Трамп-Нетаняҳу келишуви: Ғазо жиддий ўзгаришлар арафасида

Доналд Трамп ва Бенямин Нетаняҳу Ғазо секторида урушни тўхтатиш жараёнини тезлатиш ва араб мамлакатлари билан муносабатларни изга солишга келишиб олди. Бу ҳақда Israel Hayom нашри ўз манбаларига асосланиб хабар берди.
Трампнинг режасига кўра, Ғазода жанглар икки ҳафта ичида тўхташи, АҚШ ва Евроиттифоқ террорчи ташкилот деб тан олган ҲАМАС раҳбарияти секторни тарк этиши, Ғазони бошқариш тўрт араб мамлакатига топширилиши шарт (улар орасида Миср ва БАА бор).
Режага кўра, 2023 йил октябридан буён Ғазода гаровда тутиб турилганлар озод этилади, чет элга кетишни истаган фаластинликларга учинчи мамлакатларга жойлашишда кўмак берилади.
АҚШ Исроилнинг араб давлатлари билан муносабатлари илиқлашишига ҳам эришмоқчи. Тахмин қилинишича, келишувга Саудия Арабистони, Сурия, Ливан ва бошқа мусулмон мамлакатлари ҳам қўшилади.
Ўз навбатида, Исроил Фаластин мухторияти ислоҳ қилиниши шарти билан Фаластин давлатини яратиш вариантини кўриб чиқишга розилик беради. Эвазига Вашингтон Иордан дарёси Ғарбий соҳилининг бир қисми устидан Исроилнинг суверенитетини тан олади, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter