Хушхабар. Яна 24 бемор тузалди

Коронавирус пандемияси туфайли дунё мамлакатлари бошига тушган синов юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Шундай вазиятда аҳолининг қийинчиликларни бирдамлик билан енгишга ҳаракат қилишаётгани эътиборга молик. Айниқса, ушбу инфекция тарқалишининг олдини олиш борасида тезкор ва қатъий чоралар кўрилмоқда. Бунда тиббиёт ходимлари матонати ва фидойилиги алоҳида эътиборга молик.
Уларнинг коронавирус инфекциясига чалинган беморларимиз соғайиб кетишлари йўлидаги мислсиз ғайрати туфайли яна 24 нафар бемор дарддан бутунлай фориғ бўлишди. Тузалганларнинг 19 нафари Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан, яна тўрт нафари эса Бухорода касалхонадан чиқарилган. Уларнинг икки нафари (бири Андижондан, яна бири эса Тошкент вилоятидан) Туркиядан Бухорога келган бўлиб, жорий йил 26 март куни коронавирус инфекцияси аниқланган эди. Яна фарғоналик икки нафар фуқаро эса чартер рейс орқали Россиядан Бухорога келишгач, уларда ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланганди.
Шунингдек Хоразмда ҳам бир ҳамюртимиз касалликдан тузалиб, касалхонадан чиқди.
Тошкентда коронавирусдан тузалганлар Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва бошқа масъуллар Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатишди.
Дарҳақиқат, қаҳрамон шифокорларимизнинг билими ва тажрибаси туфайли коронавирус инфекциясига чалинганлар орасида ўлим кўрсаткичларининг минимал даражада бўлиши ва аксинча, соғайганларнинг максимал даражада бўлишига эришилмоқда. Натижада, айни пайтда соғайганлар 61 нафарга етди.
Бу каби самарали натижаларга эришишда, аввал хабар қилганимиздек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, шунингдек, Германия, Жанубий Корея, Хитой, Япония каби қатор давлатларнинг нуфузли мутахассислари тавсияларидан фойдаланилаётгани, бундан ташқари, юртимизнинг пульмонолог, кардиолог, терапевт, эндокринолог каби етук мутахассислари билан телемулоқот ўрнатилиб, зарур тавсияларни олишаётгани, уларни бир жамоа бўлиб фаолият кўрсатишаётганлиги ана шундай ижобий ютуқларни қўлга киритишда муҳим омил бўлмоқда. Қувонарли жиҳати, шифокорларимиз маҳорат ва фидойилиги коронавирус инфекциясини самарали даволаш мумкинлигини исботламоқда.
Эндиликда уларнинг сафига Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонаси ҳам қўшилди. Ушбу тиббиёт муассасасининг фидойи ва жонкуяр шифокорлари саъй-ҳаракати ўзининг дастлабки самарасини бериб, 4 нафар бемор бутунлай соғайишди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Ҳар гал дарддан фориғ бўлаётган инсонлар қувончи эса қаҳрамон тиббиёт ходимларига куч-ғайрат, иштиёқ бағишламоқда. Энг муҳими, ушбу хушхабарлар дунёни таҳлика солаётган коронавирус инфексияси билан самарали курашиш мумкинлиги, ҳатто ғолиб бўлиш имкони борилигини кўрсатмоқда. Бунда эса ҳал қилувчи зарбани бериш, шубҳасиз, тиббиёт ходимларини зиммасидаги улкан масъулиятдир. Қаҳрамонларимиз эса ушбу вазифани шараф билан уддалашмоқда, деб бемалол айтишимиз мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter