўхтатди.

- Ўтмишни сўраманг, опа..,-дея ўз ишида давом этди ва бироздан кейин яна ўзи гап бошлади,- Йўқ... Ёзинг. Балки, мени ўқиган бирорта бола мен босган йўлга кирмас...

Суд ҳужжатларига кўра, жиноят содир этилганда, О.Р. собиқ «тўдабоши» бўлган. Ҳозир пайвандчи. Кўзларида чарчоқ.

- Онамнинг кўз ёши мени қамоқдан ҳам қаттиқроқ жазолади...- дейди ишига шўнғиган кўйи. - Бугун одамларнинг кўзига тик қарашга ҳам ийманаман. - Ўша пайтда ўзимизни жуда «зўр», деб ўйлардик, - деб ҳикоя бошлади у.- Бир телефон... Бир костюм... Бир неча юз минг сўм... шу нарсалар учун одамларни ерга йиқитиб, тепардик. Бировнинг йиғиси бизга қизиқ эмасди. Қўлимизга тушган пулни омад, деб билардик. Энг қўрқинчлиси нима, биласизми? Ўша пайтда ўзимизни жиноятчи, деб ҳам ҳисобламас эканмиз. «Ҳамма қилиб юрибди-ку», - деб юрардик. Ҳатто, суд ҳукми чиққанида ҳам бу жазонинг асл оғирлиги нимада эканини тушунмаганмиз. Жазо муддати тўрт ярим йил, деган гапни эшитдим-у, «ўтиб кетар экан», деб ўйладим. Биринчи кечасиёқ, қамоқхона эшиги ёпилгандагина ҳаётим ҳам ёпилганини англадим. У ерда кун эмас, инсоннинг ичи эскираркан.

Суҳбатдош, ўша йилларни эслар экан, бир нуқтада овози бутунлай бўғилди.

- Курсдошларим диплом олди... Кимдир муҳандис бўлди, кимдир оила қурди. Кимдир фарзандли бўлди. Мен-чи? Мен эса темир эшиклар саноғини ёдлардим... Энг оғири, онамнинг йиғлаганини кўриш бўлган. Онам ҳар сафар келарди. «Болам, чида!»-дерди. Лекин, қайтиб кетаётганда, орқасига ўгирилиб йиғларди. Мен эса ҳеч нарса қилолмасдим. Йўлим кишанланган эди.

Қамоқдан чиққандан кейин ҳаёт ҳеч кимни қучоқ очиб кутиб олмас экан.  Ҳамма нарсани бошидан бошлашга тўғри келаркан. Иш сўраб кирсам, ҳужжатимни кўришади. «Судланганмисиз?» - дейишади. «Ҳа», дейман. Шундан кейин кўп жойда суҳбат тугайди. Бир пайтлар бир кунда «топган» пулларимни бугун ойлаб ҳам тополмайман.

О.Р.дан унинг «камерадош»лари ҳозир қаерда эканини сўраймиз. У И.А.нинг шу яқин манзилдаги қишлоқлардан бирида онаси билан умргузаронлик қилаётганини айтди.

Ёлғиз қолган эркак

- Мен ҳалигача уйланмаганман,-дейди И.А. ўйчан,- 2018 йил бошларида «жазо»имни ўтаб қайтдим. Аммо, онамнинг бормаган эшиклари қолмаганди ўшанда. Қиз томон аввал яхши гаплашади. Кейин ўтмишимни эшитади. Шундан кейин жимлик... Бир эмас, икки эмас, жуда кўп марта шу ҳолат такрорланди. Бева, фарзанди бор аёлларнинг ҳам эшигини қоқди онам... Аммо, йўқ, рози бўлишмади.... Қамоқ жазоси муддати тугаркан, лекин, унинг муҳри одамнинг пешонасидан осон кетмас экан... Бозорда аравакашлик қиламан.

Суҳбатдош ёшларга бировнинг бир соатлик бойлиги учун ўз умрини қурбон қилмаслигини, бир неча дақиқа давом этган жиноятлар учун бутун бир ёшликни бериш охири оғир оқибат эканини етказишимизни сўрайди.

-  Талабалик даврим темир панжара ортида ўтди. Акам ва опамлар бор. Аммо, уй-хўжалик ишларида ҳозир ҳам билиб-билмай, нимадир хатоликка йўл қўйиб қолсам, ҳалигача дакки ейман. Қамоқдаёқ, ўғриликни ташлаб чиққанман. Афсуски, нимадир йўқолиб қолгудек бўлса, ўзимга айтишмайди-ю, менга шубҳа билан қараб қўйишади. Бу одамга жудаям оғир тегади. «Сенлар мендан кўряпсанлар», деб бақир-чақир қиламан, урушаман... ва ўз хонамга кириб, эркак бўла туриб ҳам «ҳўнг-ҳўнг» йиғлайман. Ўша йўқолган нарсалари қаердандир чиқиб қолса, кейинчалик ҳам келиб кечирим сўрашмайди. Онам акам ва опамларга танбеҳ берса: «Ҳа, тўғри, биз хато қилдик. Аммо, ўғриликка оти чиққан-ку, одам ўйлайди-да..»- деб гапни бошқа ёққа буришади. Мен учун онамдан бошқа яқиним қолмаган... уям анча кексайиб қолган... Дўстларимнинг фарзандлари мактабга чиқяпти. Мен эса ҳали ҳам ҳаётимни қайта қуришга уриняпман. Энг оғири эса... Ҳар куни ойнага қараганимда, менга қараб турган одамни ўзим кечира олмайман, -ички бир оғриқ билан сўзлайди суҳбатдош.

Тўрт йиллик сукут...

Қамоқдан озод этилганига кўп йиллар бўлса-да, у одамнинг кўзларида қафаснинг совуқ темири қолиб кетгандай бўларкан. Гапирганда овози паст, жумлалари орасида узоқ сукутлар бор. Н.Т.нинг ҳикояси жиноят, жазо ва пушаймонлик ҳақидагина эмас, ота-ўғил муносабатларининг сукутда синган ва кечикиб очилган оғриқли саҳифаси ҳақида бўлди. У 4 йил қамоқда ўтирган. Жазони ўтаган.

- Аммо, энг оғир жазо мен учун 4 йил умримни темир темир панжаралар ортида ўтказганим эмас, уйга қайтган кунимда маълум бўлган машъум хабар бўлди. Мен қамоқда «Отам мендан юз ўгирган, хафа бўлган, шунинг учун лоақал, бир марта бўлса ҳам келмаган»,- деб ўйлаб юрган эканман. Бу фикр совуқ хоналар ичида менинг ич-ичимни куйдириб юборарди,-дейди.

Ўзининг айтишича, Н.Т. кечалар ухлолмаган, отаси кўз олдидан ҳеч кетмаган. Онаси ва яқинлари уни кўришга келишганда, отаси ҳақида сўрашганда, улар бир оғиз бу ҳақда гапиришмаган.

- «Ҳа, отам мендан хафа»,-деб ичикиб қўя қолардим. Менинг учун ҳар бир хат, ҳар бир қисқа хабар ҳам катта умид эди. Лекин, отамдан ҳеч нарса келмаганч, «Отам мендан юз ўгирган»,-деган хулосага келдим ва шу хулоса билан 4 йил қамоқда виждон азобида ёниб ўтдим. Афсус, афсус, ундан бир оғизгина узр сўрашга ҳам кеч қолганимни қамоқдан қайтган куним тушуниб етдим. Отам менга жазо тайинлангандан кейин бор-йўғи, йигирма кунча бу дардни юраги кўтара олган экан, холос. У вафот этган экан.

Суҳбатдошнинг айтишича, тўрт йил давомида онаси ундан бу оғир ҳақиқатни яшириб келган. Отаси вафоти ҳақидаги хабар ўғилга етказилмаган.

- «Онам кейинроқ, сени янаям синдиришни хоҳламадим, болам. Қамоқдаги одам учун отанинг ўлими ҳақидаги хабар икки карра оғир юк бўларди», - деди.  Кела солиб, кўзларим биринчи бўлиб, отамни излади. Саволларим жавобсиз жимлик ортида қолди. Онам эса фақатгина бир оғизгина: «Отанг сендан хафа эмас эди. Фақат юраги бу оғриқни кўтара олмади... »- дея олди, холос. Шу гап менинг тўрт йиллик оҳир тасаввуримни йиқитди, ер билан битта қилди.

Н.Т. бир муддат жим қолди. У кечирилиб бўлган, деб ўйлаган гуноҳлари учун энди кечирим сўрайдиган инсоннинг ўзи йўқ эди.

- Мен отамнинг хафалигини эмас, унинг сукутини кейин тушундим,-деди Н.Т.

 «Диплом ўрнига жиноят ишим қолди... »

Тўртинчи суҳбатдош Д.Т. – унга вояга етмагани учун ахлоқ тузатиш жазоси берилган.

- Энг ёши ва энг орзуси бори ўзим эдим. Тўғри, мен қамалмадим. Аммо, «ўғри», деган муҳр – вояга етмаганликдаги хатонинг умрбод сояси бўлиб қолди. Ахлоқ тузатиш жазосига тортилган ўша кунимдан бошлаб, ҳаётимда янги бир тартиб пайдо бўлди: ҳар кунги ИИБ назорати, ҳисобот, текширув ва энг оғири, одамларнинг нигоҳидаги ишончсизлик. Ўша пайтда ҳали мактаб ўқиши ёшида бўлсам ҳам бу воқеалар сабаб таълим йўлидан узилдим.  Тенгдошларим аввал касб-ҳунар коллежларини, кейин эса олийгоҳларни битиришди. Дипломли бўлишди. Тенгдошларим мактабни битириб, диплом олган, келажак режаларини тузган бир вақтда, мен ҳаётнинг бошқа томонида қолиб кетдим. Ўша муҳитдан чиқиб кетиш мен учун жуда қийин бўлган. Ота-онам ҳам хавотир билан мени ҳеч ёққа чиқармасди. Ҳар куни ўзимни қайтадан бошлашга уриниб кўрардим, лекин, атрофимдагилар мени яна ўша «ўғри» ҳолимда кўраверарди. Бу қанчалик азоб эди мен учун. Ҳар бир ҳаракат, ҳар бир қадамимни кимдир кузатаётгандек, гап-сўзлар мени таъқиб қилаётгандек, тенгдошларим устимдан мазах қилаётгандек туюлаверарди. Ана шу ички босим мени бир умрга емирди. Ҳамма мени ўтмишим билан ўлчайди. Ҳатто, ўзимни ўзим кечирган пайтларимда одамлар мени кечирмагандай бўлади,-дейди Д.Т.

Д.Т.нинг айни пайтда уч нафар фарзанди бор. У ота сифатида фарзандларига бошқача ҳаёт беришни хоҳлайди.

- Жиноят шу қадар оғир жазо эканки, узоқ йиллар ўтса ҳам доғини йўқотмас экан. Ҳатто, тенгдошлари билан сал тортишиб қолган болаларимга: «Сенинг отанг ўғри бўлган, зўравон бўлган!»-деган сигналлар келади. Ўзимга эса дипломи йўқ, расмий тажрибаси йўқ, дея иш берувчилар ҳам аввалги суд ёки назорат тарихи ҳақидаги маълумотларга таяниб, рад жавоб бериб келишди. Ким билан гаплашсам ҳам гапнинг охири бориб, барибир, ўша ўтмишга бориб тақалади. Мен ҳар доим тўғри яшашга, ўтмишни унутишга ҳаракат қилиб келаман, аммо, истайманми-йўқми, одамлар мени ўтмишни эслатишга мажбур қилади. Суд ҳукмидан кўра, ҳаёт ҳукми оғир жазо экан...

Ҳа, юқоридаги суҳбатдошларнинг айби суд ҳукмида битилган эди. Бироқ, ҳаёт ҳали ўз ҳукмини чиқармаганди... Яна ҳужжатларда муҳрланган ўша суратга кўз қадаймиз. Сарғайган излар: навқирон йигитлар ҳамон завқ билан кулиб туришибди. Ҳаммасининг кўзида орзу.  Ҳеч бири ўша суратга тушаётиб, бир неча ойдан кейин панжара ортига тушишини билмаган... Орадан ўн уч йил ўтди. Суд ҳукми ижро этилди. Аммо, ҳаёт ҳукми ҳали ҳам давом этмоқда...

Агар ўша кунларга қайтиш имкони бўлганида...?

О.Р.: Онамнинг кўз ёшини кўрмаслик учун қайтардим.

И.А.: Қўлимни телефонга эмас, китобга чўзардим.

Н.Р.: Отамни сўнгги марта бағримга босардим.

Д.Т.: Бир дақиқа тўхтардим. Балки, ўшанда бутун умрим ўзгармасди.

 - Сиз учун Баҳор?

О.Р.: У – орзулари бор талаба. Ҳаёт энди бошланаётган палла.

 - Сиз учун Ёз?

И.А.: Қамоқ. Иссиқ камералар, панжара, онанинг йўл кутиши.

- Сиз учун Куз?

Н.Р.: Озодлик. Аммо, ҳаётда ҳамма эшиклар ёпиқ. Иш йўқ, ишонч йўқ, келажак хира.

- Сиз учун Қиш?

Д.Т.: Пушаймонлик. Ҳаммаси тугамаган бўлса-да, ўтган йилларингни қайтариб бера олмас йўқотилган ёшлик.

Суҳбатдош: Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг