Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Соатлаб автобус кутамиз». Транспорт хизматидан йўловчи розими?

«Соатлаб автобус кутамиз». Транспорт хизматидан йўловчи розими?

Фото: Xabar.uz

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19 январь куни Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда «Менимча» кўрсатувида маълум қилинди.

Унда давлат раҳбари транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга юзланиб, унинг тақдимотидан кўнгли тўлмаганини айтди.

— «Юринг президент, автобус мининг деб маршрутни кўрсат, энг оғир ҳудудингдан бошла. Мен автобусда юришни хоҳлайман. Кўз-кўз қилиш учун эмас, одамларга хавфсиз, эркин, арзон ва сифатли транспорт керак», – деди давлатимиз раҳбари.

Ҳар куни эрталаб ва ишдан қайтиш пайтимда транспорт билан боғлиқ муаммо кайфиятимни бузади, бошимга оғриқ киритади. Тошкент шаҳрига кўчиб келганимизга салкам бир йил вақт бўлди. Эрта тонг ишга кетишга юрагим безиллайдиган бўлиб қолди. Айтилган муддатда иш ўрнимда бўлишга ҳаракат қилганман. Лекин ҳозир бунинг акси бўлмоқда. Боиси ишга ўз вақтида етиб боришим учун транспорт муаммо.

Юнусобод тумани, 19-мавзеда яшайман. Мен борадиган ишхонам манзилига 67-рақамли автобус боради. Ишонасизми, ҳар куни шу автобусни камида 40 минут келишини кутаман. Кутиш жонимга текканидан охир-оқибат оралиқ масофа қанча муддатни ташкил қилишини автобус ҳайдовчиларидан аниқ билиб олдим. Автобус ҳайдовчисини айтишича мутасаддилар томонидан бир кунда 67-рақамли автобус 5, 6 тагача манзил бўйлаб қўйилар экан. Оралиқ масофа шу сабабли 40 минутларни ташкил қилишини айтди. Баъзи пайтларда бир соатдан ошган вақтда ҳам келмай қолади, боз устига жуда секин юради. Майли бу хавфсизлик учун муҳим қоидадир.

Бундан бир неча кун илгари 40 минут бўлди ҳамки, 67-рақамли автобусдан дарак бўлавермади. Мен қатори бу йўналишдаги автобусни кутувчилар сафи кўпайиб кетди. Бирин-кетин соат милларига қараб йўловчилар такси тўхта бошлашди.

— Опа, мен Амир Темур ҳиёбони томонга кетишим керак. Тошкент Давлат юридик унверситетида ўқийман. Яқинда ижарага кўчиб ўтган эдим, лекин шу кўчиб келганимдан буён транспортдан муаммо бўлаяпти, — дейди 18,19 ёшлар атрофидаги талаба йигит.

Суҳбатимизни эшитиб турган 40 ёшлар чамасидаги аёл гапимизга қўшилди.

— Мен ҳам 67-рақамли автобусда ишхонамга боришим керак, лекин автобус кеч келади, боз устига жуда секин юради, юрагим сиқилиб кетади. Автобусда ёзилган ишонч рақамига бир неча бор телефон ҳам қилганман, фойдаси бўлмаган, хўп дейишади аҳвол батар бўлса бўладики, яхши бўлмайди,— дейди.

Бир неча маротаба ўзим ҳам такси тўхтаб ишхонам манзилигача етиб олган эдим.

Ўйлаб қарасам бу ахвол ҳар куни такрорланаверса ойлик маошим йўлкирани ўзига ҳам етмас экан. Шундан сўнг, уйим манзилидан икки бекатча юриб 71-сонли автобус томон юришни ўргандим. Бу манзилдаги автобус 67-сонли автобусга қараганда оралиқ масофа қисқалиги билан қувонтирди. Лекин йўловчи сони жуда кўп, автобус ичи тирбанд. Тўғри мен каби автобус кутганлар мажбурликдан ишга кечикмаслиги учун чиқиб олишгандир. Шунинг учун автобусда шароит йўқ, нафас олишга ҳам имкон йўқ бу эса йўловчиларга ноқулайликларни келтириб чиқариши турган гап. Боз устига ҳозирги кунда турли касалликлар хавфи ортиб бораётган ҳамда карантин чоралари кучайтирилган бир пайтда бундай ҳолатни қандай тушуниш мумкин?

Яқинда онамнинг соғлиқлари ёмонлашиб Тошкент шаҳридаги ТОШМИ диагностика марказида даволаниб чиқдилар. Шу вақт оралиғида уйимизга яқин бекатдан 82-сонли автобусда шифохонага қатнай бошладим. Буни ҳам худди 67-сонли автобус сингари узоқ вақт кутиб тураверар экансиз. Автобусни кутиб турсам 60 ёшлар чамаси нуроний онахон билан суҳбатлашиб қолдим.

— Қизим, мен ТОШМИ диагностика марказига яқин томонда истиқомат қиламан. Юнусобод 19 мавзесидаги «WELCOME» хусусий клиникага даволанишга 10 кундан буён қатнамоқдаман, шу шифохонадан муолажала олиб тураман. Келиб кетишим учун 82- автобусни кутиб туравераман, баъзи пайтлари бир соатга яқин кутган пайтларим ҳам бўлади. Ўғлим ишда, уни овора қилмай дейманда.

Мен ҳам онамга 10 кун шу шифохонага бориш учун 82-сонли автобусни қимматли вақтим ўтказиб йўл пойладим. Нимага Ўзбекистоннинг пойтахти Тошкент шаҳрида шу пайтгача траспорт билан боғлиқ муаммога ечим топилмаган бўлса? Ахир Ватанимиз мустақилликни қўлга киритганига 31 йил вақт бўлсада шундай арзимас муаммо билан бошимиз оғритиб ўтирсак? Йўловчилар эрта тонгда яхши кайфият билан ўз иш жойида фаолиятларини бошласалар бу Ватанимиз юксалиши йўлида муҳим эмасми? Муаммони ечими муассадилар ўз вақтида бартараф этмасликлари оқибатида бугун кимларнингдир оиласини ҳамёнига салбий таъсир ўтказмай қолмаяпти. Нима учун юртбошимиз айтгандай мутасаддилар бу масаланинг замирига чуқур кириб боришмади? Ўша мутассадилар қимматбаҳо машиналарда юрган пайтда ойнани очиб атрофга теран назар ташласа эди, бошни қотиришга арзимас муаммолар бўлмасмиди балки....

«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компаниясининг марказий диспетчерлик хизматига — 1062 рақамига қўғироқ қилдим. Гўшакни уч дақиқалар орасида оператор қабул қилди ҳамда мурожаатимни батафсил ёзиб олаётганини таъкидлади. Сўнгра мазкур мурожаатимни қонуний йўл билан ечим топилиши ва натижаси бўйича 10 кун муддат ичида уй манзилимга ёзма тарзда етиб келишини маълум қилди.

Шундан кейин балки мурожаатим ижобий ечим топишига умид билдирдим.

Мутасаддиларга таклифим шуки, тележурналист Хайрулла Нуриддинов «Ўзбекистон 24» телеканалида эфирга узатилган «Менимча» кўрсатувида таъкидлагандай «Тошкент раҳбариятининг ўрнида бўлсам, трамвайни қайтариш ташаббуси билан чиққан бўлардим». Дарҳақиқатан ҳам шундайми. Мутасаддилар трамвай қатновини қайта йўлга қўйсалар муаммо бартараф этилармиди? Нима бўлганда ҳам оддий йўловчилар учун арзон транспорт фаоялиятини сарамали йўлга қўйишларини зарур деб ҳисоблайман.

Шундагина йўловчилар бугунги транспорт хизматидан рози бўлиб яшайди.

Лобар Шомуродова,
журналист.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг