Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таниқли генерал Украинага кўмак борасида сусткашлик қилаётган икки давлатни айтди

Таниқли генерал Украинага кўмак борасида сусткашлик қилаётган икки давлатни айтди

АҚШнинг Европадаги қўшинлари собиқ қўмондони, истеъфодаги генерал-лейтенант Бен Ҳожес Қўшма Штатлар ва Германияни Украинага кўмак борасида сусткашлик қилишда айблади.

Der Tagesspiegel газетасига интервью берган собиқ қўмондон Украина қарши ҳужумда муваффақиятсизликка учрагудек бўлса, бунинг учун АҚШ ва Германия ҳукумати масъул бўлишини айтган.

«Ғарб Украинанинг ғалаба қозонишини истайдими? Бунга менинг ишончим тобора сўниб бормоқда», – деб таъкидлаган Бен Ҳожес.

Вашингтон куни кеча F-16 қирувчи учоқларини Украинага йўллаш борасида Нидерландия ва Данияга рухсат берган.

Аммо ҳарбий кўмак ҳал гал пайсалга солинаётгани қатъиятсизлик ва сусткашликдан далолат беради, деб ҳисоблайди АҚШнинг Европадаги қўшинлари собиқ қўмондони.

Ўз навбатида, Германия томонидан узоқ масофага учувчи Taurus қанотли ракеталарини бериш ҳам ортга сурилмоқда.

Қайд этилишича, икки давлат қатъият кўрсатса, муваффақиятсизликнинг олдини олиш мумкин.

Бен Ҳожес фикрича, Украина қуролли кучларининг қарши ҳужумда қўли баланд келиши учун уларга узоқ масофада аниқ зарба берувчи қуроллар етказилиши керак. Шу тариқа Киев рақибнинг артиллерияси, логистика ва транспорт инфратузилмасини сафдан чиқаради. Пировардида, Россия ҳарбийлари Қримдан ҳам чекинади.

Айни пайтда Владимир Зеленский маъмурияти Ғарб мамлакатларидан жанговар қирувчи самолётлар сўрамоқда.

Украина қуролли кучлари босиб олинган ҳудудларни қайтариб олиш мақсадида июнь ойида қарши ҳужум бошлаган. Қарши ҳужум кутилганидан секин кечаётгани сабабли унинг якуни борасида уч сценарий муҳокама этилмоқда.

Бир муддат аввал Бен Ҳожес Ғарб мамлакатлари Украинага ҳозирги суръатда ҳарбий кўмак кўрсатса, Россия қўшини устидан ғалаба чўзилиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Таъкидланишича, агар Ғарб Украинага қирувчи учоқларни тез фурсатда тақдим этса, жорий йилдаёқ Киевнинг қўли баланд келиши, ҳатто Донбасс ва Қримни ҳам қайтариб олиши мумкин.

Тажрибали генерал, шунингдек, Украина қўшини Россия ишғоли остидаги Қрим яриморолини озод қилиши шартини ҳам очиқлаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг