Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шинжон ўлкасида рўза тутишга чеклов ўрнатилди – ОАВ

Шинжон ўлкасида рўза тутишга чеклов ўрнатилди – ОАВ

Фото: AFP

Хитойнинг Шинжон уйғур мухтор ўлкаси маъмурияти Рамазон рўзаси бўйича чекловлар жорий этди, деб хабар беради TRT нашри.

Ҳар бир шаҳар бўйича 10 нафардан 50 нафарга қадар мусулмонга рўза тутишга изн берилган. Урумчи, Кошғар, Хўтан каби шаҳарлар маъмурияти ана шундай қарор қабул қилган. Айни чоқда, рўза тутувчилар маҳаллий ҳокимият ёки полицияда ҳисобда туриши белгиланган.

«Шарқий Туркистон» ҳам деб аталадиган минтақада 11 миллионга яқин уйғур ва бошқа туркий элатлар яшайди.

Халқаро ташкилотлар Шинжон маъмурияти бир неча йилдан бери мусулмон элатларга Рамазон ибодатларини адо этишга тўсқин қилиб келишидан хавотирда. Хусусан, Amnesty  International ҳисоботида Пекин ҳукумати рўзани «экстремизм белгиси» деб ҳисоблаши баён этилган.

АҚШ давлат департаментига кўра, Хитой томони Шинжонда яшовчи 800 мингдан 2 миллионгача уйғур, қозоқ ва бошқа миллатларга мансуб мусулмонларни лагерларда тутқунликда сақламоқда. Судсиз, терговсиз жорий этилган ушбу жазо усули маҳаллий мусулмонларни ўз дини ва миллий ўзлигидан маҳрум этиш ва тўлиқ хитойлаштиришга қаратилган. Давлат департаменти ҳисоботида лагерларда руҳий ва жисмоний зўравонлик авж олгани, шинжонлик мусулмонлар намоз ўқигани ёки рўза тутгани учунгина жазоланаётгани хабар қилинган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳам Шинжон ўлкасида яшовчи мусулмонлар халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда тутқунликда сақланаётганини қоралаган.

2020 йили АҚШ президенти Дональд Трамп уйғур ва бошқа мусулмон озчилик ҳуқуқларини бузгани учун Хитой расмийларига нисбатан санкция жорий этишни кўзда тутувчи қонунни имзолаган. Унга кўра, Шинжондаги мусулмон элатлар ҳуқуқларини бузишга алоқадор бўлган ташкилот ва шахсларнинг маблағлари музлатилади, уларнинг Қўшма Штатлар ҳудудига кириши чекланади.

2021 йил июнь ойида Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Шинжондаги қатағон сиёсати хусусида тадқиқот эълон қилган. Ташкилот бош котиби Аньес Калламар мусулмон этник озчиликларга нисбатан уюштирилган оммавий қамоқ, қийноқ ва таъқиблар инсониятга қарши жиноят деб баҳоланиши лозимлигини таъкидлаган.

Хитой эса ёпиқ лагерларда уйғурлар ва бошқа кам сонли миллатларга мансуб мусулмонлар қийноққа солинаётганини инкор этади. Қайд этилишича, экстремизмга мойил аҳолини қайта тарбиялашга йўналтирилган таълим ва касб-ҳунар марказлари фаолияти янглиш талқин қилинмоқда. Расмий матбуот Рамазон рўзасига доир тақиқ мавжудлигини ҳам рад этган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг