Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Убунту: «Мен борман, чунки биз бормиз» ёхуд нима учун африкалик болалар овқат талашмайди?

Убунту: «Мен борман, чунки биз бормиз» ёхуд нима учун африкалик болалар овқат талашмайди?

foto: Xabar.uz

Бир антрополог Африка қабиласидаги болаларни ўйин ўйнашга таклиф қилди. У мева солинган саватни дарахтнинг ёнига қўйиб, эълон қилди: «Ким биринчи бўлиб дарахтга етиб келса, мева солинган саватга эга бўлади». У югуришга ишора қилганида, болалар бир-бирининг қўлидан ушлаб югуришди ва кейин биргалашиб ширин мевалардан завқланишди. Ажабланган олим болалардан нега бундай қилганларини сўради, чунки уларнинг ҳар бири совғани ёлғиз ўзи олиши мумкин эди. Бунга болалар жавоб беришди: «Обонато!» ёки «Убунту» – ҳамма хафа жойда, бир киши бахтли бўлиши мумкинми?  Яъни уларнинг тилида бу «Ҳамма борлиги учун мен борман» деган маънони англатади. Убунту – бу Африка ахлоқий таълимоти, одамларнинг ишончига ва уларнинг муносабатларига асосланган ўзига хос гуманистик фалсафа.

«Убунту» сўзи африканинг зулу ва хоса тилларига тегишли бўлиб «бошқаларга нисбатан инсонпарварлик» ва «бутун инсониятни бирлаштирувчи жамоавий ҳаракат кучига ишониш» деб таржима қилиниши мумкин. Шунга ўхшаш атамалар кўплаб Африка диалектларида мавжуд, улар бошқаларга нисбатан сахийлик, хушмуомалалик ва инсонийликни ҳам англатади. Африкада кимнидир мақтамоқчи бўлсангиз, оддийгина айтишингиз мумкин: «Фалон одамнинг убунтуси бор». Бу унинг саховатли, меҳмондўст, дўстона, ғамхўр ва раҳм-шафқатга тўла эканлигини англатади. Ва у бошқалар билан бор нарсасини баҳам кўради.

1980 йилда Зимбабвелик тарихчи, журналист ва ёзувчи Ж. Т. Самканге убунту тамойилларини тизимлаштиришга ҳаракат қилди. У учта асосий нарсани аниқлади. Биринчиси инсон бўлиш – ўзгалардаги инсонийликни тан олиш орқали ўзининг инсонийлигини тасдиқлаш ва шу асосда бошқалар билан ҳурматли муносабатлар ўрнатишдир. Иккинчиси агар кимдир бойлик ва бошқанинг ҳаётини сақлаб қолиш ўртасидаги якуний танловга дуч келса, у ҳолда ҳаётни сақлаб қолишни танлов қилиш керак. Учинчиси подшоҳ ўз мақоми, шу жумладан, у билан боғлиқ барча ваколатлар учун халқининг иродасига қарздор.

Либериялик тинчлик фаоли Лейма Роберта Гбови Убунту принципининг энг машҳур таърифини берди: «Мен борман, чунки биз бормиз». Ушбу қисқа ва афористик таъриф чуқур маънога тўла: мен якка ҳолда мавжуд эмасман. Ва менинг мавжудлигим мен томонидан белгиланмаган (ёки фақат мен эмас). Биз бир-биримиз билан шунчалик боғлиқмизки, биз улкан тирик бутуннинг тирик қисмимиз. Ва ҳар биримиз қандай бўлсак, ҳар биримиз мавжудмиз, чунки биз бир бутунмиз. Менинг шахсий мавжудлигим бутуннинг мавжудлиги билан шартланган, мен унинг бир кичик бўлакчаси лекин ажралмас қисмиман. Тан олишингиз керак, бундай фикрни дарҳол қабул қилиш осон эмас!

Тинчлик учун Нобел мукофоти лауреати, архиепископ Десмонд Туту «Кечиримсиз келажак йўқ» китобида шундай деб ёзган эди: «Убунтуга эга одам бошқалар учун очиқ ва содиқ, бошқаларга ўзининг ажралиб турган қобилияти билан таҳдид қилмайди ва бошқаларни камситиш ёки қийноққа солишдан чекинади.»

Кейинчалик, 2008 йилда, ўз нутқларидан бирида, Туту шундай деди: «Мамлакатимиздаги тушунчалардан бири убунту – инсон бўлишнинг моҳиятидир. Убунту, хусусан, сиз алоҳида ҳолда инсон сифатида мавжуд бўлолмаслигингизни айтади, биз бир-биримиз билан боғлиқ эканлигимизни айтади. Аслида биз бир-биримиз билан боғланганимизда қилаётган ишимиз бутун дунёга таъсир қилади.»

Нелсон Мандела, Жанубий Африканинг биринчи қора танли президенти, қуйидаги мисолни келтиради: «Мамлакат бўйлаб саёҳат қилган саёҳатчи қишлоқда тўхтайди ва овқат ёки ичимлик сўрашга ҳожат қолмайди. У тўхташи билан одамлар унга овқат берадилар, унга ғамхўрлик қиладилар.   Яна бир жиҳати убунту одамлар якка ҳолда бойиб кетиш керак эмаслигини айтади. Атрофингиздаги жамоадан яхшироқ бўлишингиз мумкинми? Яъни  савол шундаки, сиз атрофингиздаги жамиятни яхшилаш учун ўзингизни бойитасизми, ёки фақат ўзингиз учунг бойийсизми?»

Убунтуси бор одам: «Ахир мен қандай қилиб бахтли бўла оламан, агар бошқалар бахтсиз бўлса?» Гўёки бу қабилалар шундай бир бахт сирини биладики – бу сирни ўзини «ривожланган», «цивилизациялашган» деб ҳисобловчи жамиятлар аллақачон йўқотиб қўйган.

Кениялик адабиётшунос Жеймс Огуденинг фикрича, убунту замонавий дунёда кенг тарқалган индивидуализмга қарши курашувчи восита бўлиб хизмат қилиши мумкин. Убунту тикловчи адолат ва жамиятга йўналтирилган ахлоқни тарғиб қилади. «Одамлар сифатида биз инсоний қадриятларимизни чуқур ўрганишимиз, шифо бериш ва бўшлиқни бартараф этиш учун улардан энг яхшисига интилиш қобилиятига эгамиз», дейди Огуде. Бу ғоя нафақат инсонга, балки дарёлар, ўсимликлар ва ҳайвонлар дунёси билан муносабатларимизга ҳам тааллуқлидир. Табиатнинг марказий устунини тан олганимизда ва ифодалаганимизда, унинг маъноси янада кенгаяди: мен – биз борлигимиз учун, биз – ер борлиги учун бормиз. Табиатнинг фаровонлигини бизнинг фаровонлигимиздан ажратиб бўлмайди.  

Убунту концепциясининг ягона таърифи йўқ, лекин унинг ядроси инсоният атрофида айланади. Бу ғоя шундан иборатки, инсон фақат бошқалар бахтли бўлсагина бахтли бўлади, бошқа бировнинг азобини кўрса, ўзи ҳам азоб чекади. Шундай қилиб, биз ҳаммамиз бир-бирига боғланганмиз ва ҳеч кимга ҳасад қилиш ёки ҳеч кимдан қасос олиш керак эмас. Убунту ёрдамида моддий ва номоддий нарсалар билан бўлишиш, кечириш ва бошқаларга нисбатан адолатсизлик қилмасликдир. Шахсий ривожланишга эришиш учун аввало, бошқаларнинг ривожланишига ёрдам беришингиз керак.

Илк одамлар Африкада яшаганлигини ҳисобга олсак, бу Убунту биз каби эски эканлигини англатади. Аслида убунту тамойиллари бутун инсоният генининг бир қисми. Аждодларимизда ҳамдардлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик юксак даражада бўлган.

Убунтуни шундай ўхшатиш билан умумлаштириш мумкин: «Менда сигир ва сизда  идиш бор, демак иккаламиз ҳам сут ичишимиз мумкин». Бу оддий мисол бўлса-да, унинг қамрови жуда катта. Бу мўл-кўллик, қадрлаш ва ҳамкорликда бирга яшашимиз мумкинлигини кўрсатади.

Эҳтимол, убунту нима учун Африкадаги қишлоқларда очлик ва танлов етишмаслигига қарамай, ўзларини бахтли ҳис қилишларини, кўпинча табассум қилишларини тушунтиради. Африка қишлоқларига саёҳат қилган ҳар бир киши бу жамоаларнинг донолиги, ҳамдардлиги, камтарлиги, ғамхўрлиги ва қувноқлигидан ҳайратда қолади.

Аксинча қулай турмуш тарзига қарамай, ҳар куни кўплаб танловлар мавжуд бўлса-да, баъзи одамлар кулишни унутганини кўрамиз. Ҳар бир инсоннинг борлиғида бўшлиқ бордек.  

Африканинг қишлоқларида инсонийлик юзасидан ҳар кимга қалбини, уйини очади, борини бирга баҳам кўради. Улар ўзларига ёрдам керак бўлса, ёрдам берилишига ишонишади. Бу сўрамасдан, илтифотсиз ва эвазига ҳеч нарса кутмасдан содир бўлади. Убунту эътибор ёки танлов эмас. Бу гўзал, илҳомлантирувчи ва чуқур боғланган жараён. Қабул қилувчилар берувчига айланади ва аксинча. Ишонч асосни ташкил қилади.

Африкадаги болаларнинг бошқа жойлардан жўнатилган ёрдам, озиқ-овқатларга навбатда туриши янгилик эмас. Бу ҳолат кўп сайёҳлар ва антропологларни ҳайратга солган. Болалар ҳар қандай ҳолатда – озиқ-овқат, ўйинчоқлар ва ҳатто суҳбатлашишда ҳам навбат билан ҳаракат қилишади. Уларда «мен биринчи» деган даъво кам учрайди.

Масалан бутун дунёда кузатаётганимиз кийимлар ёки озиқ овқатларга акция кетаётган жойда талаш-талашни кўрамиз. Африка халқи эса ўз убунтуси билан бизга ўрнак бўлаётгандек. 

Убунту аслида биз унутган қадрият эмасми?

Убунту гўёки бизга «биринчи бўлиш шарт эмас» деб ўргатаётгандек. У «ёлғиз ғолиб бўлиш» эмас, «бирга баҳам кўриб қувониш» муҳим эканини эсга солади. Яъни бир инсон бахти бошқалар бахти билан боғлиқ.
Мен бахтли бўлишим учун сен ҳам бахтли бўлишинг керак. Ва мен борлигим сен бор бўлганинг учундир.

Убунту инсониятга нима учун керак? Бу дунёдаги ҳар хил вазиятларда омон қолиш учун керак. Очлик ва йўқчилик, уруш, табиий офатлар бошимизга кулфат келтирганида янада жипслашиш учун керак. Африкани қийин аҳволдан сақлаётган нарса ҳам шу убунтудир.

Африкада одамлар кўп нарсадан маҳрум – тоза сув, барқарор иш, тинчлик, ҳатто оддий дори-дармон. Лекин уларда бир нарса бор: убунту. Ва эҳтимол, айнан шу убунту уларни ҳамон инсон қилиб турибди.

Убунту инсонийликни эслашнинг, инсон бўлиб қолишнинг сўнгги имкониятидир.
Сизнинг-чи, сизнинг убунтунгиз борми?

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг