Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Вертолёт, кортеж ва бошқалар ҳақида мулоҳазалар

Вертолёт, кортеж ва бошқалар ҳақида мулоҳазалар

Оққўрғон туманида келин-куёвни олиб  кетаётган вертолёт ва еттита Каптива иштирокида тўй кортежининг уюштирилгани ҳақидаги хабар шов-шувга айланиб кетди. Шу кеча-кундузда ижтимоий тармоқларда обдон муҳокама этилаётган бу мавзу юзасидан фойдаланувчилар ҳам ўз муносабатларини билдиришмоқда.

«Кортежни йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда бошқа ҳаракат иштирокчиларига халақит берган, деб чиқишди. Аммо, бир тарафи бор: Ўзбекистондаги тўйларда ҳам вертолёт хизмат кўрсата бошласа, нимаси ёмон?! Бошқа давлатлардан қаеримиз кам? Манимча, буни тўғри қабул қилиш керак эди...»

«Дабдабабозлик ҳам эви билан-да! Кўр-кўрона бошқа давлат анъаналарига эргашиш, ҳатто, тўйларимизнинг ҳам маданий-маънавий кўринишини издан чиқариб юборди. Ахир тўйларимиз кишиларни тарбияловчи бир восита бўлиб хизмат қилиб келган...»

Қарама-қарши фикрларни тинглар эканмиз, беихтиёр тўйлар ҳақида қоғоз қоралагимиз келди. Тўғри, тўйлар мавзуси эскирган. Лекин, айнан тўйлар сабаб жамиятда турли воқеа-ҳодисаларнинг янгиланиб бораётгани мулоҳазага чорлайди.

Мавзу фақат тўйлардаги кортеж эмас

Бир пайтлар тўйларда лапарлару ёр-ёрлар, миллий рақс санъати, қўшиқ санъати юксак даражада камол топган экан. Энг машҳур полвонлар ҳам, энг зўр хушовоз ҳофизлар ҳам хокисор элимизнинг тўй-томошаларидан етишиб чиққан. Кексалар сўзига қулоқ тутсангиз, бундан 50-60 йил илгариги тўйлар ҳақида ўзгача фикрларни тинглайсиз.

«Бурунги тўйлар бутун маҳаллага ибрат, ўрнак маросими бўла оларди. Қизлар иффату ҳаё пардаси остида мусиқа чалиб, қўшиқ айтишар, иззату-одоб ила ўйин-кулги қилишарди. Шариат қоидаларига риоя этган ҳолда йигитлар билан шеърхонлик, чиройли айтишувлар билан базму-жамшидни обод этишарди. Афсуски, ХХ аср ўрталаридаги ижтимоий-сиёсий ўзгариш халқимизнинг муқаддас анъаналарига, тўйларига ўз таъсирини ўтказмай қўймади. Спиртли ичимликлар тўй дастурхонининг шоҳига айланди. Аёллару эркаклар бир дастурхон устида ароқ чўқиштиришади. Етмаганига, ёш ҳам, қари ҳам одамлар олдида алламбало ҳаракатлар билан опичлашиб, ўйинга тушишади. Ва тап тортмай, ижтимоий тармоқларга ҳам тарқатиб юборишади. Тўй баҳона фаҳшу зинодан ҳам қайтмайдиган бўлиб кетишди одамлар. Айримлар тўқликка шўхлик қилиб, тўйларда  «Мен сендан камми?» дея исрофгарчилигу, кимўзарчиликнинг авж олишига ҳам сабабчи бўлишди. Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди, қизим. Аслида, ана шундай дабдабалар Ўзбекнинг асл тўйларини емирди. Исрофгарчилик иллатга айланди. Диққат билан кузатсангиз, тўйхонада қанча маҳсулот исроф бўлади. Иссиғу яхна таомлар тортилади. Ўйлаб кўринг, одам шунча овқатни икки-уч соат ичида еб тугата олиши мумкинми? Аслида, бу бутун умр йиққан-терган маблағни ҳавога совириш, исроф қилишдир. Ачинарлиси, бу емаклар ахлат қутиларга улоқтирилмоқда. Тўй расм-русумлари издан чиқди. Қанча-қанча ёш оилалар ҳам ана шундай дабдабабозликлар сабаб пароканда бўлиб кетди»,-дейди Ромитан туманидаги Мусича қишлоғида яшовчи 79 ёшли Сафар бобо Аҳмедов.

Сафар бобонинг куйиниб гапиришида жон бор. Ижтимоий ҳаётдаги иқтисодий тақчилликка қарамай, тўйларни дабдабали ўтказиш, сарполар олишу, маишатга муккасидан кетиш кучайган. Меҳмонларга хил-хил таомлар тортишлару, тоғорабозликлардаги манманликлар, ортиқча харажат ва исрофгарчиликлар жуда кўпчиликнинг жонига теккан. Шунга қарамасдан, тўйларни тартибли, ихчам ўтказиш учун ҳеч кимда ирода, қатъият етишмаяпти. Боз устига, замонабозликка берилиб, тўй столлари устида акариумда балиқларнинг ҳам сузиб юриши лозимлиги урфга айланиб улгурди.  

Доду-бедод...

Бугун тўйхоналарнинг саноғи йўқ. Ҳатто, энг чекка қишлоқларгача тўйхоналар қад ростлаган. Бу бир жиҳатдан қулай, аммо, тўйхоналар тўйлардаги файзу зийнатни, кўринишни йўқотди. Тўйхона фақат еб-ичиб, маст-аласт бўладиган, шовқин-сурон майдонига айланди-қолди. Карнай-сурнайу, куй-қўшиқларнинг доду-бедодидан одамлар ёнгинасидаги ошнаси билан гаплаша олмайди. Мусиқа карнайи махсус бақиртиргичларга уланган: қулоқлар том битиб қолади. Келин-куёв - ўзбек. Мусиқалар хорижона.

«Маданиятли» қуда-андалар ўзаро келишган ҳолда 3-4 миллион сўм ортиқча харажат қилишиб, балетмейстрни ҳам таклиф қилишяпти. Ярим-ялонғоч кабутарлар гўёки келин-куёв образини яратармиш. Уят-да, энди! Тўрт томонга сакраб-айланаётган балетмейстр тўй тўрида эмас, давранинг бошидан-охиригача инглизча куйда валсга тушаётган келин-куёвлар  тез-тез  «қистириб» қўядиган пулларни олиб қўйишни ҳам унутмайди. Бундан ташқари, созандасиз тўй ўтказиш урфга кирдию, даврани раққос йигитлар эгаллади. Уларнинг тўй майдонида алмойи-алжойи рақслари беихтиёр кўз ўнгингизда «масхарабоз ўйини» мусобақаси намоён қилади»,-дейди Когон туманилик Салим Набиев бугунги тўйлар ҳақида гапирар экан.

Санъаткорлар ҳам устаси фаранг бўлиб кетишган. Матни бузилган куй-қўшиқларга шунчаки лаб қимирлатиб туришдан чарчашмайди. Ўзбекча куй-наволар остида  талаффузи номуносиб хорижона қўшиқлар янграйди. Ҳар ким ўз-ўзи билан банд. Биров билан бировнинг иши йўқ. Муҳими, одамларнинг қорни тўқ, кайфи тароқ... қалби оч. Тўйларнинг, нафақат, мазмуни, балки шаклининг ҳам ўзгариб бораётганидан, ўзбек маданияти тўхтовсиз хориж маданияти хуружи остида қолиб бораётганидан юрак ачишади.

«Бир пайтлар тўй, деганда дийдор, суҳбат, камтарлилик, тежамлилик уйғун бўларди. Бугун эса тўй, деганда элу-юртни овқату ароққа тўйдириш тушунилгандек, гўё. «Фалончи ака зўр тўй берди, «Писмадончи ажойиб ош қипти», «Тўй соҳиби базмда  ароқни челаклаб қуйди-да, офарин!»-деб кекириб қўямиз. Кераксиз дабдаба, ота-оналарнинг ҳашамати, ёшларнинг ортиқча шўхлиги оқибатида тўйларнинг мазмуни-шакли ўзгарди. Аммо, биз хоҳлаймизми-йўқми, бугун эмас, эртага, албатта, тўй ўтказиш тартиблари ихчамлашиб, соддалашиб бораверади. Негаки, нархларнинг ўсиши, кундалик истеъмол молларга бўлган эҳтиёжнинг ошиб бориши кишини кўпроқ ишлашга, меҳнат қилишга ундайди. Одамлар ижтимоий ҳаётнинг мазмун-моҳиятини англашлари учун имкон туғилади. Машаққатлар билан топган пулларини тўй-томошаларда ҳуда-беҳуда совуришдан сақланишади. Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисида»ги Фармоннинг эълон қилинганига бир неча йил бўлди. Фармон ижросини таъминлаш амаллари анча-мунча ўз натижасини кўрсатган. «Ёшлар базми», «ЗАГС тўйи», «Фотиҳа тўйлари» қисқартилган. Миллий урф-одатларимиз сирасига кирувчи «Чимилдиқосар» маросимидаги ортиқча дабдабалару, кераксиз харажатлар камайтирилган»,-деди Бухоро шаҳридаги Шодлик маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нодира Эргашева.

Сарпо-суруқ совуқчилик солар

Сепли қиз бўлгунча, эпли қиз бўл, деган гап бор. Келинлик остонасида турган қиз «Сарпо харид» чоғида хархаша қиладиган ёш болага айланишади-қолишади. Бозор расталари оралаб бораётган келин бўлмиш қизларнинг савдо чоғидаги ҳолатини кўриб, ҳам куласиз, ҳам таъбингиз хира бўлади. Бўлғуси қайнона-қайнотадан тап тортишмай, «Унисини эмас, бунисини оламан!» деб оёқ тираб олишади. Қимматбаҳо буюмлару, олтин-кумуш дўконларида маш-машасини бошлаган келинчак-қизнинг беўхшов қилиқларидан бўлғуси қайнонанинг юраги зирқиррайди.

- Бунисига қўлимиз сал калталик қилади-я, қизим...

- Йўқса, кераги йўқ, қўяверинг! - тумшаяди келин-қиз.

Қайнона ноилож қолади. Тўйни қайтариш шаштида ёнадию, яна шайтонга «ҳай» беради. Келин бўлмиш шу маҳалланинг қизи. Эртага маҳаллага ҳар хил гап-сўзлар тарқалиши мумкин. Ҳарна бўлгандаям, ўша қимматбаҳо тошни сотиб олишга мажбур... Боз устига, кейинги пайтларда йигитлар ҳам «куёвчак»ликда келинлардан ўзишмоқда. Бозорларда ва мебел жиҳозлари савдо марказларида арзонроқ ётоқ мебелларни харид қилишда келин томонни қарзга ботираётганларни кўриб, ёқа ушлайсиз.

Қайсарлик ва ўжарлик билан иккинчи тарафни қақшатиб, ўзи истагандек мато-мебелларни олган бундай ёш оиланинг шоду-хуррам, хушнуд онлари бир неча ой давом этади, холос. Тўйдан олдин бозорда  ўз феълини «кўрсатиб қўйишган»и учун қайноналар ҳам тўйдан кейин «томоша»сини кўрсатиб қўйиш пайига тушади. Янги келин туширган хонадон турли витаминларга бой таомлар, мева-чевалар истеъмол қилиши лозим бўлган даврда қайнона-қайнота тўй қарзларини тўлаш билан банд бўлади. Натижа эса аён. Камқон ва носоғлом фарзанд дунёга келади. Оила ўз-ўзидан пароканда бўлади.

«Сарпо харид» чоғидаги яна бир томошани кузатиб, айрим ота-оналарнинг кимўзарчиликка берилиб, ёшларнинг орзу-ҳавасларига қарши чиқаётганларига ҳам гувоҳ бўласиз.

Бўлғуси келин-куёв ўқимишли. Янгиликка ўч. Китобу илмга берилишган. Уларга олтин-кумуш, қимматбаҳо кийим-кечакларнинг қизиғи йўқ. Бозорга икккаласиниям судрагудек олиб чиқишган.

- Бизга қарз-қавола қилиб, сарпо-суруқ қилманглар, илтимос.

- Одамлар нима дейди?! Нима, бировдан камимиз борми? Ҳеч кимдан орқада қоладиган жойимиз йўқ. Керак эмас, керак эмас, дейсанлар, сенларга осмондаги ой керакми?

-  Йўқ,- дейишади бўлғуси оила соҳиблари ийманишиб,-бизга, яхшиси, арзонроқ бўлсаям, компьютер олиб беринглар.

- Бу сарполар пули ўнта компьютерингдан қиммат туради. Бўлмағур гапларингни қўй!

Ёшларнинг орзу-ҳаваси ҳавода қолди.

- Сарполаримизга ҳеч бўлмаса, китоб қўшарсизлар,-дейишди ёшлар хуноб бўлишиб.

Китобга, илмга муҳаббати зиёда ёшларни кузатиб турганлар «Телба келин-куёв» дея уларнинг устидан кулишди. Тўғри, айримлар фикрича, улар илму китоб билан банд бўлишса, тирикчилигу бозорни ким қилади? Аммо, инсон дунёга шу икки мақсад: Тирикчилик ва Бозор учун келмаган. Ёшлар истагандек сарпога китоб қўйилиши, шубҳасиз, оиланинг мустаҳкамлигини таъминлайди.

Машиналар «ўйини»

Бугун ёш қуда-андалар келин-куёвга обрў, дея тўй дабдабаси олди уларнинг турнақатор машиналарда шаҳар айланишларини таъминлаб қўйишган. Ёшлар ҳам шовқин-сурон, қулоқ пардаларини йиртиб юборгудек мусиқа садолари остида кимўзарга етиб-олар қилишиб, машиналар «ўйини» билан шаҳар кезишади. Кўчани тўлдириб, қийқириб-қувалашиб бораётган машина ҳайдовчилари ана шу вазиятларда инсонлар ҳаётини, умуман, ўйлашмайди. Дабдаба, ҳою-ҳавасга ҳирс авжининг охири кўпинча фожиа ёки кўнгил хираликлари билан якун топади.

«2019 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтганди. Унда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга оид ўзгаришлар маълум қилинди. Унга кўра, тўйларда тўй кортежи 3 та машинадан ошмаслиги белгиланган эди. Бироқ, маҳаллалар томонидан олиб борилаётган ишларга қарамай, кўпчилик фуқаролар амал қилишмайди. Ўрни келганда, ҳар доим ҳам ортиқча автомашиналар хизмати учун ички ишлар бўлимлари томонидан чора кўриш нари турсин, эътибор ҳам қаратишмайди. Қачонки, шов-шувли ёхуд фожиали ҳолат содир бўлса, ўша ерда ҳозиру-нозир бўлишади. Биргина маҳалла раисини жон куйдириши билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди»,-дейди ўзини таништиришни истамаган маҳалла раисларидан бири.

«Яқинда қўшнимиз қиз чиқарди. 7-8 та машина келинпошша оёғи остида «поёндоз». Келин эса гўзаллик салонида. Куёвтўра икки соатча кутди. Бир пайт келинчак «Загсга бормайман»лаб қолди. Нима эмишки, у дугоналарига «Менга мингта шалоқ машинаси керак эмас, мен Trekerда бораман!»- деб ташқарида қўлида гул билан кутиб турган куёвга «ишқнома» жўнатибди. Куёв йигит бўлғуси умр йўлдошининг бундай дийдиёси эртага турмушимизни қай кўйга солади»,-дея жаҳл билан тўйни қайтарди. Қизига муносиб тарбия беролмаган ота-она эса уятдан нима қилишни билмай қолишди. Кўксимизда оғриқ санчади. Қуруқ ҳою-ҳавас, сохта обрў келин бўлмишнинг бир оғиз эркатойлиги билан оёғи остидаги бахтни қулатди-қўйди. Тўй кортежлари тартибсизлиги назоратини ички ишлар олиб бориши ва жой-жойига қўйиши керак»

Гулшода Ҳамидова,

ўқитувчи.

 «Тўй-ҳашамларни-ку, қўя турайлик, дафн маросимларида ҳам сарфу-харажатларнинг осмон қадар бўйлаши таъбни хира қилмай қўймайди. Вафот этганнинг руҳи шод бўлсин, дея дастурхонларнинг шоҳона ёзилаётгани, ҳатто, жасаднинг ювилиб, тобутга олишини, қўйингки, тупроққа қўйилгунича бўлган ҳолатларнинг-да, видеотасмаларга олиниши жуда нохуш манзара. «Отам ўлади-ю, мозоргача ўнта машина қилолмайманми?»-дея тобутни елкалаб бориш ўрнида бир қадам нарига ҳам сўнгги русумдаги машиналар хизматини йўлга қўювчи бойвуччалар кўпайди. Тиригида отасини ўз машинасида бозоргача олиб бормаган ўғилнинг ота жасадини мозоргача елкалаб бориш ўрнида димоғдорлик қилганига нима дейсиз? Аслида, кимўзарчилик кимбузарчиликка хизмат қилади. Тўғри, марҳумнинг хотираси доимо муқаддас. Лекин қирқ кун эҳсон қилиб, гўё унинг билиб-билмай қилган гуноҳларини енгиллаштиришга ҳаракат қилиш нимаси?! Ҳадисларда айтилишича, агар бировнинг яқини қазо қилса, уч кун мотам қилиши мумкинлиги, бехабарлар етти, йигирма ва қирқ кунгача Қуръон ўқиб, савобини азадорга етказиши мумкин экан. Ўзбекларга хос урф-одат, расм-русум ва тартиб-қоидаларни имом, отинойи ва дастурхончилар мулоҳаза қилиб кўрсак, бугунги қарор ва талаблар асносида исломий қадриятларга риоя қилган ҳолда белгиласак, мақсадга мувофиқдир».

Саидбурҳон Қодиров,

журналист.

 Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг