Суд мустақиллиги – ҳуқуқий давлатнинг таянчи

Жамият тараққиёти ҳуқуқий муносабатларнинг такомиллашувини талаб этади. Айниқса, юзага келадиган низолар бўйича қонуний ва адолатли қарорлар қабул қилишда ҳал қилувчи ваколатга эга бўлган суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллиги – ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг асосий белгисидир. Бу зарурат, ўз навбатида, судьянинг фақат ўзининг ички ишончи ва қонун асосида якуний қарор қабул қилиши учун зарур шарт-шароитларни қонун даражасида кафолатлашни талаб қилади.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида, Конституциямизда суд ҳокимиятининг мустақиллиги алоҳида принцип сифатида мустаҳкамланди. Бу борада, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида судьялар ҳамжамияти фаолиятини такомиллаштириш, унда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш устувор вазифа сифатида белгилаб қўйилгани бежиз эмас.
Президентимиз 2024 йил 19 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисидаги нутқида, суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш учун амалий механизмларни таклиф этди. Хусусан, у Судьялар олий кенгаши аъзоларини Сенат томонидан сайлаш амалиётини жорий этишни олқишлар экан, Сенат қўмиталарида номзодларнинг фаолиятини ўрганиш ва баҳолаш, хулоса бериш жараёнларини йўлга қўйиш зарурлигини қайд этди. Шу билан бирга, суд тизимини молиялаштириш жараёнида ҳам судьялар ҳамжамияти иштирокини кафолатлайдиган қонунлар қабул қилиш вақти келганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, суверен ва демократик давлатда судьянинг фақат қонунга бўйсуниб, мустақил қарор қабул қилиши ҳуқуқий давлатнинг барқарорлиги ва адолатли жамият қурилишида муҳим омил ҳисобланади.
Халқаро миқёсда ҳам суд мустақиллигига катта эътибор қаратилади. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1985 йилда қабул қилинган “Суд тизими мустақиллигининг асосий принциплари”да ҳар бир давлат ўз суд тизимининг мустақиллигини кафолатлаши ва ҳимоя қилиши шарт экани, судья шахсига ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлиги белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (OECD) Истанбул ҳаракатлар режасининг мониторинг натижаларига кўра, Ўзбекистонда судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш принципларини кенгроқ татбиқ этиш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлаш ва бу орқали коррупцияга қарши курашни самарали ташкил этиш зарурлиги таъкидланган.
Суд мустақиллиги инсон ҳуқуқ ва эркинликларига дахл этувчи масалаларни ҳал этаётган судьялар фаолиятига ҳар қандай ташқи таъсирларнинг йўқлигини кафолатлаши керак. Судья ишни кўриб чиқишда фақат қонун ва ўз ишончига таянади.
Тарихий жиҳатдан ҳокимиятлар бўлиниши тамойили асрлар давомида шаклланиб келган бўлиб, бугунги кунда суд ҳокимияти ижро ва қонун чиқарувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялар ва жамиятнинг бошқа институтларидан мустақил равишда фаолият юритиши кераклиги умумэътироф этилган қоидани ташкил этади.
Масалан, Франция Конституциясининг 64-моддасига кўра, судьялар Президент томонидан Магистратура олий кенгаши тавсиясига асосан тайинланади ва Президент суд мустақиллигининг кафолатчиси ҳисобланади. Германия Конституциясида судьялар фақат қонунга бўйсунувчи мустақил шахслар сифатида белгиланган. Словенияда эса судьялар фақат Конституция ва қонунлар асосида иш юритишлари лозимлиги аниқ ёзилган.
Суд тизимининг институционал ва шахсий мустақиллиги қуйидаги омиллар билан баҳоланади: судьялик мақомининг кафолатланганлиги, иқтисодий ва ижтимоий ҳимоянинг мавжудлиги, дахлсизлик ва тайинлаш жараёнида ҳар қандай аралашувларнинг олдини олиш.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 130-моддасида Ўзбекистонда суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимиятларидан тўлиқ мустақиллиги қатъий белгиланган. Шунингдек, барча судлар томонидан чиқариладиган қарорлар “Ўзбекистон Республикаси номидан” қабул қилиниши — суд ҳокимиятининг давлат номидан қарор чиқараётганини англатади.
Судьянинг ягона раҳбари – Қонун бўлиши керак. Судья мустақиллигига тажовуз этувчи ҳар қандай ташқи таъсирлар Конституциявий тартибда чекланиши лозим.
Шу билан бирга, судьяга нисбатан интизомий таъсир чоралари қонуний ва адолатли эканини баҳолайдиган мустақил механизмларни жорий этиш, судьянинг дахлсизлигини кафолатлайдиган тизимнинг ажралмас қисмидир.
Суд мустақиллигини таъминлаш нафақат судьяларга тенглик асосида қарор қабул қилиш ҳуқуқини беради, балки уларга қонунийликдан чекинишга олиб келувчи ҳар қандай ҳаракатлардан воз кечиш масъулиятини ҳам юклайди.
Бу борада “Судлар кодекси”ни қабул қилиш – судьяларни сайлаш институтини жорий этиш, уларнинг мақоми, дахлсизлиги ва интизомий жавобгарликка оид шикоятлар тартибини белгилаш, судьялар ҳамжамияти фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш билан бирга, маъмурий, фуқаролик, жиноий ва иқтисодий соҳаларда қонун ҳужжатларининг уйғунлашувига хизмат қилиши мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар бир демократик давлатда суд ҳокимиятининг мустақиллиги – унда қонунийлик қанчалик мустаҳкам эканининг энг муҳим индикаторидир. Ўзбекистонда бу принциплар нафақат Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган, балки амалий ислоҳотлар орқали ҳаётга тадбиқ этилаётгани ҳам, ҳуқуқий давлат пойдевори бунёд этилаётганидан далолат беради.
Хумоюн Саломов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти етакчи илмий ходими
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter