Тошкент вилоятига янги прокурор тайинланди

Бугун, 19 июль куни Тошкент вилоятига янги прокурор тайинланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилишларича, Ўзбекистон Бош прокурорининг буйруғига мувофиқ Раҳматов Шавкат Тўрақулович Тошкент вилояти прокурори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган. Янги прокурорни жамоага шахсан Бош прокурор Отабек Муродовнинг ўзи таништирган.
2018 йилнинг 13 июль куни Тошкент вилояти прокурори Баҳодир Пўлатов Сурхондарё вилоятига ҳоким этиб тайинланганидан сўнг ушбу лавозим бўш қолаётган эди.
Шавкат Раҳматов 1970 йили Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида туғилган. 1988—1995-йилларда Тошкент давлат университетида таҳсил олган. Фаолиятини 1995 йили Янгийўл шаҳар прокуратурасида бошлаган.
Ўтган йиллар мобайнида Бўстонлиқ тумани прокурорининг ёрдамчиси, Зангиота тумани прокуратураси терговчиси, прокурорнинг катта ёрдамчиси, Тошкент вилояти прокурорининг кадрлар бўйича ёрдамчиси, Бош прокуратура иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бош бошқармаси прокурори, Бош прокурорнинг алоҳида муҳим топшириқлар бўйича ёрдамчиси, Тошкент вилояти прокуратураси ички ишлар вазирлиги органларида қонунлар ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи, Бекобод тумани прокурори, Бош прокуратура фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, транспорт, қурилиш соҳаси ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг суриштирув бўлими бошлиғи каби вазифаларда ишлаган.
Янги вазифага тайинлангангунга қадар у Тошкент вилояти прокурорининг ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter