Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Трамп Эронга зарба беришни ортга сурганини маълум қилди

Трамп Эронга зарба беришни ортга сурганини маълум қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга 19 май куни режалаштирилган ҳарбий зарбаларни вақтинча ортга сурганини маълум қилди.

Унинг Truth Social тармоғида ёзишича, бундай қарор Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари раҳбарларининг илтимоси билан қабул қилинган.

Трампнинг таъкидлашича, араб давлатлари раҳбарлари ҳозирда жиддий музокаралар давом этаётгани ва улар АҚШ ҳамда Яқин Шарқ давлатлари учун мақбул келишув билан якунланиши мумкинлигини билдирган.

«Мен юқоридаги етакчиларга бўлган ҳурматимдан келиб чиқиб, мудофаа вазири Пит Хегсетга, Қуролли кучлар штаб бошлиқлари қўмитаси раиси генерал Дэн Кейнга ва АҚШ ҳарбийларига эртага режалаштирилган ҳужумни амалга оширмаслик бўйича кўрсатма бердим», – деб ёзди Трамп. 

Шу билан бирга, у Эрон билан мақбул келишувга эришилмаса, АҚШ тўлиқ кўламли ҳужумга тайёр туришини ҳам таъкидлади.

Трампга кўра, эҳтимолий келишув натижасида Эрон ядровий қуролга эга бўлиш имкониятидан воз кечиши керак бўлади.

Маълумотларга кўра, апрел ойи бошида АҚШ ва Эрон ўртасида вақтинчалик сулҳга эришилган эди. Вашингтон Теҳронга воситачилар орқали 14 банддан иборат таклиф юборган. Унда Эрон ядровий қурол ишлаб чиқишдан воз кечиши эвазига санкцияларни юмшатиш таклиф қилинган.

Эрон эса музокараларни давом эттириш учун АҚШга беш шарт қўйган, аммо Трамп уларни «мақбул эмас» деб атаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг