Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хоразмда саксовулфурушлар экология инспекторларини калтаклаб кетишди

Хоразмда саксовулфурушлар экология инспекторларини калтаклаб кетишди

Жорий йил 15 июль куни Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси экологик назорат инспекцияси ходимлари томонидан Пешку туманининг «Сафрон» чўл массивида навбатдаги рейд тадбири ўтказилди.

Рейд тадбирига вилоят экология бошқармаси инспекция бошлиғи Ж.Тошев бошчилигидаги  6 нафар экологик назорат инспекцияси ходимлари жалб этилган.

Рейд давомида инспекторлар Хоразм вилоятида яшовчи фуқаролар томонидан (шахси номаълум) «ЗИЛ» русумли юк машинаси билан чўл ҳудудидан ноқонуний равишда саксовул ўсимлигини кесиб, юк машинасига ортган ҳолда чўлнинг ички йўли орқали кетаётганини кўриб қолишган ва бошқармага тегишли  хизмат автомашинаси билан юк машинасини таъқиб қилишган.

Кузатув давомида тахминан 110 км масофадан сўнг юк машинаси Ғузор–Бухоро–Нукус А-380 автомобил йўлининг Бухоро вилоятидан Хоразм вилояти йўлига чиқиб, ҳаракатни давом эттирган. Шундан сўнг Ж.Тошев автомобил йўли бўйлаб 5 км масофадан сўнг бошқарма инспекция ходимлари Н.Муҳаммадиев ва О.Ҳусеновларни орқадан келаётган бошқа автомашиналарни назорат қилиш учун тушириб, ўзи «ЗИЛ» русумли юк машинасининг ортидан кузатувни давом эттирган. У юк машинасидан ўтиб кетганида тахминан 200 метр масофада Хоразм вилоятига тегишли давлат рақами 90 Х 780 ХХ бўлган оқ рангли «Isuzu» русумли юк машинаси йўлини тўсган. Машинадан нотаниш фуқаролар қўлида ҳар хил турдаги совуқ қуроллар (бита, арматура, темир труба) билан тушиб келиб, бошқарманинг автомашинасини уриб, пачоқ қилишган ҳамда инспекция бошлиғини ҳар хил ножўя сўзлар билан ҳақоратлашган. Шундан сўнг Ж.Тошев воқеа жойидан кетган.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлар бошқарма инспекция ходимлари Н.Муҳаммадиев ва О.Ҳусеновларни юз ва тана қисмларининг барча соҳасига уриб, турли хил оғир тан жароҳатлари етказишган (Н.Муҳаммадиевнинг оёғи синган). Кейин уларни юк машинасининг бортига юклаб, ўзлари билан олиб кетаётган вақтда инспекторлар ҳаракатланиб турган юк машинасининг орқа борт қисмидан ўзларини ташлаб, қочишга улгуришган.

«Ҳуқуқбузарлар иккала инспектор — Н.Муҳаммадиев ва О.Ҳусеновга тажовуз қилиб, уларга оғир тан жароҳатлари етказишган. Инспекторларимиз жароҳат олганига қарамасдан, воқеа жойидан қочишмаган ва ўз хизмат вазифасини давом эттиришган. Ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълум қилинди. Ўз вақтида ушбу ҳолатга тезкор таъсир чораларини кўрган орган ходимларига миннатдорлик билдирамиз. Экология соҳасидаги бу каби қонунбузарликларга — табиий ресурсларни ноқонуний кесиш, олиб чиқиш, шунингдек, давлат инспекторларига нисбатан зўравонлик ва қаршилик кўрсатиш ҳолатларига қатъий ҳуқуқий баҳо берилади. »,-дейди Жамол Носиров.

Айни дамда мазкур ҳолат юзасидан Хоразм вилояти Тупроққалъа туман прокуратураси томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг