Тасвирий санъат галереясидаги пресс-тур: сара асарлар жамланган маскан билан танишув (видео)

Юртимизнинг барча масканлари қаторида Тошкент шаҳри ҳам мамлакатимиз чиройидан баҳраманд бўлиш истагида ташриф буюраётган сайёҳлар учун ўзига хос бой тарихий мерос, муҳташам обидалар, замонавий архитектуранинг ўига ҳос ечимларини ўзида акс этган бинолар, мухтасар айтганда бой тарихий мерос жамланган манзил ҳисобланади.
Ўзбекистон Тасвирий санъат Галереяси томонидан ташкил этилган пресс-турдан кўзланган асосий мақсад ҳам мазкур Галереяни келгусида туризм учун муҳим маданий локацияга айлантиришдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги қошидаги туризмни ривожлантириш институти вакиллари, туристик агентликлар гидлари ҳамда ОАВ иштирокида ўтказилган пресс-тур давомида, Галереянинг фаолияти, бугунги кунда ушбу масканда ташкил этилган кўргазмалардан ўрин олган санъат асарлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзбек халқининг бой бадиий меросини сақлаш, тасвирий санъат асарларини тўплаш ва ютуқларини тарғиб қилишга қаратилган маданий-маърифий муассаса кенг жамоатчиликни мамлакатимиз ва хорижий мамлакатларнинг бой бадиий маданияти билан таништириб келади. Галерея биноси барча замонавий дунё музейлари тажрибаси талабларига жавоб берувчи ва Марказий Осиё худудида ўхшаши йўқ ноёб объектлардан ҳисобланади.
Пресс-тур давомида иштирокчилар муассаса фаолияти ва Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан очилган «Ўзмиллийбанк» АЖ тўпламидан асарлар кўргазмасининг бир қисми, Ўзбекистон Бадиий Академиясининг академиги Марина Бородинанинг Литосфералар» кўргазмаси, «Ипак йўли. Италия замонавий санъати ва рассомлари» замонавий санъат кўргазмаси билан танишди.
«Ўзмиллийбанк» АЖ экспозициясида замонавий ўзбек рассомлари ва ҳайкалтарош ижодкорлари томонидан яратилган сара асарлар кўргазмасининг бир қисми намойиш этилган.
Асарлари намойишга қўйилган Марина Бородина Ўзбекистондаги серқирра ҳайкалтарошлардан биридир. У кучли, фаол, ўзига хос фикрлаш қобилиятига эга. У аниқ мезон, қолипларга боғланиб қолмайди, аксинча бадиий тенденцияларни шаклланишига, санъат оқимига таъсир этувчи ва ибрат бўлувчи ижодкордир. 2005 йилдан ҳозирги кунга қадар – Тошкент архитектура-қурилиш институтининг «Архитектура муҳитини лойиҳалаш» кафедраси ўқитувчиси, ёшлар кўргазмалари ташкилотчиси, республика ва халқаро архитектура лойиҳалари танловларининг лауреати.
1992 йилдан Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, кўплаб республика ва халқаро кўргазмалар иштирокчиси.
«Ипак йўли. Италия замонавий санъати ва рассомлари» замонавий санъат кўргазмаси Италия Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик Вазирлиги, Гаруццо тасвирий санъат институти (ИГАВ) ва Ўзбекистон тасвирий санъат Галереяси билан ҳамкорлигидаги лойиҳаси бўлиб, у энг йирик кўргазма ҳисобланади. Пресс-тур иштирокчиларига айни кўргазма хусусида ҳам кўплаб маълумотлар берилди.
Мазкур кўргазма ҳаёт моҳиятини англашга бағишланган ва у яқин тарихдаги италъянча бадиий ғояларни ўзида ифодалайди. У ўттиз саккизта юқори даражадаги санъат асарларидан ташкил топган ва улардан саккизтаси Фарнезина коллекциясига тегишлидир. Асарлар Римдаги Ташқи ишлар Вазирлигида намойиш этилган. Кўргазма Ипак йўлининг қадимий карвон йўлларини мукаммал тарзда такрорлайди, у Киев, Анқара, Тбилиси ва Тошкентдан ўтиб, Хитой мамлакатининг Пекин, Чунцин, Сиан манзилларига етиб боргунга қадар ўз йўлини давом этади ва бу йўналиш 2022 йилда Хитойда «Италия-Хитой маданияти ва туризми» йили доирасидаги байрамона тадбири билан якунланади. Саёҳат ўттиз минг километрлик масофани ўз ичига олиб, худди ўтмишдагидек Шарқ ва Ғарб мамлакатларни ўзаро боғлайди, шу билан бирга ўша буюк йўлни энг юксак натижалар ва муваффақият билан қайта тиклайди.
Кўргазма Италия ва Ўзбекистон ўртасидаги муттасил ривожланиб бораётган алоқаларнинг намойишидир.
Пандемия сабабли санъатнинг тарқалиши бироз мураккаблашди. Фақат виртуал тарзда ўрганиш мумкин бўлиб қолди. Ана шундай вазиятда асарлар олиб келиниб, намойиш этилиши санъат ихлосмандлари учун муҳимдир.
Пресс-тур давомида Тасвирий санъат галереясида намойиш этилаётган барча асарлар ҳақида тўлиқ маълумот берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter