Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хитой АҚШдан обрўли, Исроил энг ёқимсиз давлат, марҳум папа ва Трамп — Democracy Perception Index

Хитой АҚШдан обрўли, Исроил энг ёқимсиз давлат, марҳум папа ва Трамп — Democracy Perception Index

Коллаж: Xabar.uz

2025 йилги Демократияни қабул қилиш индекси (Democracy Perception Index) янги маълумотларига кўра, Доналд Трампнинг Оқ уйга қайтиши фонида бутун дунёда АҚШга муносабат сезиларли даражада ёмонлашди.

100 та мамлакатдан 110 мингдан ортиқ киши қатнашган сўровда демократияни қабул қилиш, геосиёсат ва етакчи жаҳон давлатлари баҳоланди.

АҚШ. Сўровда қатнашганларнинг аксарияти АҚШга нисбатан салбий муносабат билдирди, бу ўтган йилга нисбатан кескин пасайишни кўрсатади. Айниқса, Америка имижи Европа Иттифоқи мамлакатларида жиддий пасайди — бу, энг аввало, Трампнинг Евроиттифоқ ҳақидаги «даҳшатли», «ачинарли» ва «АҚШни алдаш учун яратилган» деган баёнотлари туфайли юз берди.

Хитой. Айни пайтда Хитой ўз мавқеини яхшилади ва глобал симпатия даражаси бўйича АҚШни биринчи марта ортда қолдирди. Дунёнинг аксарият минтақаларида Хитойга муносабат яхши.



Россия. 2022 йилда Украинага бостириб кирган Россиянинг обрўси ҳамон АҚШга нисбатан паст, аммо аста-секин ўнгланмоқда.

Доналд Трамп. АҚШ президентининг жаҳондаги нуфузи унинг мамлакати имижига мос келмоқда. Нуфуз борасида у Владимир Путин ва Си Цзинпиндан ортда қоляпти. Сиёсат, маданият ва дин намояндалари орасида энг паст баҳо олган ҳам Трамп — Илон Маск, Билл Гейтс, марҳум папа Франциск, Тейлор Свифт ва Ким Кардашян ундан обрўлироқ.

Исроил. Сўровга кўра, симпатия даражаси бўйича Исроил энг охирги ўринни эгаллади, айниқса, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиёда бу мамлакатни ёқтиришмайди. Ҳатто анъанавий тарзда дўстона муносабатни сақлаб келган Германия каби Европа мамлакатларида ҳам, Ғазо сектори ва Ғарбий соҳилдаги хунрезликлар сабабли, Исроил сиёсатидан норозилик ўсмоқда. Халқаро жиноий суд 2024 йилда бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳарбий жиноятлари учун ҳибсга олишга ордер берганидан сўнг норозилик янада кучайган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг