Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

Йўқотилган вақт, кеч очилган эшиклар ва миллатни бой қиладиган соҳа ҳақида мулоҳазалар

Йўқотилган вақт, кеч очилган эшиклар ва миллатни бой қиладиган соҳа ҳақида мулоҳазалар

Foto: Xabar.uz

Хитойнинг Ғулжа шаҳрида олти тилда эркин гаплаша оладиган рус диаспораси вакили билан суҳбатда бўлгандим. Ҳайратимни оширгани — у ўзбек тилини ҳам биларди. У бирор марта Ўзбекистонда бўлмаган, таржимон ёки тилшунос ҳам эмас, шунчаки сайёҳларга ўз маданиятини тарғиб қиладиган оддий фуқаро эди. Аждодлари Россия ҳудудидан кўчиб келишган. Ўзи Хитойда туғилган ва шу ерда оила қурган. Туристик маданият ушбу ҳудуднинг кўпмиллатли аҳолисини шундай серқирра шаклланишига, турли маданиятларга ҳурмат билан қарашига замин яратган экан.

300 миллион сайёҳ

Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном ҳудуди 2024 йили хавфсиз сайёҳлик маскани сифатида рекорд миқдордаги — 300 миллиондан ортиқ сайёҳларни қабул қилган. Албатта, бунинг катта қисми ички туризм ҳисобига бўлса-да, жуда катта кўрсаткич. Ҳудуддаги биз гувоҳи бўлган Урумчи, Ғулжа, Қошғар шаҳарлари, Нарат яйловларидаги сайёҳлик лойиҳалари чиндан-да ҳайратланарли.

Ғулжа шаҳри марказидаги сайёҳлик кўчаси бўйлаб жойлашган уйларнинг эшиклари доим очиқ. Хонадонларнинг бирида уйғур, бирида қозоқ, рус ва бошқа миллатларнинг маданияти ҳамда санъати намуналарини кўрасиз.

Ғулжанинг эски шаҳар қисмидаги «Қозончи» сайёҳлик ҳудудида ҳам шундай муҳит ҳукмрон. Биз меҳмон бўлган хонадонда табиий музқаймоқ тайёрланар экан. “Бир неча авлоддан мерос бўлиб қолган ушбу касб сир-асрорларини ота-боболаримиз Ўзбекистон ҳудудидан, водийдан ўрганиб қайтишган”, дейди хонадон эгаси.

Шинжон вилоятидаги энг қадимий шаҳарлардан бири — Қошғар Буюк Ипак йўлидаги муҳим савдо маркази бўлган. Шарқ ва Ғарб маданиятлари кесишган бу тарихий шаҳар ўзига хос муҳити билан саёҳатчиларни жалб этишда давом этмоқда. Эски шаҳардаги минглаб эски хонадонлар бузилиб, ўрнида осмонўпар бинолар қурилмади, аксинча шаҳар миллий услубда, ҳовлилар кўринишида қайта тикланди. Бундан ҳудудни туризм орқали оёққа турғизиш кўзлаганди.

Ҳозир ҳам Қошғарнинг эски шаҳрида кўп асрлар илгари бўлгани каби, ҳаёт қайнамоқда. Кўҳна шаҳарда сайёҳларнинг кўплигидан ҳайратингиз ошади. Сайёҳлар эски шаҳар бозорларида, кулолчилик ва темирчилик устахоналарида, уйғурча куй-қўшиқлар янграётган хонадонларда, чой ва зираворлар ҳиди таралиб турган дўконларда ўтмиш руҳини ҳис қилишади.

Уч томондан Тянь-Шаннинг виқорли қоялари билан ўралган Нарат миллий ўрмон боғига эса ёз мавсумида ҳар куни ўртача 30-40 минг сайёҳ ташриф буюрар экан. Бу ҳудуднинг маҳаллий аҳолиси — қозоқ чорвадорлари чорва етиштиришдан ташқари, туризм хизматларини кўрсатиб, яхши даромад топишади. Бир оила сайёҳлик хизматларининг ўзидан бир мавсумда (уч-тўрт ой давомида) 50 минг юань, яъни салкам 7000 АҚШ доллари миқдорида қўшимча фойда олишар экан.

Хитойнинг бундай туризм инфратузилмаси бир жиҳатдан иқтисодга катта фойда келтираётган бўлса, бошқа тарафдан маҳаллий аҳолининг, турли миллатларнинг ўз урф-одатларини сақлаб қолишига замин яратган. Уларнинг маҳаллалари, хонадонлари, анъаналари асл ҳолича турибди.

Йўқотилган вақт ва кеч очилган эшиклар...

Ўзбекистоннинг иқлими ҳам, ошхонаси ҳам, миллий анъаналари ҳам Шинжон-Уйғур автоном ҳудудиникига жуда яқин. Шу жиҳатдан, уларнинг тажрибаси бизга ҳам қўл келади. Афсуски, Ўзбекистон туризм соҳасида анчагина вақт ва имкониятни бой бериб қўйди.

Илгари туристларга ўзимиз чеклов қўйганимиз рост. Мамлакатимизнинг ташқи дунё билан муносабати эҳтиёткор ва ёпиқ эди. Чет эллик меҳмон Ўзбекистонни кўраман деса, визанинг мураккаб чиғириғидан ўтиши керак, илмий экспедициями, шунчаки сайёҳми ёки сармоядорми — барига шубҳа билан қарардик. Бошқа давлатлар дунёга эшик очаётган пайтда, биз ҳар қадамда эшик устига қулф солардик.

2019 йилнинг 1 февралига келиб, фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кириш мумкин бўлган давлатлар сони 64тага етди. Бунгача улар сони атиги 18 та (!) эди.

Ҳозир бу рақам 100га қараб боради. 2025 йил 1 июндан бошлаб, Баҳрайн, Кувайт ва Ўмон фуқаролари учун ҳам 30 кунлик визасиз режим амалга кирди. Эндиликда улар аэропортларимиздан чиқиб, Тошкент, Самарқанд кўчаларида бемалол сайр қилиши, Хива қалъаларидан ўтиб, Бухоронинг кўҳна ёдгорликларини кўриши, табиатимизнинг гўзал манзараларидан баҳра олиши мумкин.

Туризм ялпи ички маҳсулотни кўпайтиришга хизмат қиладиган энг стратегик соҳалардан бири. Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонига кўра, мамлакатга 15 миллион хорижий сайёҳни жалб қилиш, 4 миллиард долларлик туристик экспортни таъминлаш, маҳаллий туризмда 40 миллионлик сафарлар уюштириш мақсад қилинган.

Тасаввур қилинг: бир йилда 15 миллион сайёҳ келса, ҳар бири агар 1000 доллардан харажат қилса — бу 15 миллиард доллар дегани. Бу нафақат меҳмонхоналар, балки ҳунармандлар, хизмат кўрсатиш соҳалари, кичик бизнес учун ҳам катта даромад манбаи.

Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!

Жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб ҳар ойнинг иккинчи ҳафтасидаги шанба ва якшанба кунлари «Оила ва жамоа билан саёҳат қилиш куни» этиб белгиланди.

Бу ташаббуснинг ахлоқий ва маънавий қиймати катта: у инсонларни ватанига ошно этиш, маданиятига ҳурмат билан яшашга чорлайди. Тан олайлик, Ўзбекистонда яшаб туриб, ҳаммамиз ҳам фарзандларимизга тарихий шаҳарларни, водийларимизу воҳаларимизни кўрсатмаганмиз. Инсон саёҳат қилар экан, юртини янада кўпроқ севади. Айниқса, болаларда Ватанга муҳаббат ҳисси таассуротлар орқали шаклланади.

Ҳечдан кўра кеч...

Ўзбекистон дунёдаги энг бой маданий меросга эга мамлакатлардан бири. «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида 3 та ноёб номоддий маданий меросни ЮНЕСКОга киритиш, 30 тадан зиёдини чуқур илмий ўрганиш, 158 та моддий мерос объектини асраш, 2,5 миллион экспонатни рақамлаштириш белгиланган.

Тарих орқали миллат имижини мустаҳкамлаш, туризмни дипломатияга айлантириш имкони бор. Бугун биз фақат визани бекор қилганимиз учун эмас, балки ишончни тиклаётганимиз, миллий имижни шакллантираётганимиз учун юртимизга туристлар келмоқда.

Меҳмон мамлакатга фақат кўриш учун эмас, англаш учун ҳам келади. Агар у бу ердан тарих нафаси, илиқлик, қулайлик ва хавфсизлик топса, у яна қайтиб келади ва бу ҳақда дунёга гувоҳлик беради.

Иқтисодиётни либераллаштириш, халқимизнинг турмуш даражаси ва фаровонлигини юксалтиришга қаратилган эътибор туфайли ўтган даврда ялпи ички маҳсулотимиз ҳажми 2 баробар кўпайиб, илк бор 100 миллиард доллардан ошди. Энди 2030 йилгача мамлакат ялпи ички маҳсулотини 160 миллиард долларга, киши бошига даромадни 4000 долларга етказиш мақсад қилинган. Туризм — ушбу умумий иқтисодий стратегиянинг муҳим бир бўлаги.

Ўзбекистон «ҳечдан кўра кеч яхши», дея соҳага эътиборни кучайтирди. Бу аллақачон ўз мевасини бера бошлади ҳам. Аммо, ҳали салоҳиятимизнинг ўндан биридан ҳам фойдаланганимиз йўқ. Бу худди янги олтин конидек гап. Фақат бунда захира чексиз, тугаб қолмайди. Агар тарих ва замин бизга берган бу инъомдан тўғри фойдалана олсак, аҳоли турмуш даражаси яхшиланиб бораверишига шубҳа қилмасак ҳам бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг