Икки ёш филолог яхши даромад олиш йўлини топишди. Қандай қилиб?
Яқинда Бухорода аҳолига IT-мутахассисликларни ҳамда компютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ўргатишга мўлжалланган янги IT-марказ ўз эшикларини очган эди.
Очилиш маросимида биз бухоролик ёш ва иқтидорли мутахассис Мироншоҳ Мустафаев билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик. У суҳбат давомида қандай қилиб IT-соҳасига кириб келгани ҳақида сўзлаб берди.
Мироншоҳ Мустафоев 24 ёшда, Бухоро давлат университетининг инглиз филологияси факультети битирувчиси. Шунингдек, у «WebClass» (онлайн таълим) номли лойиҳанинг ҳамасосчиси ҳамда IT Парк инкубация ва акселерация дастурининг иккинчи босқичи стартапчиларидан бири.
— Сизда таълим йўналишида платформа яратиш ғояси қаердан пайдо бўлди?
— Мен ҳамкасбим Сардор билан инглиз филологияси факультетида бирга ўқидик. Биз чет тиллари бўйича репититор сифатида ишлаб, даромад олувчи кўплаб дўстларимиз борлигини билардик. Шуни ҳисобга олган ҳолда, шеригим ўқитувчилар ҳар кимни онлайн тарзда, эркин график асосида ўқитиши мумкин бўлган таълим платформасини яратиш ҳақида ўйларди. Бошида мен бунга қарши эдим, чунки ўша пайтлар Ўзбекистонда интернет жуда суст ишлар ва қиммат эди. Лекин аста-секин интернет сифати яхшиланиб, нархлар эса пасайиб борди.
Лойиҳани, даставвал, Бухорода ишга туширдик. Биз ўқитишни IMO мобил иловасида бошладик, чунки у вақтлар Zoom ҳали жуда машҳур эмас эди ва Skypeʼдан фақат компютери борлар фойдалана оларди. Биз жуда паст нархга, деярли бепул таълим бердик. Биз фақат бу қандай самара беришини кўришни истадик. Тахминан 4-5 ойдан сўнг, одамлар муносабат ва қизиқиш билдира бошладилар. Бироқ онлайн таълимнинг моҳиятини тушунадиган инвесторларни топиш биз учун қийин эди, чунки ўша пайтда ҳеч ким пандемия яқин орада бошланиши ва ҳамма нарса онлайн режимга ўтиши ҳақида ўйламаганди.
— Лойиҳани қандай қилиб ишга туширдингиз?
— Ғоянинг ўзи 2018 йилда туғилган, 2019 йил январ ойида уни такомиллаштира бошладик, феврал ойида эса, биз ўз сайтимизни яратдик. Дастлаб, дўстларимизни тўпладик, операторни ёлладик ва бизнесни бошладик. Лойиҳа бошида бизда деярли ҳеч қандай иш ҳақи йўқ эди. Биз ҳаммамиз оддий талабалар эдик, холос. Мукаммал платформани 6 ой ичида яратишга муваффақ бўлдик. Аммо айни дамдаги платформамизни ҳам 100 фоиз камчиликлардан холи, деб айта олмаймиз. Чунки ҳали ҳам бажаришимиз керак бўлган, амалга оширилмаган ғояларимиз бисёр. Бундан ташқари, платформа ҳалигача TAS-IX тармоғида ишламайди.
— Лойиҳани ишга тушуриш учун жамоада қанча одам бор эди?
— Ўша пайтда ҳаммамиз ҳам стартап нима эканлиги ҳақида муайян тушунчага эга эмас эдик, лекин интилувчан бўлганлигимиз сабабли кўпчиликда лойиҳамиз қизиқиш уйғотди. Аввалига жамоада 10-15 киши бор эди, улар орасида мусиқачилар, фотосуратчилар ва филологлар ҳам бор, барчаси талаба эди. Бироқ ҳаммамиз университетни тугатиб, турли йўллардан кетдик.
— Қандай муаммоларга дуч келдингиз?
— Бизнинг асосий муаммо – бу инвестор топиш бўлган, дейиш мумкин. Инвесторлар билан боғланиш ва умуман, лойиҳа ишлаётганлигини исботлаш жуда қийин эди. Бироқ, пандемия бошланганидан сўнг, инвесторларнинг ўзлари бизни чақириб, ишларимиз қандай кетаётганини сўрай бошладилар.
Бундан ташқари, дастлабки босқичда ҳеч ким бизга ишонмади, чунки бизда нархлар паст эди. Ҳеч ким бу лойиҳанинг келажагини кўрмади, ҳатто биз умидсизликка тушган пайтлар ҳам бўлди. Мен ва менинг шеригим Сардор ёлғиз қолган эдик, биз ҳам оператор, ҳам ўқитувчи вазифасини бажаришимиз ва кириш дарсларини ўзимиз бажаришимиз керак эди. Мен бу лойиҳани қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилдим, чунки мен Сардорни ёлғиз қолдиролмадим. Мана 6-7 ой ўтиб, биз ниҳоят даромад олдик.
— Икки филолог қандай қилиб платформа яратишга муваффақ бўлди?
— Ўша пайтда, мен IT соҳасига қизиқмас эдим, сайтлар яратишдан эса, умуман хабарим йўқ эди. Сардорнинг бошланғич тажрибаси бор эди, у видеолар яратиш, таҳрирлаш, сайтлар, дастурлар қандай ёзилишини биларди. Сайтимизнинг илк прототипини Сардорнинг ўзи яратган, чунки дастурчиларга ҳақ тўлаш учун маблағимиз йўқ эди. У WordPress шаблонларидан фойдаланиб, барчасини ўзи яратди.
— Биринчи мижозларингиз ким эди?
— Бизнинг илк мижозларимиз чет элдаги ўзбек диаспораси бўлди. GreenCardʼни қўлга киритган, АҚШда яшайдиган, аммо инглиз тилини билмайдиган ҳамюртларимиз бор. Шунингдек, Россия, Корея, Германия ва бошқа мамлакатлардаги ўзбекистонликлар учун нархларимиз жуда паст, бундан ташқари, бизнинг ўқитувчиларимиз ҳар доим эркин график асосида ишлайди. Шунинг учун, мижозларимиз ўзларининг ўқув дастурларини тузишлари ҳамда қачон ва қандай кетма-кетликда ўрганишларини ҳал қилишлари мумкин. Бу кеч тун ёки эрта тонг бўладими, бизнинг ўқитувчиларимиз улар учун сабоқ беришга тайёр.
— «WebClass» айни кунларда қайси босқичда турибди?
— Бугунги кунга қадар, платформамизда 200 дан ортиқ битурувчи таълим олди, 25 нафар ўқитувчи фаолият юритмоқда ва айни дамда 60 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ўйлайманки, бугунги кунда бизнесимиз муваффақиятга эришяпти, мен бундай даромадни кутмаган эдим. Пандемия даврида одамлар «WebClass»га катта қизиқиш билдиришди, чунки биз доимо сифатга эътибор қаратамиз.
Мен ўзим ҳам дарс берганман, шунинг учун ҳар бир ўқитувчини шахсан танлаб оламан. Дарсларнинг сифати ҳақида саволлар бўлиши мумкин ҳам эмас. Шу туфайли, биз «сарафан маркетинг»дан фойдаландик ҳамда Корея, Америка ва бошқа мамлакатлардаги кўплаб талабалар бизнинг курсларимизни бошқаларга тавсия қила бошладилар. Энди «WebClass» муваффақиятга эришмоқда ва биз уни кенгайтиришимиз ва таълим платформамизнинг кам-кўстини тўлдиришимиз мумкин.
— Сизда инвестор борми ёки лойиҳа буюртмалар ҳисобига даромад кўрадими?
— Ҳозирда, таклифимизни қачонлардир рад қилган, аммо кейин лойиҳа нақадар истиқболли эканлигини англаган инвесторлар билан музокаралар олиб борилмоқда. IT Парк томонидан катта ёрдам тақдим этилмоқда, улар биз учун яхши инвесторлар излайдилар. Шунингдек, «WebClass» «OneMillionUzbekCoders» лойиҳаси доирасида бухоролик информатика ўқитувчиларини ўқитиш дастурининг бир қисми бўлади.
— Сиз лойиҳангизни Бухорода бошладингиз, бугунги кунда уни республика миқёсида, деб ҳисоблай оласизми?
— Ўйлайманки, уни аллақачон глобал деб аташ мумкин. Бухорода биз ушбу лойиҳани нолдан, ҳеч нарсасиз бошладик. Ҳатто, интернет учун ўқитувчиларимиз чўнтагидан пул тўлашди. Октябр ойида Тошкент, Самарқанд, Наманган ва ҳатто, Кореядан ўқитувчилар ҳам бор эди. Биз ўқитувчиларга эътибор қаратамиз, улар фрилансер сифатида сифатли иш қилишларини хоҳлаймиз. Ўқитувчилар юқори маошга эга эмаслиги сабаби – бу касб жуда машҳур эмас. Лекин биз улар учун фрилансерлар сифатида пул топиш ва бутун дунёга таълим бериш имкониятини яратмоқдамиз, масалан, бизнинг ўқитувчимиз Жаҳонгир немис тилини россиялик болаларга ўргатади. Шунингдек, қирғизистонлик талабани ўқитадиган корейс тили ўқитувчиси ҳам бор.
— Келажакдаги режаларингиз қандай?
— Бошиданоқ биз «Skyeng» аналогини яратмоқчи эдик, шунингдек, Марказий Осиё, Россия ва бошқа мамлакатлар бозорларига киришни мақсад қилганмиз. Мақсадимизга етиш учун дастлабки қадамлар, аллақачон, бизнинг давлат томонидан амалга оширилди — телевиденияда онлайн дарслар бор, онлайн таълим платформалар яратилган. Биз нафақат қўшни бозорларни, балки хорижни ҳам қамраб олдик. Бундан ташқари, TAS-IX зонасида юқори сифатли аналог видео оқимини яратмоқчимиз, бу ўз навбатида талабаларимиз учун интернет харажатларини тежаш имконини беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter