Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Тахтиқорача» довонида туннел қурилиши бўйича музокаралар бошланди

«Тахтиқорача» довонида туннел қурилиши бўйича музокаралар бошланди

Фото: Китоб тумани ҳокимлиги.

«Тахтиқорача» довонида туннел қуриш бўйича музокаралар бошланди. Бу ҳақда Китоб тумани ҳокимлиги хабар бермоқда

Давлат раҳбарининг Қашқадарёга ташрифлари давомида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси доирасида «Тахтиқорача» довонида замонавий туннел қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича амалий ишлар босқичма-босқич давом эттирилмоқда.

Мазкур йўналишда бугун Китоб тумани ҳокимлигида туман ҳокими Рустам Ғофуров ҳамда Япониянинг нуфузли халқаро ташкилоти — JICA (Japan International Cooperation Agency) вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида довонда узунлиги 7 километр бўлган туннел қурилиши юзасидан хорижий компаниялар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа таклифлари ва тақдимотлари кўриб чиқилди. Томонлар лойиҳа доирасида замонавий муҳандислик ечимлари, хавфсизлик талабларига мос инфратузилма яратиш ҳамда транспорт қатновини янада қулайлаштириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, ушбу йирик инфратузилма лойиҳасининг амалга оширилиши ҳудудлараро транспорт алоқаларини сезиларли даражада яхшилаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда иқтисодий фаолликни оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Учрашув якунида томонлар лойиҳа юзасидан ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олдилар, дейилади хабарда. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг