Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бишкек – совуқ об-ҳаво ва илиқ таассурот

Бишкек – совуқ об-ҳаво ва илиқ таассурот

Бишкекка тун ярмида келиб қўнишимиз олдидан ҳаво ҳарорати эълон қилинди – минус 15 даража совуқ. Гарчи олдиндан шунга тайёрланиб, қалин кийиниб олган бўлсак-да самолёт саҳнидан тушишимиз ҳамоно изғиринни яхшигина ҳис қилдик.

Совуқ обдон забтига оляпти. Тунов кунги аномал совуқ ёдингиздами, ундан ҳам аномалроқ.

Биз – бир гуруҳ журналистлар президент Шавкат Мирзиёевнинг 26-27 январ кунлари Қирғизистонга ташрифини ёритиш учун келгандик. Сал олдинга ўтиб айтаман, об-ҳаво қанчалик совуқ бўлса, Бишкекдан олинган илиқ таассуротлар олдида изғирин ҳам билинмай кетди. Қирғизистон пойтахти ҳақида кўп эшитгандим, ўқигандим. Айтилган гапларнинг кўпи рост чиқди – шаҳар ҳақиқатан ҳам типик совет архитектурасини сақлаб қолган, кўчаларда ўша давр нафаси сезилиб туради. Аммо мен ўқиган саёҳатномаларда бир нарса айтилмаганди – Бишкек ҳам, одамлари ҳам самимий.

Бугун кун давомида шаҳар айландик, асосан чекка ҳудудларда юришга ҳаракат қилдик. Энг биринчи таассурот – пиёдалар бир-бирига имкон қадар ҳалал бермасликка интилади. Айтайлик, одам гавжум жойларда тўсатдан ким биландир юзма-юз келиб қолсангиз, қаршингиздаги тез йўл беради. Шахсан ўзимда бир неча марта шундай бўлди, йўл бераман дегунимча менинг ҳаракат траекториямни аллақачон бўшатиб қўйишганди.

Бишкекда жуда совуқ эканини айтиб ўтдим, аммо деярли ҳеч қаерда музлаган кўча кўрмадик, ҳатто пиёдалар йўлакчалари ҳам тоза. Йўл четларида туз солинган махсус идишлар тургани эса биз учун янгилик бўлди – шунақа қилса ҳам бўларкан.

Яна бир муҳим жиҳат – бу ерда мен анчадан буён кўрмаганим ва соғинганим троллейбусни учратдим.

Эътиборга молик ҳолатлардан бири – ҳар қадамда валюта айирбошлаш шохобчалари ва банкоматлар бор. Мана шу банкоматлар атрофи эса топ-тоза турибди, бирортаси ташлаб кетилган чек қоғозлари билан тўзғимаган. Ҳатто чиқинди қути бўлмаса ҳам қоғозлар чиройли қилиб тахлаб қўйилган. Респект!


Шаҳар кўчаларида Ўзбекистон ва Қирғизистон байроқлари ҳилпираб турибди, «Кош келиңиздер!» ёзувлари осиб қўйилган. Матбуотда ташриф олди маълумотлари бериб турилибди. Ўзбек журналистларига ҳам ишлаш учун ҳамма шароит яратиб берилган, ҳамкасбларим бугун ҳатто Жўқорғи Кенеш биносида ҳам бўлишибди. Уларга ҳавас қилдим, Қирғизистон парламенти жуда фаол ва унинг фаолиятини озгина кузатиш зарар қилмаган бўларди.

Яна бир кўзга ташланган жиҳат — Бишкекда «UzAuto» автомобиллари деярли учрамайди. Асосан машҳур брендлар шаҳар кўчаларини тўлдириб юрибди. Ўзимизда маржондек тизилиб турадиган оппоққина «Кобалт», «Нексия 1-2-3» ва «Жентра»лардан зада бўлган бу кўзлар бир дам олди, яйради.

Аммо Бишкекда менга унча ёқмаган ҳолатлар ҳам бўлди. Аслида бу муаммолар Ўзбекистонда ҳам бор, масалан кўчалардаги ёзувлар асосан рус тилида экан. Қирғиз тилида ҳам эълонлар бор, аммо рус тилига эътибор кучлироқдек.



Яна бир ёқмаган жиҳат, машиналар тўхташ жойлари тартибсиз. Умуман, автомаданият бутун минтақамизда муаммо шекилли, Бишкекда ҳам истисно эмас. Масалан, бир жойда йўналишли микроавтобус ҳайдовчиси светофорга тўхтади ва йўлнинг ўртасида йўловчи туширди. Бу орада яшил чироқ ёнди ва ортда турган машиналарнинг сигнали жўровоз бўлиб кетди. Ёқимсиз ва таниш ҳолат.

Аммо барибир Бишкек менда анча илиқ таассурот қолдирди, дарахтларини айтмайсизми. Ёзда соя ва салқин бўлса керак.


Дарвоқе, биз ривожлантирмоқчи бўлаётган экотуризм бу ерда анча оммалашгани ҳатто шаҳарда ҳам сезилиб турибди. Боиси, тоғ сайрига чорловчи рекламалар ва овчи-балиқчиларга хизмат кўрсатадиган муассасалар тез-тез учрайди. Биласиз, Қирғизистон табиати жуда чиройли ва қўшниларимиз бу хусусиятдан максимал фойдаланишга уринмоқда.

Хозирча шу. Эртага президент Шавкат Мирзиёев Бишкекка етиб келиши кутилмоқда ва бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади. Xabar.uz ахборот-таҳлилий портали ташриф доирасидаги тадбирларни ёритиб боришни режалаштирган...

Зафар ҚОСИМОВ
Тошкент - Бишкек

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг