Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Интернетда шахсий маълумотлар ҳимояси жиддий муаммога айланмоқда

Интернетда шахсий маълумотлар ҳимояси жиддий муаммога айланмоқда

Иллюстратив фото

Ахборот технологияларининг жадал ривожланиши инсонлар учун кенг имкониятлар яратмоқда. Онлайн платформалар, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар алоқа, бизнес, таълим ва кўнгилочар воситалари сифатида кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Бироқ, бу имкониятлардан ким қандай мақсадда фойдаланиши ҳам масаланинг муҳим жиҳати ҳисобланади.

Хусусан, интернет глобал ахборот тармоғи имкониятларининг кескин ошиши шахсий маълумотлар хавфсизлигига доир жиддий хавф-хатарларнинг ҳам кучайишига сабаб бўлмоқда. Интернет орқали шахсий маълумотларнинг ноқонуний тарқатилиши, товламачилик ва бошқа жиноий ҳаракатлар билан боғлиқ ҳолатларнинг ортиши нафақат фуқаролар, балки давлат органлари учун ҳам долзарб масалага айланди.

Масалан, 2022 йили юз берган бир жиноий иш шахсий маълумотлардан ноқонуний фойдаланишнинг оқибатларини кўрсатади. Ш.Ф. Telegram мессенжерида «HELLO TASHKENT, SALAM TASHKENT» номли канал орқали бошқа бир фуқаронинг шахсий фотосуратларини эълон қилган. Бундан хабардор бўлган жабрланувчи канал юритувчилари билан боғланиб, улардан бири билан ёзишма олиб борган. Бироқ Ш.Ф. ушбу суратларни тарқатмаслик эвазига 1 млн сўм талаб қилиб, товламачилик йўли билан ушбу суммани иккига бўлиб, 500 минг сўмдан банк пластик картасига ўтказиб олган. Суднинг ҳукми билан Ш.Ф.га озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

2024 йили содир бўлган яна бир жиноятга кўра, фуқаро С.А. аёлнинг яланғоч ҳолдаги видеотасвирини унинг розилигисиз Telegram мессенжери орқали тарқатган. Суднинг қарори билан С.А.га маъмурий жарима қўлланган.

2024 йили сирдарёлик Ш.Қ. бошқа кишининг хабарисиз, унинг шахсига доир (биометрик) маълумотларидан фойдаланиб, 150 млн сўм кредит олган ва пул маблағларини ўз эҳтиёжи йўлида ишлатиб юборган. Суд ҳукми билан Ш.Қ.га озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Куни кеча эълон қилинган хабарга кўра, Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасида жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор табдирда бир гуруҳ шахслар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган уйлардан бирини ижарага олиб, Call-markaz фаолиятини йўлга қўйишгани аниқланди. Улар фуқароларга сохта қўнғироқлар орқали фирибгарлик йўли билан уларни алдаб, мол-мулкларини талон-торож қилиш билан шуғулланиб келишган. Ушбу жиноий гуруҳда 2 нафар ташкилотчи, 20 нафарга яқин оператор қўлга олинган. Тадбир давомида улардан 15 мингдан кишининг шахсий маълумотлари, кўплаб пластик карталар, гиёҳвандлик моддалари ашёвий далил сифатида олинган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шубҳасиз, бу каби ҳолатлар шахсий маълумотларнинг ноқонуний тарқатилиши, шантаж, товламачилик каби жиноятларнинг интернет орқали қандай осон амалга оширилиши мумкинлигини кўрсатади ва ўз навбатида, фуқароларнинг хавфсизлиги ва махфийлигига жиддий таҳдид солмоқда.

Қайд этиш керакки, бу борада чиқарилган ҳукмлар шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва интернетдаги ноқонуний ҳаракатларга қарши курашишда давлатнинг қатъий позициясини кўрсатади. Ўзбекистон қонунчилигида шахсий маълумотларни ноқонуний тарқатиш ва ундан жиноий мақсадларда фойдаланиш учун қаттиқ жазо чоралари назарда тутилган бўлиб, бу фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Интернетда шахсий маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун нафақат қонунчилик чоралари, балки фуқароларнинг эҳтиёткорлиги ҳам муҳимдир. Афсуски, кўпчилигимиз юқоридаги каби ҳолатларга дуч келганда, ўзбекчилигимизга бориб, истиҳола қилиб, ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилмаймиз. Бу эса ушбу турдаги жиноятларни содир этаётган шахслар учун айни муддао бўлмоқда ва уларнинг «фаолияти» гуллаб-яшнамоқда. Шунинг учун ҳам мессенжер ва ижтимоий тармоқларда шахсий маълумотларни улашишда эҳтиёт бўлиш, ишончсиз манбаларга маълумот бермаслик ва киберхавфсизлик қоидаларига амал қилиш зарур.

Шу билан бирга, давлат ва хусусий секторда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича замонавий технологияларни жорий қилиш, киберхавфсизлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва аҳолининг бу борадаги саводхонлигини, билим даражасини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Масалан, маълумотларни шифрлаш, икки факторли аутентификация ва бошқа хавфсизлик усуллари ҳақида кўпроқ тушунтириш олиб бориш ҳамда амалда бу усулларни кенгроқ қўллаш керак.

Хулоса ўрнида айтганда, шахсий маълумотлар хавфсизлиги замонавий жамиятнинг энг муҳим масалаларидан биридир. Юқоридаги мисолларга оид жиноят ишлари интернетдаги хавф-хатарларнинг реаллигини ва уларга қарши курашишда қонунчиликнинг ролини очиб беради.

Назаримда, давлат органлари ҳам мазкур мумаммога қарши курашиш борасида шахсий маълумотлар доирасида қуйидаги масалаларга эътибор бериши зарур:

  • биринчидан, қонунчиликни такомиллаштириш, интернетда шахсий маълумотлардан фойдаланишни тартибга солувчи нормаларни янги технологияларга мослаштириш ва жиноятлар учун жазоларни янада қатъийлаштириш;
  • иккинчидан, аҳолининг хабардорлигини ошириш, фуқароларни киберхавфсизлик бўйича ўқитиш ва уларнинг шахсий маълумотларни ҳимоя қилишдаги масъулиятини ошириш учун оммавий кампаниялар ташкил қилиш;
  • учинчидан, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ноқонуний фаолиятни аниқлаш учун доимий мониторинг тизимини кучайтириш ва тезкор жавоб бериш механизмларини ишлаб чиқиш.

Технологиялар ривожланиши билан бирга, давлат органлари шахсий маълумотларни ҳимоя қилишда фаол ва тизимли ёндашувни қўлласагина, фуқароларнинг махфийлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мумкин бўлади. Бу эса, ўз навбатида, жамиятда ишонч ва барқарорликни мустаҳкамлайди.

Маъмуржон Парпиев,
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
бўлим бошлиғи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг