Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Устозлар my.gov.uz орқали қайси хизматлардан фойдаланишлари мумкин?

Устозлар my.gov.uz орқали қайси хизматлардан фойдаланишлари мумкин?

Бугун ўқитувчининг вақти дарс жараёнлари, ўқувчилар ва ўз устида ишлаш учун энг қиммат ресурс. Давлат хизматларидан фойдаланиш учун идорама-идора юриш эса устозларнинг қимматли вақтни олади. Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz ана шу жараёнларни рақамлаштириб, педагогларга кўплаб хизматларни уйдан чиқмаган ҳолда олиш имконини бермоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 сентябр куни педагоглар билан учрашувда таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг касбий ривожланишини рағбатлантириш ва улар учун янги имкониятлар яратиш бўйича қатор ташаббусларни билдирди. Хусусан, миллий сертификатга эга ўқитувчиларга 50 фоиз устама тўлаш, ҳар йили ҳудудлардаги етакчи педагогларни рағбатлантириш, минг нафар ўқитувчини хорижда стажировкага юбориш, олимпиада ғолибларини тайёрлаган устозларга тўғридан-тўғри олий тоифа бериш каби чоралар таклиф қилинди.

Бу жараёнда рақамли давлат хизматларининг ўрни ҳам тобора ортиб бормоқда. Масалан, аттестацияга ҳужжат топшириш учун энди навбат кутиш шарт эмас. my.gov.uz орқали мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагоглари аттестациядан ўтиш учун электрон тарзда ариза юборишлари мумкин.

Порталдаги хизмат орқали ариза бериш, зарур маълумотларни тақдим этиш ва жараён ҳолатини кузатиш имкони мавжуд. Навбатдаги ёки навбатдан ташқари аттестация, шунингдек, айрим ҳолатларда тўғридан-тўғри малака тоифасини олиш билан боғлиқ хизматлар ҳам рақамлаштирилган.

Энг муҳими, педагог аттестация натижалари ва сертификати ҳақидаги маълумотларни ҳам электрон тарзда олиши мумкин. Порталда педагоглар ва уларнинг аттестацияси ҳақидаги маълумотларни автоматик кўриш ҳамда сертификатни текшириш хизматлари мавжуд.

Педагогик фаолиятини янги бошлаётган ёки тегишли тартибда касбий сертификатлаши лозим бўлган ўқитувчилар учун ҳам my.gov.uz да алоҳида электрон хизмат йўлга қўйилган.

Ариза ЯИДХП орқали юборилади, маълумотлар ваколатли орган томонидан текширилади, синовга рухсат берилгани ҳақида хабарнома электрон тарзда юборилади. Синовдан муваффақиятли ўтган педагогга QR-кодли электрон сертификат расмийлаштирилади ва у ЯИДХПдаги шахсий кабинетга юборилади. Биринчи марта ариза бериш бепул, қайта мурожаат қилинганда белгиланган миқдорда йиғим ундирилади. Бу қоғоз ҳужжатлардан электрон ҳужжатларга ўтишнинг ўқитувчилар ҳаётидаги энг кўзга кўринарли мисолларидан бири.

Биламизки, кредит олиш, ипотека масалалари, турли ижтимоий хизматлардан фойдаланиш ёки расмий ташкилотга ҳужжат тақдим этишда иш жойи ва даромад ҳақида маълумотнома талаб қилиниши мумкин. Бундай ҳолатларда ҳам педагогнинг идорама-идора юришига зарурат қолмайди. my.gov.uz да:

— ҳисобланган иш ҳақи ҳақида маълумот олиш;

— электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма олиш;

— меҳнат фаолиятини тасдиқловчи маълумотномаларни олиш каби хизматлар мавжуд.

Айрим хизматлар автоматик равишда кўрсатилади ва натижани электрон шаклда олиш мумкин. Портал статистикасига кўра, ҳисобланган иш ҳақи ҳақидаги маълумот ҳамда меҳнат дафтарчасидан кўчирма олиш хизматлари энг кўп фойдаланиладиган электрон хизматлар қаторига киради.

Ўқитувчи иш жойида педагог, уйда эса ота-она. Шу боис my.gov.uz имкониятлари унинг касбий фаолияти билангина чекланмайди.

Портал орқали ота-оналар:

— фарзандини давлат мактабгача таълим ташкилотига жойлаштириш;

— боғчага навбат ҳолатини текшириш;

— болани мактабга қабул қилиш билан боғлиқ электрон хизматлардан фойдаланиш имкониятига эгалар.

Бу хизматларнинг рақамлаштирилиши, айниқса, иш билан банд ота-оналар учун вақтни тежашга хизмат қилади. Боғчага жойлаштириш хизмати ҳам my.gov.uz да энг кўп талаб қилинадиган хизматлардан бири ҳисобланади.

Педагог ва унинг оила аъзолари учун зарур бўлиши мумкин бўлган айрим ижтимоий хизматлар ҳам Ягона портал орқали электрон шаклда кўрсатилади. Жумладан, болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш, турли субсидияларга ариза бериш каби хизматлардан онлайн фойдаланиш мумкин.

Демак, my.gov.uzни фақат ҳужжат оладиган портал сифатида қабул қилиш тўғри эмас. У фуқаронинг таълим, меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва оилавий ҳаётидаги кўплаб давлат хизматларини ягона рақамли муҳитга бирлаштириб бормоқда.

Президентнинг 30 сентябрдаги учрашувида ўқитувчиларнинг касбий ривожланишига ёндашувни ўзгартириш бўйича ҳам муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, мажбурий бир ойлик малака ошириш курслари ўрнига касбий ривожланиш ваучерларини жорий этиш таклиф қилинди. Унга кўра, педагог ўз натижаси ва эҳтиёжига қараб 18 соатдан 72 соатгача бўлган дарс соатларини мустақил танлаши мумкин бўлади.

Бу ёндашув таълимдаги рақамлаштиришнинг яна бир муҳим жиҳатини кўрсатади: замонавий педагогдан нафақат дарс бериш, балки ўз касбий ривожланишини мустақил бошқариш ҳам талаб этилмоқда.

Бундан ташқари, Президент учрашувда таълимнинг барча бўғинларидаги илғор педагоглар учун Абдулла Авлоний номидаги алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш ташаббусини ҳам билдирди. Унинг илк соҳибларини келгуси йилги байрам арафасида тақдирлаш таклиф қилинди.

my.gov.uz орқали аттестация ва сертификатлашдан тортиб, меҳнат фаолияти, иш ҳақи, фарзандини боғчага жойлаштириш ва ижтимоий хизматларгача бўлган жараёнларни электрон шаклга ўтказиш педагогга берилган оддий техник қулайлик эмас. Бу устознинг вақтини қадрлашга қаратилган рақамли ечимдир.

Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш билан бир қаторда педагог меҳнатини қадрлаш, унинг касбий ўсиши ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалалари кун тартибида турибди. 2026 йилги янги ташаббуслар эса бу жараёнда педагогнинг касбий натижаси, малакаси ва ривожланишига янада катта эътибор қаратилаётганининг яққол намунасидир.

Эъзоза Турғунова тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг