Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ватан қадрин билай десанг — саёҳат қил, дунё кўр!

Ватан қадрин билай десанг — саёҳат қил, дунё кўр!

Америка Қўшма Штатлари... Мустақиликкача биз кабилар бу мамлакатга шубҳа, шу билан бирга, нафрат билан қараб улғайганимиз, рост. Чунки совет тузуми бу мамлакат ҳақида миямизга минг хил негативларни жойлаган эди-да... Инсоният душмани, манфур ишлар макони... Ёшлик дамларимизда Американи орзу қилиш қайда эди?!

Шу боисдан болаларим тўсатдан Америкага ўқишга кетиб, кейинчалик яшаб қолишлари мумкинлигини эшитганда эсим оғиб қолаёзди. Қандай қилиб, нега айнан Америкага, нега? Бу не ҳол? Бутунлай қолиб кетишса-я! Уларни ойлаб, йиллаб кўрмай қандай яшайман? Ахир менинг юрагим фақат ва фақат ватан дейди, ватан дея уради. Бундан буёғига сабр, сабр, сабрдан нажот қидирдим.

Ўша кун келди. Кузатдик. Тинчим йўқолди. Бошқа ҳаёт, бошқача ташвишлар бошланди. Қандай тонг отиб, кеч киради, кунларим паришон, кўз ёшларим шашқатор. Соғинч азобли бўларкан. «Американи орзу қилманг, асло интилманг», деган эдим-ку! Ҳамма қувонинг, фахрланинг дейди. Мен эса... Болалар танлови, рози бўлинг — бу опа-сингилларим, қудам Маъсуда ҳожи онанинг юпатиши, офицер укамнинг эса — ҳозирги ёшлар «қизил» мафкура нималигини билмайди, илғор фикрлайди, бизлар уларни тушунишимиз, тушунишга ҳаракат қилишимиз зарур, опажон, деган далдаси — ҳеч бири кор қилмайди.

Шу зайл ярим йиллар қарама-қарши фикрлар гирдобида яшадим. Кейинроқ наилож тақдирга тан бердим. Соғинч изтироблари ниҳоясиз эди. Гарчи Telegram орқали кўришиб, гаплашиб турсак ҳам невараларни бағримга босолмасам, эркалаб суя олмасам — шу ҳам ҳаётми ахир? Тўғри, ёнимда ҳам неваралар бор, бироқ ўнта бўлса, ўрни бошқа дейдилар-ку!

Бир куни «Дадажон, аяжон, келинглар Америкага! Невараларингиз ҳам сизларни жуда соғинишган», дейишди. Дадаси кўнмади — сиз бориб келинг, аяси, менинг кўнглим Америка демаган, демайди ҳам. Кейинги йил иложи бўлса, ўзлари келишсин, дедилар. Қисқаси, юрагимни ўртаган соғинч қўймади, борадиган бўлдим. Руҳан тайёр бўлиш ҳам осон кечмади. Ҳеч кимга, Америкага кетяпман, деб оғиз очолмасдим. Мақтаниш деб қабул қилсалар-чи, ўзлари Ватан ҳақида тўхтовсиз бонг урадилару «Ватанни сев, тупроғини ўп» дея, буёғи қандоқ бўлди, каби маломат қилсаларчи... минг хил ўйлар, минг хил тахминлар ёпирилар, Аллоҳга таваккал қилишдан ўзга чорам ҳам қолмаганди. Ўзимдан ўтганини фақат ўзиму худо билди. Негативларни унут, жигарбандларинг умид билан қадам қўйган заминга қучоқларингни катта очиб бор...

Фақат яхшиликдан сўзлайин

Тошкентдан учган самолёт 13 соат деганда Ню-Йоркка қўнди. Аэропортдан қани тезроқ чиқсаму невараларимни тезроқ бағримга боссам... Аксига олиб аэропортдан чиқиш жараёни чўзиларкан. Юкларимни олгач, ташқари йўналдим. Аввало юзимга иссиқ ҳаво урилди. Сўнг ана улар, ана! Нигорон кўзларим ярақлаб очилиб кетди. Бирини қўйиб, бирини бағримга босаман. Биринчи синфга бораётган неварам Фарғонадан Тошкентга борганимда айтадиган гапларини шивирлайди: Кетмайсиз-а, кетмайсиз-а, бувижон, қоласиз, хўпми, қоласиз! — Томоғимга бир тош тиқилади, кўз ёшларимни базўр ютиб юбораман. Бунинг асло мумкин эмаслигини кошки тушунса! Худо хоҳласа, ўзларингиз борасизлар, хўпми...

— «Озодлик» ҳайкалини кўришни хоҳлайсизми, ойижон, — дейди келин-қизим. — Чарчаб қолмадингизми?

— Дунё ҳайкали — Ню-Йоркнинг тимсолиними? Ҳозирми?

— Ҳа-да, ҳозир!

Йўл чарчоғи сезилсада, тетиклашдим.

— Кетдик унда!

Ҳайкал ичига кириш чипталари икки ойлар олдин, тож қисмига кириш учун чипта эса уч ой олдин олинаркан, кузатув-томоша дарчалари (ойналари) бўлган бу икки қисмга кириш бахти таассуфки, насиб қилмас экан. Чипта олишга улгуришмабди.

— Сал олисдан бўлса ҳам ҳайкални кўринг, деяпмиз, — давом этади келиним. — Кейинги гал дадажон билан келар кунингиз аниқ бўлса, чиптани эртароқ олиб қўямиз, худо хоҳласа!

Аэропортдан манзилга бир зумда етдик. Ана, жаҳон ҳайкали кўзга ташланди. Ажабо, нақадар тантанавор ва улуғвор! Асоси 93 метр, ўзи 46 метр! Салобати шунчаларки, олисдан туриб бир он томоша қилсангиз бас, юрагингиз ҳапқириблар кетади. Ҳурлик тимсоли! Муҳаббат, матонат ва қудрат рамзи! Бир қўлида машъала, оёқларида узилган занжир... Хоним бениҳоя мағрур, бениҳоя мафтункор! У олис-олисларга боқиб турибди — озодлик учун курашмоқ керак! Тожидан етти нур таралади — бу нурлар етти денгиз, етти қитъа, яна айтмишларки, бу етти нур гражданлик, ҳусноободлик, миллийлик, маънавийлик, руҳонийлик, табиийлик, сиёсий эркинликдир! Чиндан ҳам унга бир боқасиз яна ва яна боқасиз, кўз узгингиз келмайди!

— Эдуар Рене ғояси бўйича ҳайкалтарош Огюст Бартолди бошчилигида яратилган бу ҳайкал, — дея изоҳ беради ўғлим.

— Ўзингиз ҳам билсангиз керак. Ҳайкалнинг очилиши тантанаси 1886 йил 28 октябрда, яъни Америка мустақиллигининг юз йиллиги нишонланаётган кунда француз халқининг Америка халқига туҳфаси сифатида топширилган экан!

О, қанийди инсонлар бирдамлиги шундай олий мақомларда мангу қолсайди! Ҳайкалтарош Бартолди хонимнинг жиддий ва ёп-ёруғ сиймосини қаердан олган, деган саволлар юради. Айримларнинг тахминларича, «Бу чеҳрани ўз онасидан олганмиш», менимча, бу фикр айни ҳақиқат. Зеро, ижод аҳли худо берган иқтидор ва ОНА меҳру муҳаббати билан буюкдир, тенгсиздир. Ҳайкал жозибаси, унинг хаёли хотирамда ўчмас из қолдирди. Ҳа, шундай — юз марта эшитгандан бир марта кўрган афзал! Шукурким, узоқдан бўлса ҳам бир марта кўрдим. Бор бўл ҳурлик, бор бўл, озодлик!

Иккинчи Манҳэттен ёки эзгуликлар шаҳри — Питтсбург!

Питтсбург — Пенсилвания штати ғарбида, учта дарё қўшилган жойда барпо бўлган шаҳар. Уни Ню-Йоркнинг мўъжаз нусхаси, «Иккинчи Манҳэттен» ҳам деб атайдилар. Марказидаги осмонўпар бинолари билан эҳтимолки ўхшар, бироқ Питтсбург озода ва осудалиги билан ҳар қандай бошқа шаҳардан бутунлай фарқланади. Бу менинг шахсий хулосам. Ню-Йорк ниҳоятда гавжум, қиммат ва сершовқин. Питтсбург эса яшаш учун ҳар жиҳатдан қулай, яъни ҳозиргина таъкидлаганимдек, озода, сўлим ва осуда шаҳар. Айнан шунинг учун Питтсбург жуда ҳам қадрланади. Яшаш учун келаётганлар сафи ортиб бораётгани ҳам шундан бўлса керак.

Шаҳар номи граф Уилям Питт шарафига қўйилган. Бироқ «Пўлат шаҳар» деган «тахаллуси» ҳам бор. Негаки, қазилма бойликлари туфайли XIX асрда саноатлаштириш авж олдирилган. Пўлат қуйиш компаниялари кўпайгандан-кўпайган. Ўз вақтида бу шаҳар АҚШнинг саноат пойтахти ҳисобланган. Шаҳар ушбу штатда катталиги жиҳатидан Филаделфиядан кейин иккинчи ўринда туради.

Шунақа мен учун эртакнамо шаҳар ўрмонзорлар ичида барпо этилган. Буни мен каби мутахассис бўлмаганлар ҳам дарров сезади. Одамларининг хотиржам ва ҳатто хушҳоллигига ҳам аввало ана шунданмикан? Июн ойининг дастлабки ярми ҳар куни уч-тўрт марта 10-15 дақиқадан ёмғир ёғиш билан ўтди. Беш кун иссиқина бўлганди, бугун яна ёмғир ёғди, етти дақиқа мобайнида қуйди. Бирам салқиней, бирам ҳузурбахш, пақирлаб қуюлишидан таралган овоз ҳам роҳату роҳат! Ҳаво шунчалар мусаффоки, ўпкангизни тўлдириб нафас оласиз, енгиллашиб онгу шуурингиз ҳам равшан тортиб кетади. Фикрларингиз теранлашади.

Теп-текис, равон йўлларига, йўл ҳаракатини тартибга солувчи катта ва ёрқин таблоларига ҳам беш кетмай илож йўқ. Тартиб-интизомли, ҳеч қандай сигналларсиз, бақир-чақириқсиз ҳаракатланадилар. Қанчалар узоқ юрманг, чарчоқ билмайсиз. Яна мени ҳайратга солгани автобуслардаги ижтимоий рекламалар бўлди. Масалан, «Яхшилик қилмоқчимисиз, ундай бўлса яхшиликни эртага эмас, бугун қилинг!». Офаринлар бўлсин, музейларда ҳам ижтимоий аҳамиятга эга битикларни учратдик. Ҳатто бир музейида «Яхшилик қурилмаси»ни кўрдик. Ёнида анча вақт тўхталиб олдик. Қурилманинг қандайдир сири борми, келганлар қурилма экранига боқиб, кулишар, бир нималарни муҳокама қилишарди. Навбатимиз келди. Дилбандим Муҳаммаджон қурилма тугмачасини босиб экранга қараган эди «Яхши инсонни излаяпсизми, келинг, ўша яхши инсон сиз бўла қолинг!» деган ёзув, сўнг у видеода бор бўйи-басти билан кўринди, бу ҳикматни англашга интилаётган порлаган кўзларингдан айланай, дейман ва болани ҳам мушоҳада ундаганлардан миннатдор бўлдим. Аввал ўғлим, кейин келиним қўлда кичкинтойи билан экранга юзланишди. Шукур, улар солиҳ амалларни канда қилишмайди. Ўзларининг экрандаги аксини қараб, яна қандайдир яхшиликлар улашишни дилларига туккан бўлсалар, не ажаб. Менинг дилимда эса дуо: Ҳамиша ўзларига буюрилган амалларни тўкис адо этувчилардан қил Аллоҳ. Уларга тўймай термуларканман, неварам мени ҳам «Бувижон, келинг, сиз ҳам», деб, қўлларимдан тортқилади ва шошилиб тугмачани босди. Видеода мени кўриб-ла «Ана, бувижоним!» деди баралла қувончи ичига сиғмай.

Сен унутмайман, унута олмайман, Ниагара! 

Саккизинчи мўъжиза саналувчи Ниагара шаршараси энг диққатга сазовор қадамжолардан бири. Бу машҳури жаҳон Ниагара шаршарасининг қизиқарли тарихи бор, лекин муддао уларни санаш, ёзиш эмас. Қизиққанлар аллақачон интернетдан билиб олишган, албатта. Айрим ўринларини эслатай: Ниагара шаршараси Ню-Йорк штатида жойлашган бўлиб, Эри ва Онтарио кўлларини бирлаштирувчи дарё номи билан аталади, шаҳар ҳам шу номда — Ниагара Фолс. Ҳозирда бир йилда 22-30 млн турист ташриф буюради. Шаршара «Тақа» (Канада томонда) деб ҳам юритилади, «Америка» ва «Фата» (келинчак фатаси) шаршараларидан ташкил топган. Сониясига 16 800 кубометрдан зиёдроқ сув оқиб тушгани учун ҳам бу шаршара дунёда энг улкан деб тан олинган. Баландлиги 52-59 метр. Шаршара қачондир тўхтаб қолганми, дедингиизми. Ҳа, бу ерда эшитганимизга қараганда, 1948 йилда кутилмаганда тўхтаган ва маҳалий аҳоли фавқулодда жимликдан уйғониб, шаршара томон югуришган. Ваҳима ичра шаршарага «жон кириши»ни худога тавалло қилиб, зор-интизор кутишган ва хайриятки, 40 дақиқадан сўнг шаршара яна 25 км наридан ҳам қулоқларга ором берувчи «қўшиғи»ни бошлаб юборган экан. Музлаганми, дедингиз чоғи. 11 йил муқаддам одамлар эсини оғдираёзиб, музлаб сумалаклар ҳосил қилгани рост ва бу ниагараликлар ҳамда илм-фан кишиларини ташвишга солган. Қарангки, бу ғайриодатий ҳол ҳам узоқ давом этмаган. Сумалаклар томчилай бошлаган. Ана шу лаҳзалар қувончини катталар мароқ билан хотирлашади. Биринчи электростанция 1890 йили қурилган ва қувватидан бор-йўғи 100 метрда фойдаланилган. Кейинчалик электростанция йириклаштирилди, АҚШ ва Канаданики ҳисобланади. Демоқчиманки, тараққиётда, инсон ҳаёти фаровонлашувида шаршаранинг аҳамияти қанчалигини тасаввур этиш мушкул эмас.

Энди таассуротлардан сўзлай. Шаршара бизларни киравериш саҳнида кўзни қамаштирувчи анвойи гуллари — гулзорлари билан олқишлаб кутиб олди. Менга дастлаб энг ёққанини хизматчи йигитнинг кексаларни эҳтиётлаб, кўм-кўк ёмғирпўшни кийишга ёрдамлашгани ва самимий саломи бўлди. Айниқса, келин-қизим — таржимонимнинг борт капитанини гапга тутгани, мени таништиргани бироз оғриқли дилимга малҳамдек татиди. Капитан менга боқиб, олисдан ҳам олис Ўзбекистондан келганингиз учун сиздан миннатдорман деганидан жуда хурсанд бўлдим, мамнуният ила урғу бериб «Ўзбакистон» дея чўзиб талаффуз қилгани кейинги кунларда ватанни қўмсаб маҳзунлашга кўнглим осмонларини бирдан ёриштириб юбордики, асти қўяверасиз. Кейин узундан-узоқ навбатда турганларни кўрдим. Жуда маданиятли, шамғалат қилиб олдинга ўтишлар йўқ. Ҳаммалари кийимлари устидан кўм-кўк целлофан ёмғирпўш ташлаб олишган, нигоҳларида ажиб тараддуд намоён. Нариги соҳилдагиларнинг эгниларида эса қизил ёмғирпўш. Сабаби оддий — у соҳил Канадага тегишли.

Шундай қилиб, ғаройибдан-да ғаройиб оламга тушдим-қолдим. Бу улуғвор жозибанинг, маҳобатнинг видеоларини кўрганман, юракдан ҳис этганман, деб юраверибман, ундай эмас экан. Юз марта эшитгандан, телевизор, телефонда кўргандан кўра, бир марта шаршаранинг сирли «дунё»сига «шўнғиш» афзал экан, ўзингизни унинг ихтиёрига ақалли бир мартагина топшириб, шавқини суринг экан!

Ниагара, о, Ниагара... Термулавераман, термулавераман — кўз уза олмайман. Кўзларни томчилар ювади, шаршара шовқини шунчаларки, баъзилар овозини борича қичқириб ҳайратини бўлишгиси келади, бир кўҳликкина қорамағиз ҳинд қиз ҳам шерикларига қараб, кўзларни бу сув ювса юз дарддан халос бўлармиш, қўйиб беринглар, кўзларингиз ювилаверсин, деганини тушундим. Бошдан то оёққача минг-минг томчилардан ҳосил бўлган муздеккина сув шовуллаб оқади, фикр-ўйларингиз тиниқ тортади, айни шу онларда яшайсиз, ҳаётда фақат ва фақат гўзалликлар ичра, яхшиликлар ичра яшагандек бахти бекамсиз гўё! Пайдар-пай юз-кўзларимга урилаётган томчилар ва томчиларга айланаётган буғлар ҳайратни ўн чандон оширгандан оширадики, яйрайсиз-ей яйрайсиз! Ҳа, юз-кўзларингизни тинимсиз артаверасиз-артаверасиз, қалбингизда жўшқин-жўшқин ҳис-туйғулар шаршараси отилиб чиқади ва ҳаяжонларини ичига сиғдиролмаётганлар ҳайқириғига беихтиёр қўшилиб кетасиз: О, ҳаёт! О, Ниагара, бунчалар мафтункорсан, бунчалар қудратли! Сени севмай, сенга интилмай бўлурми, Ниагара? Ўзинг айт, айта қол, Ниагара?

Сир-синоатда тенгсиз шаршарани ортда қолдириб, кемамиз жудаям оҳисталик билан қирғоққа бурилади. Наҳотки энди кўрмайман сени, Ниагара! Кемадан чиқдиму аммо яна шаршара томон ёш боладай талпиндим. Таассуфларким, бу мутлақо имконсиз. Иккинчи марта киролмайсиз. Эҳ-ҳе, кириш қисмида навбатда турганлар сонмингта! Иккинчи бор киришга йўл бўлсин! Ажаб, қаердан қуёш чарақлади — биздан олдинроқ кемадан чиққанлар ён томондан шаршара сари кўтарилишарди, биз ҳам зиналардан юқориладик ва янаям яқинроқдан томошани мириқиб давом эттирдик. Бу онлар ҳам жуда-жуда ширин эди, таърифига сўз бисотим етишмади. Энг баланд зина майдончасига етгач, бизлар ҳам умримизнинг қайтмас онларини видеоларгаю суратларга муҳрладик. Бу мўъжизани бошқа ракурсдан кузатишда ҳам гап кўп, ҳикмат кўп экан!

Ҳа, асрлар бўйи Ниагара шаршараси ўз жозибаси билан дилларни ром этгани этган, оҳанрабоси тортгани тортган, унинг ҳайбатини ҳар ким айрича таърифлайди, айрича тасаввур этади, айрича ҳузурланади! Чиндан ҳам кимлардир унинг сувларидан баҳра олиб, ғуборлардан, хасталиклардан фориғ бўлар. Ким билади? Соғайишни дил-дилдан истаганларга эътиқод ҳам, сув ҳам даво деганлар. Муҳими, ишонч, муҳими, ҳаётга, борлиққа, фикри ожизимча, одамларга муҳаббат!

Алал-оқибат истар-истамас ташқари чиқдик. Шуниси қизиқки, Ниагара дарёси бўйлаб юрарканмиз шаршара бағишлаган янгича руҳ бизларни тарк этай демасди. Узоқлайсиз. Узоқлайверасиз. Нигоҳингиздан эса Ниагара кетмайди, кетай демайди! Олис-олислардан кел, келақол, меҳру сеҳримдан, муҳаббатимдан баҳра ол, ҳаёт сен ўйлаганчалик мураккаб эмас, деяётгандек ўзига чорлайверади...

Қанчлар чорламагин, сеҳр-меҳринг йўлламагин, сени қанчалар севмай эй мафтункор Ниагара, юрак қурғур яккаш ватан дейди, ВАТАН дея ураверади...

Ҳафиза Саляҳова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг