Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади

Фото:«Uzbekistan24»

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов  Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевни икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати табриклаб, мактуб йўллади. Табрик матни ЎзАда келтирилди.

«Азиз қардошим! — дея бошланади мактуб. — Туркманистон халқи ва ҳукумати номидан ҳамда шахсан ўз номимдан Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Сиз ва бутун қардош Ўзбекистон халқини самимий табриклаш ва эзгу тилакларимни йўллаш мен учун улкан шараф».

Туркманистон етакчисининг фикрича, дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 25 йилда қардошлик алоқаларимиз фаол ривожланди ва изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Бугунги кунда мамлакатлар нафақат икки томонлама, балки халқаро тузилмалар доирасида ҳам муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқда. Глобал ва минтақавий миқёсдаги нуфузли ташкилотлар доирасида мамлакатларимиз томонидан илгари сурилаётган халқаро ташаббус ва таклифлар ўзаро қўллаб-қувватланаётгани шундан далолат беради.

«Давлатлараро муносабатларнинг бугунги юксак даражасини қайд этар эканман, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро англашув тамойилларига асосланган ҳамкорлик янада жадал ва изчил, ўзаро ишонч, тенг ҳуқуқлилик, очиқлик руҳида ривожланаётганини алоҳида таъкидламоқчиман», — дея таъкидлади Бердимуҳамедов.

Қўшни республика раҳбари Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланаётганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, маданият, илм-фан соҳаларидаги ҳамкорлик тобора кенгаймоқда ва мустаҳкамланмоқда. Савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорлик бўйича Туркманистон – Ўзбекистон қўшма комиссиясининг фаолияти бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Туркманистон мамлакатларимиз ўртасидаги вақт синовидан ўтган сиёсий, иқтисодий, маънавий-маданий алоқаларни бундан буён ҳам мустаҳкамлашга тайёр. Президент Бердимуҳамедов «Туркманистон ва Ўзбекистон муносабатлари келажакда ҳам қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида муттасил ривожланиб бораверади», — дея ишонч билдирган.

«Азиз қардошим, мактубим якунида Сизнинг Туркманистон — Ўзбекистон ҳамкорлигига шахсан қаратаётган алоҳида эътиборингиз учун миннатдорлик билдиришга, Сизга мустаҳкам соғлиқ, давлат раҳбари сифатида қардош Ўзбекистон Республикаси тараққиёти ва унинг халқи фаровонлиги йўлидаги масъулиятли фаолиятингизга янги зафарлар тилашга ижозат бергайсиз», — дея ўз мактубига якун ясаган Гурбангули Бердимуҳамедов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг