Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Трамп: «Душанба куни Россия борасида муҳим қарорни қабул қиламан»

Трамп: «Душанба куни Россия борасида муҳим қарорни қабул қиламан»

АҚШ президенти Доналд Трамп Россия-Украина уруши ҳолатини изоҳлар экан, Россиядан ҳафсаласи пир бўлганини айтди.

«Россиядан ҳафсалам пир бўлди, лекин яыин икки ҳафта ичида нима бўлишини кўрамиз», – деди Трамп 10 июл куни NBC News телеканалига берган интервюсида.

«Ўйлайманки, душанба куни (14 июль) Россия борасида муҳим қарорни қабул қиламан», – деди АҚШ президенти ва бу ҳақда батафсил маълумот беришдан бош тортди.

Бироқ айрим манбалар ҳужжат Россия нефти, нефт маҳсулотлари, табиий газ ёки уранни сотиб олувчи давлатлардан импорт қилинадиган маҳсулотларга 500 фоиз бож тўлашни назарда тутиши ҳақида ёзган.

Трампнинг қўшимча қилишича, у АҚШ Сенатидан сенаторлар Линдси Грем ва Ричард Блументал томонидан ишлаб чиқилган Россияга қарши санкцияларни кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини қабул қилишини кутмоқда. Трампнинг сўзларига кўра, ушбу қонун лойиҳаси «президентга ўзи хоҳлаган нарсани қилиш имконини беради».

«Бошқача қилиб айтганда, мен ундан фойдаланишни хоҳлайманми ёки йўқми, ўзим ҳал қиламан. Улар (сенаторлар) жуда жиддий ва ўта қаттиқ санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қиладилар, лекин ундан фойдаланишни хоҳлаш ёки хоҳламаслигини президент ҳал қилади», – деди Трамп.

Доналд Трамп сўнгги кунларда Россия президенти Владимир Путинни бир неча бор танқид қилди. 3 июл куни уларнинг телефон қўнғироғидан сўнг Трамп суҳбатдан «жуда ҳафсаласи пир бўлганини» айтганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг