Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Космонавтлар фазода қандай овқатлар ейиши маълум бўлди (фото)

Космонавтлар фазода қандай овқатлар ейиши маълум бўлди (фото)

Фото: «Научная Россия»

«Научная Россия» космик экипаж аъзолари қандай овқатлар истеъмол қилишини очиқлади.

Эълон қилинган маълумотга кўра, экипаж қатнашчилари учун уч турдаги: гўштли, сабзавотли ва гарнирли овқатлар рационлари шакллантирилади. Фазогирларнинг таъбига қараб у ёки бу масаллиқ қўшилади ёки камайтирилади. «Меню» асосан консервалар ёки махсус — сублимацион қуритиш йўли билан тайёрланган овқатлардан иборат. Охирги усулда овқатлар аввалига одатдаги тарзда тайёрланади, кейин музлатилади, қуритилади, таркибидаги суюқлик чиқариб юборилади. Уларга кейин сув қўшилса, ейишга яроқли ҳолатга келади.

Собиқ иттифоқнинг илк космонавтлари озиқ-овқатлари тўплами.
Фото: «РИА Новости»
Фазодаги «ибтидоий давр»да овқатлар мана бунақа тюбикларда ҳам берилган.
Фото: «Cont.ws»

Фазогирларнинг яқинлари уларга овқат жўнатишлари ҳам мумкин. Бироқ бунгача овқатлар махсус жиддий синовга дош бериши керак.

Умуман олганда фазогирларга 16 кунлик овқат берилади, улар ҳар хил бўлади. Барча порцияларнинг энергетик қиймати кунига бир кишига 3 минг калорияни ташкил этади.

Мана бу пакетдаги пуштиранг кукунга сув қўшилса тайёр овқат — боршга айланади.
Фото: «Научная Россия»

Бундан ташқари, «фазовий таом» уч турга ажратилади: термостабиллашган, регидратлашган ва табиий. Булардан охиргисига қўшимча ишлов бериш талаб этилмайди. Регидратлашган овқат таркибида сув бўлмайди, уни тановул қилиш учун сув қўшиш керак. Масалан, творог, угра кабилар. Термостабиллашган овқатларни қадоғини очишдан олдин иситиш керак бўлади (нўхатли шўрва, сабзавотлар қўшилган гўшт).

Замонавий космонавтларнинг озиқ-овқат тўплами.
Фото: «Еда-космонавтов.рф»

Хабарда ёзилишича, Халқаро космик станциядаги россиялик ва америкалик фазогирларнинг овқатлари шу икки мамлакатда тайёрланган. Бу эса уларга менюни бойитиш имконини беради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг