Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шифо истаб келган танбаллар

Шифо истаб келган танбаллар

Мен қабулимга келган инсонлардан ҳаётида қандай ўзгаришлар юз бергани ҳақида сўрасам, улар ҳеч нарса ўзгармаганини таъкидлашдан чарчашмайди. Уларга вазифа бераман: «Ҳар кунингизда шукр қилишга арзийдиган ўнта воқеани топиб келинг», дейман. Ишонасизми, кўпчилиги бу ҳақда гапириб ҳам бера олмайди. Ҳатто бир йил давомидаги ижобий ўзгаришларни ҳам санаб беришга қийналишади. «Қандай ютуқларга эришдингиз?» деб сўрасам, йил бўйи ҳеч нарса қилмаганликларини айтишдан нарига ўтишмайди.

Ваҳоланки, шукроналик ҳиссини туйиш учун сабаблар жуда кўп. Ҳатто бирор ширин таом тайёрлаб, оила аъзоларимизга тақдим этиш орқали ҳам кичик бир хурсандчиликка сабабчи бўлишимиз мумкин. Фарзандлар тарбияси билан шуғулланиш ҳам, назаримда, катта ютуқ.

Қабулимга келган беморларнинг жисмоний ҳолатидаги ижобий ўзгаришларни таъкидлаганимда ҳам улар буни тан олишни исташмайди. Масалан, бир ҳафта давомида иштаҳаси яхшиланган, моддалар алмашинувида ижобий ўзгаришлар кузатилган беморга: «Сизнинг ҳолатингизда анчагина ижобий ўзгаришлар бор», десам ҳам, у бундан қониқиш ҳосил қилмайди. Аксинча, янада яхши бўлиши кераклигини айтади.

Ҳаётдан нолиб яшашга одатланган одамнинг онгига вақт ўтиши билан шундай қарашлар чуқур сингиб кетиши мумкин. Айримлар доимий шикоят қилишни одатга айлантириб, гўёки шикоят қилмаса, аҳволи янада ёмонлашадигандек яшайди. Атрофдагиларнинг раҳми ва ачиниши туфайли доимий ёрдамга таяниш эса бундай инсонларнинг мустақил ҳаракат қилиш истагини сусайтириши мумкин.

— «Эрим йўқ, пулим йўқ, ишлашга эса жисмоний ҳолатим йўл қўймайди. Беш нафар болани катта қиляпман. Ёрдам беринг», деб бир аёл қабулимга кириб келди.

Мен унга: «Майли, қабул учун сиздан пул олмайман. Саломатлигингизни тиклашга ёрдам берадиган машқларни ҳам бепул ўргатаман», дедим. Аммо у: «Бундай машқларни бажаришга ҳолим етмайди, бошим оғриб қолади», деб жавоб берди. Оқибатда ўргатган машқларимни шу кунгача бажармади.

Бирор ишни бажармаслик учун баҳона топиш жуда осон. Ўзгаларда ачиниш ҳиссини уйғотиб, уларнинг ёрдамига таяниб яшаш эса баъзан инсон учун қулай йўлга айланиб қолади. Бундай ҳолатлар нафақат аёллар, балки эркаклар орасида ҳам учрайди.

Бир куни қабулимга бир эркакни олиб келишди. Унга руҳий ҳолатнинг саломатликка таъсири ҳақида гапирсам, «Бу нима деганингиз? Менга дори бериб, даволанг», деб зарда қилди. Унинг саломатлигини тиклаш жараёнида ўзи ҳам фаол иштирок этишни истамаётганини англадим. Гўёки кимдир унга тайёр саломатликни ҳадя қилиши керак эди.

Мен эркакнинг қўлига қоғоз ва қалам бериб:

— Ёзинг, — дедим.

У эса:

— Қандай қилиб ёзаман? Ахир, мен касал бўлсам, нега ёзишим керак? — деб жаҳл қилди.

— Сиз соғлом бўлишни истайсизми? Унда мен айтган гапни ёзинг: «Мен соғлом бўлишни хоҳлайман», — дедим.

Ишонасизми, у ҳатто ёзишни ҳам ўзига эп кўрмади. Шунда унга:

— Ёзишни истамасангиз, ортимдан қайтаринг, — дедим.

У рози бўлди. Мен эса қуйидаги гапларни айта бошладим:

— Менга касал бўлиш ёқади. Чунки тўрт йилдан бери фарзандларимни парвариш қилмаяпман. Бу ишни тўртта ака-укам бажаришяпти. Ҳар йили мени икки марта Тошкентга даволаниш учун олиб келишади. Уларнинг пули сарф бўлади, менинг эса ўз пулим кетмайди...

Шунда эркакнинг жаҳли баттар чиқиб, уни мазах қилаётганимни айтиб, мени айблади.

Мен унга шундай дедим:

— Сиз соғлом бўлиш учун ҳатто қўлингизга қоғоз-қалам олиб, ўз ниятингизни ёзишни ҳам истамаётган экансиз. Соғлом бўлишни истаган инсон бу йўлда ўзи ҳам ҳаракат қилиши керак. Сиз учун ким меҳнат қилади? Ҳатто ўз ниятингизни ҳам бошқалар амалга оширишини хоҳлаяпсиз. Ака-укаларингиз, фарзандларингиз сизнинг ўрнингизга ҳамма ишни бажаришлари керакми?

Тўрт кундан кейин бу эркакнинг ҳолатида айрим ўзгаришларни сеза бошладим. Унинг ўз саломатлигига муносабати ўзгараётгани, соғлом бўлиш йўлида ўзи ҳам ҳаракат қилиши кераклигини тушуниб бораётгани сезиларди.

Соғлом бўлиш ўзининг қўлида эканлигини тушуниб етишининг ўзиёқ хаста одамнинг жисмоний ҳолатида ижобий ўзгаришлар юз беришига сабабчи бўлади.

Бахтинисо Азимбоева

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг