Зўравонликка учраган судья «боди-камера»даги ёзувлар монтаж қилинганини айтмоқда

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди судьяси Алишер Эргашев ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари зўравонлигига учраганидан хабарингиз бор. Воқеликдан икки кун ўтиб, Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати воқеалар қандай ривожлангани (ўз талқини бўйича, албатта) акс этган видео эълон қилди.
Судья А.Эргашев бошқарувидаги автомашинадаги видеорегистратори ва ички ишлар органи ходимининг «боди-камераси»даги ёзувлардан фойдаланилгани айтилган ИИВ видеоси турли фикрлар туғдиргани бор гап. Жамоатчиликнинг фаол қатлами вакиллари ИИВ тақдим этган видеога катта шубҳа билан қараб, лавҳалар монтаж қилинган бўлиши эҳтимоли юқорилигини билдиришди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда судья А. Эргашев ҳам ИИВ ахборот хизмати видеолавҳасида боди-камерадаги ёзувлар монтаж қилинганини айтди. Бироқ воқелик бўйича «чуқурлашиш» ни хоҳламади. Буни ҳолат юзасидан олиб борилаётган текширувга таъсир ўтказиши мумкинлиги билан изоҳлаган А.Эргашев улар (ҳолатни ўрганаётган ваколатли шахслар) «...ўз касбларининг ҳақиқий профессионаллари экани», «...монтаж ва ҳақиқий ёзувнинг фарқига боришларига» ишониши ва масала адолатли ва холисона ҳал қилинади, деб умид қилаётганини ҳам билдирган.
Воқелик бўйича терговга қадар текширув ишлари давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter