Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Севимли» телеканалининг Ислом цивилизацияси марказига туҳфаси

«Севимли» телеканалининг Ислом цивилизацияси марказига туҳфаси

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши ишлари якуний босқичда амалга ошириляпти. Айни вақтда марказ биносида қурилиш ва пардоз ишлари деярли якунланган бўлиб, экспозиция ва контент билан тўлдириш ишлари қизғин давом этмоқда.

Ҳозирда мамлакатимиз ва хориждан жалб этилган 2000 га яқин олимлар, мутахассислар, дизайнерлар, ҳунармандлар ва архитекторлар 800 дан зиёд лойиҳа устида фаол иш олиб боришмоқда. 

Бу борадаги ишларда муҳим ҳамкорлик ташаббуси хусусида ҳам алоҳида тўхталиш жоиз. Маълумки, Марказ музейи ва кутубхонасини контент билан тўлдиришда кўплаб вазирликлар ва идоралар иштирок этмоқда. Ўзбекистондаги энг оммавий телемедиа платформалардан бири — «Севимли» телеканали ҳам Президент ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида юртимиздаги энг машҳур ва нодир тарихий обидалар макетларини тайёрлаш ишларини амалга оширмоқда.

Телеканал ташаббуси билан 25 та энг муҳим тарихий обида макетлари Ислом цивилизацияси маркази музейига беғараз ҳадя сифатида тақдим этилиши режалаштирилган.

– Президентимизнинг ғояси асосида бунёд этилаётган ушбу марказ контентини бойитиш учун тарихий обидалар макетини яратиш билан ўз ҳиссамизни қўшишни мақсад қилдик. Макетлар устида иш жорий йил апрель ойида бошланган. Ҳар бир макетни яратиш жараёнида тарихий асослар, безаклар, меъморий услублар батафсил ўрганилаётгани, олимлар билан ҳамкорликда иш олиб борилаётгани ишимизга жиддий ёндашувдан далолат беради. Айни пайтда 4 та макет тўлиқ тайёр. Булар Сурхондарёдаги Фаёзтепа, Сополлитепа тарихий обидалари, Бухородаги Сомонийлар мақбараси, Мисрдаги буюк алломамиз Аҳмад Фарғоний томонидан бунёд этилган Нилометр макетларидир. Макетлар катта масъулият билан тайёрланмоқда. Ҳар бир объект муҳокамалар ва илмий хулосалар асосида яратиляпти. Айримлари якунланган, қолганлари ишлаб чиқариш босқичида. Биз Президентимизнинг бу буюк ғояларини ҳаётга татбиқ этишда  иштирок этишдан ғоятда мамнунмиз, –дейди «Севимли» телеканали директори Жалолиддин Сафоев.

Макетлар «Севимли» телеканали буюртмасига асосан «Артефакт» ташкилот томонидан яратилаётган бўлиб, бу жараёнга 15 дан ортиқ мутахассислар — техник ходимлар, моделлаштириш бўйича дизайнерлар жалб этилган.

Маълумот учун:
Ислом цивилизацияси маркази нафақат Ўзбекистон, балки бутун мусулмон оламидаги энг йирик илмий-маърифий мажмуалардан бирига айланиши кутилмоқда. Унда ислом илм-фани, маънавияти ва унинг дунё цивилизациясига қўшган улкан ҳиссаси замонавий визуал, интерактив ва илмий воситалар орқали намоён этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг