«Уч илдиз» романи янги нашрининг тақдимоти бўлиб ўтди

Атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг машҳур «Уч илдиз» романи 1958 йилдан буён неча авлодларнинг маънавий мулкига айланган. Асарнинг янги нашрини муаллиф шогирди Тўлқин Эшбек билан бирга 2010 йилда қайта нашрга тайёрлаб, яна бир боб қўшган.
Тошкент шаҳридаги муҳташам “Турон” ахборот-кутубхона марказининг анжуманлар залида 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан Пиримқул Қодиров хотира кечаси ва адибнинг “Дунё нашр” нашриёти томонидан чоп этилган «Уч илдиз» романи янги нашри тақдимоти бўлиб ўтди.
Маълумки, бетакрор асарлари билан миллионлаб китобхонлар қалбидан мангу жой олган атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров 1928 йил 25 октябрда таваллуд топган. 1951 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)ни тамомлаб, Москвадаги Максим Горький номидаги Адабиёт институти аспирантурасига кирган, “Абдулла Қаҳҳорнинг урушдан кейинги ижоди” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1954-1963-йилларда у собиқ иттифоқ Ёзувчилар уюшмаси қошида ўзбек адабиёти бўйича маслаҳатчи, 1963-1983-йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти катта илмий ходими, 1989-1994 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотлари қўмитаси раиси лавозимларида ишлаган. 1990-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати бўлиб, парламентнинг Фан, маданият ва таълим қўмитасида фаолият кўрсатган.
Адибнинг “Уч илдиз” (1958), “Қора кўзлар” (1966), “Олмос камар” (1977), “Юлдузли тунлар” (“Бобур”) (1979), “Авлодлар довони” (1988), “Она лочин видоси” (1997) романлари, “Қадрим” (1961), “Эрк” (1968), “Яйра институтга кирмоқчи” (1970), “Мерос” (1974), “Акрамнинг саргузаштлари” (1974), “Нажот”, “Бахиллар ва ботирлар” (1980) қиссалари, “Қалб кўзлари” (2001) бадиалар китоби адабиёт ихлосмандларининг маънавий мулкига айланди.
“Қадрим” қиссаси асосида “Сенинг изларинг” бадиий фильми, “Юлдузли тунлар” романи асосида кўп серияли видеофильм суратга олинган. Қатор йиллар “Бобур” пьесаси Ўзбек миллий академик драма театрида, “Инсоф” пьесаси вилоятлар драма театрлари саҳналарида намойиш этилган.
Филология фанлари номзоди Пиримқул Қодиров “Тил ва эл” (1972), “Халқ тили ва реалистик проза” (1973), “Тил ва дил” (2005) рисолалар яратган, у икки жилдли “Адабиёт назарияси” китобининг “Адабий асарнинг тили”, “Адабий жараён” бобларини ёзган. Адиб ва адабиётшунос олимнинг “Тил ва эл” (2005) илмий бадиаси мумтоз она тилимизга, “Амир Темур сиймоси” (2007) илмий бадиаси Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган.
Тақдимотда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиб ва шоир Тўлқин Эшбек шундай деди:
– 1980 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) Журналистика факультетига ўқишга киргач, “Уч илдиз” романини иштиёқ билан мутолаа қилар эканмиз, бу асар гўё бизнинг талабалик давримиз ҳақида ёзилгандек таассурот қолдирарди. Асар воқеаларида ўзимизнинг икки тоифадаги домлалар ва талабаларни кўргандек бўлардик.
Орадан неча ўн йиллар ўтаётганига қарамай асарда тасвирланганга ўхшаш воқеалар ҳамон давом этаётгандек; талабаларга чинакам илм бериб меҳрини қозонаётган, ёш истеъдодларни эзгуликка чорлаётган ўқитувчилар бир ён ва илмдан йироқ, фақат ўз манфаатини ўйлаб, ўзларига ўхшаш баъзи ёшларни хатарли йўлларга бошлаб юрадиганлар бир тараф бўлиб курашаётганлари бор гап... Талабаларимиз ҳам асар қаҳрамонларидан қолишмайди. Улар орасида умидли ёшларни кўрганда қувонсак, тарбияси ҳаминқадарроқлари учраганда бефарқ қарамаймиз. Романдаги Темур Акбаров, Абдураҳмон Тошевдек фидойи устозлардан андоза олишга ва ёшлар қалбига йўл топишга интиламиз.
Романнинг яна бир муҳим жиҳати – талабаларга китоб ўқиш, дарс тайёрлаш масъулияти ва маданиятини, ҳаётда муносиб ўрнини топиш йўлларини ўргатса, ўқитувчиларга ўз устида қандай ишлаш, ёш илм толиблари билан қай тарзда муносабатда бўлиш борасида катта сабоқ беради.
Асарни қунт билан мутолаа қилаётган ўқувчи XX аср ўрталарида яшаган авлоднинг билим ва савияси, илм олишга интилиши, дунёқараши билан ўз замондошларини қиёслаб кўриш ҳамда хулоса чиқариш имконига эга бўлади.
Зотан, бу романни теран нигоҳ ила ўқиганлар маънан бойиб, ҳаётда оқ-у қорани ажратишда, эзгулик йўлини танлашда адашмайдилар.
Собиқ мустабид тузум даврида Пиримқул Қодировни республикамиз раҳбарларидан бири ноҳақ айблаганида биз, мухлислари ҳам руҳан азият чеккан эдик. Адибни кўрганда ўзини олиб қочадиганлар кўпайган (бу инсонга қанчалик руҳий таъсир кўрсатишини изоҳлашга ҳожат йўқ) пайтда – 1987-йили Қибрай тумани таҳририятида Пиримқул Қодиров билан ижодий учрашув ўтказиш жасорат билан тенг эди. Учрашувда иштирок этган китобхонлар билан савол-жавоб, самимий суҳбатлардан устознинг кўнгли кўтарилганини кўриб енгил тортган эдик.
Атоқли адиб билан ўтказилган ижодий учрашувлар, суҳбатлар (улар газета-журналларда ёритилган) катта сабоқ бўларди. Сўнгги суҳбат ижоднинг машаққатли йўллари, “Уч илдиз” романи ва унинг янги нашри ҳақида эди.
“Уч илдиз” номи замирида ёшларнинг камолотга эришиши йўлида аввало учта маънавий илдиз отиши ғояси ётибди. Биринчиси, пухта билим олиш, иккинчиси, ҳақиқий инсон бўлиш ва учинчи илдиз – муҳаббатга асосланган оила қуриш. Ҳар бир инсон шу тариқа бахт-иқболга эришиши мумкин. Ўйлайманки, бугунги ёшлар ҳам аввало ана шундай маънавий илдизлар отишга интиладилар.
Асар қаҳрамонларидан бири профессор Абдураҳмон Тошев иғвогарлар томонидан факультетдан қувилган. У Ойбек акани ёдга солади. Бу улуғ адибнинг ҳаётида шунга ўхшаш воқелар юз берган. Ойбек аканинг насаблари Тошмуҳаммад экани назарда тутилиб, асар қаҳрамони – Тошев бўлди. Абдулла Қаҳҳор домламизга “Қўшчинор” романини ёзгани учун жуда адолатсиз ҳужумлар бўлганди. Бу ҳол Темур Акбаров деган домла тимсолида кўрсатилган. Бошқа образлар прототипи ҳам ҳозирги Миллий университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари эди... Асардаги Маҳкам ва Очил образлари орқали адиб ўзининг ҳаётга қарашлари, орзу-умидлари ўз ифодасини топган бўлса, Гавҳар ва Замира образларида Пиримқул аканинг умр йўлдоши Софияхон аянинг сиймоси акс этган. Романда ёш шоир Очил Самадов ўз домласи Темур Акбаровга ўқиб берган шеърни адиб 1950 йилда курсдошларим даврасида ўқиб берган. Хуллас, Пиримқул аканинг талабалик даврида қалбида кечган туйғулар “Уч илдиз” романида ўз аксини топган.
Тошкентда романнинг қўлёзмаси муҳокама қилинганда Абдулла Қаҳҳор уни қўллаб-қувватлаган, Константин Симонов «Уч илдиз»ни сатрма-сатр таржимасини ўқиб ижобий фикр билдирган эди.
Янгича тафаккур ҳам ижобий-салбий барча ҳодисалар ва персонажларнинг ҳақиқий манзарасини очиб беришга хизмат қилиши керак. Ҳозир дунё бўйлаб кенг тарқалаётган янгича тафаккур – инсон зотини ҳалокатдан қутқаришга қаратилгандир. Одамзодни омон сақлаш вазифаси олий инсонпарварлик экан, унинг алоҳида зарралари бўлган ижобий-салбий характердаги кишиларни ёмон муҳит таъсиридан ва иллатлар гирдобидан қутқариб олиш ҳам юксак одамийликка киради.
«Уч илдиз»га адиб Абдулла Қаҳҳорнинг баҳоси Пиримқул Қодировни илҳомлантириб юборган эди. 1957 йил кеч кузида романнинг қўлёзмаси Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида Абдулла Қаҳҳор, Шуҳрат, Асқад Мухтор, Одил Ёқубов ва яна ўн-ўн беш кишилик адабиётчилар даврасида муҳокама қилинди. Муҳокамада айтилган фикрлар орасида кўпимизни ҳайратга солган гап – Абдулла аканинг қуйидаги сўзлари бўлди: «Анча вақтдан бери мен ўзбек адабиётида момақалдироқ гулдуросини эшитмай юрган эдим. Назаримда, мана шу асар адабиётимизга момақалдироқдай гулдурос солиб, чақмоқдай ялтиллаб кириб келяпти».
Шундан сўнг Абдулла Қаҳҳор ёш адиб Пиримқул Қодировни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига биринчи тавсияномани берган.
Асар воқеалари акс этган 1955 йилдан буён шунча замонлар ўтди. Бу орада буюк ўзгаришлар юз берди. Юртимиз мустақилликка эришгач, ҳаётимиз, дунёқарашларимиз тубдан ўзгариб кетди. “Комсомол”, “партбюро” деган гап-сўзлар унутилди. Романда эса ўша даврга хос шунақа тушунчалар анчагина эди... Энди “комсомол”га ўхшаш гаплар бўлмаса-да, замонамиз ёшлари ўз ташкилоти сафида камолга етмоқда. Ўша давр ва ҳозирги талабаларнинг қалб кечинмалари, ҳаётда муносиб ўрнини топишга интилишларида ажиб уйғунлик бордек. Шуларни ҳисобга олиб, асар бироз таҳрир қилинди. Баъзи эскирган сўз ва иборалар замонавий атамалар билан ўзгартирилди, айрим тушунча ва қарашларга ойдинлик киритилиб, мазмунан бойитилди.
Асар қаҳрамонлари ҳам улғайиб, 1991 йилда Ўзбекистон мустақилликка эришиши йўлида фаоллик кўрсатганлари бор гап. Улар маънавий илдизлари мустаҳкам бўлиб камолга етганлари ҳақида яна бир боб қўшилди. Бу романга ўзига хос “хотима”дир.
Устоз Пиримқул Қодиров 2010 йил 20 декабрь куни сўнгги манзилга кузатилди...
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Мерос комиссияси масъул котиби устоз адиб Пиримқул Қодировнинг ижодий меросини изчил ўрганиш ва тарғиб этиш билан бир қаторда баъзи ишларини поёнига етказиб қўйишни ҳам зиммасига олди.
“Уч илдиз”нинг мазкур янги нашри улуғ адиб руҳини шод этиб, миллионлаб мухлислари маънавий мулкига айланиб бораверади, деган умиддамиз.
Китоб тақдимотида китобсевар ёшлар, адабиёт ихлосмандлари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.
Шарофиддин Тўлаганов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter