Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Улкан мамлакатни қурган кичкина одам (фото)

Улкан мамлакатни қурган кичкина одам (фото)

Коллаж: LIFE

Хитой иқтисодий тараққиёти ва замонавий социализмининг буюк меъмори Дэн Сяопиннинг машҳур гапи бор: «Мушук қорами — оқми, бу муҳиммас, муҳими — сичқон тутиши. Ана ўша энг яхши мушук». Дэн эркин иқтисодий зоналар ва фонд бозорлари моҳиятан капиталистик ёки социалистик бўлиши муҳим эмаслиги, энг асосийси — улар келтирадиган фойда эканини назарда тутганди.

Дэн Сяопин (туғилган пайтида — Дэн Сяншэн) 1904 йилнинг 22 августида Сичуан вилоятининг Пайфан қишлоғида зиёли оиласида туғилган. Отаси Дэн Вэнмин таълимнинг аҳамиятини жуда тушунган одам эди, шу боис тўнғичи Сяншэнни округдаги энг яхши мактаб тайёрлов курсларида ўқитди.

Дэн Сяопиннинг болалиги.
Фото: AP / Xinhua

Ўн беш ёшида (1919 йил) Дэн Сяопин хитойлик 80 нафар талабага қўшилиб Францияда ўқишга йўл олди. Ўзидан ёши катта талабаларнинг таъсири остида марксизм ғояларига муккасидан кетди ва тарғибот ишлари билан шуғулланишни бошлади.

Дэн Сяопин (чапдан иккинчи) коммунистик армиядаги хизматдошлари билан, 1938 йил.
Фото: AP / Kyodo News

1926 йилда Дэн Сяопин Москвадаги Шарқ меҳнаткашлари университетида ўқиди, ўша йилнинг сентябрида Хитойга қайтиб келди.

Хитойга қайтган Дэн Сяопин сиёсий воқеалар гирдобига тушди, аввалига яширин ҳаракат аъзоси, кейинчалик сиёсий ходим, ҳарбий дипломат бўлиб ишлади. Фуқаролар уруши пайтида Буюк юришда қатнашган Дэн Сяопин ХКП МҚ бош котиби лавозимигача кўтарилди. Япония – Хитой уруши ҳамда Гоминданга қарши курашларда бир нечта муваффақиятли амалиётларга раҳбарлик қилди. 1950-йилларда Мао Цзэдун сиёсатини фаол қўллаган Дэн Сяопин янги ҳукуматда қатор муҳим лавозимларга тайинланди.

Дэн Сяопин (ўнгда) ва Мао Цзэдун, 1959 йил.
Фото: AP / Kyodo News

1957 йили ХКП МҚ бош котиблигига тайинланган Дэн Сяопин Лю Шаоци (ХКП раҳбарларидан бири) билан яқинлашди. Мао Цзэдуннинг Катта сакраш сиёсати (мамлакат саноат базасини мустаҳкамлаш ва иқтисодиётини кескин кўтаришга қаратилган, бироқ Хитой халқи учун фожиали оқибатларга олиб келган иқтисодий кампания) омадсизликка юз бургач, Дэн Сяопин ва Лю Шаоцининг ХКПдаги мавқеи ошди. Улар биргаликда Катта сакраш оқибатларини ўнглашга қаратилган иқтисодий ислоҳотларни бошлаб юбориб, партияда ҳам, аҳоли орасида ҳам обрў қозонишди.

Дэн Сяопин (ўнгда) ва Лю Шаоци.
Фото: AP / Xinhua

1950-йилларнинг охирлари — 1960-йилларнинг бошларида Дэн Сяопин ва Лю Шаоци Мао Цзэдуннинг радикализмидан фарқли мослашувчан ва мўътадил сиёсат юритишарди. Бироқ «маданий инқилоб» бошланган 1966 йилда Дэн барча лавозимларидан олиб ташланиб, Цзянсидаги трактор заводига оддий ишчи қилиб жўнатилди. Аслида унинг омади чопганди. Чунки суд қилинган дўсти Лю Шаоци қамоқда ўлиб кетди.

1976 йилда, Мао Цзэдуннинг вафотидан кейин бир неча ой давомида, унинг «шарофати» билан узоқ йиллар бадарғада бўлиб қайтган Дэн амалда Хитой етакчисига айланди. Маонинг ўлимига қадар Дэн Сяопин эгаллаган расмий ягона лавозим — ХХР давлат кенгаши бош вазирининг ўринбосарлиги эди. Ўз маслакдошларини атрофида тўплай бошлаган Дэн Сяопин 1980 йилда Маонинг одами — Хуа Гофэннинг ўрнига бош вазир бўлди.

Дэн Сяопин (ўртада) хотини Чжо Лин билан.
Фото: NASA

1977 йилда «маданий инқилоб» натижаларини бекор қилган Дэн Сяопин «Пекин баҳори» кампаниясини бошлаб юборди. «Пекин баҳори»да «маданий инқилоб»ни танқид қилиш мумкин эди, синфлар тизимига барҳам беришда ҳам «баҳор»нинг аҳамияти катта бўлди.

Фото: The New York Times

Сиёсий куч ва ҳокимиятга эга бўлган Дэн Сяопин «маданий инқилоб» даврида кўтарилган рақибларини секин-аста «ўйин»дан чиқариб юборишни бошлади. Ва аксинча, ўзи каби Маонинг ғазабига йўлиққанлар учун катта сиёсат эшикларини очди.

Фото: AP / Xinhua

1980-йилларнинг бошларида Дэн Сяопин Хитой коммунистик партиясини тўлиқ ўз назоратига олди, ХКП МҚ Марказий ҳарбий кенгаши раиси бўлганидан сўнг партиядаги энг кучли шахсга айланди. У Мао Цзэдун шахсияти атрофидаги тарихий ва ғоявий масалаларни очиқчасига кўтариш ва муҳокама қилишга имкон берди. Дэн Сяопиннинг ўзи Маони шундай таърифлаганди: «У 3/10 га ёмон, 7/10 га яхши одам эди».

Фото: AP / File, Xinhua News Agency

Дэн Сяопин Хитойнинг Ғарб билан алоқаларини яхшилаган. Хитой етакчиси 1972 йили АҚШга борганида олий даражада кутиб олинган — президент Жимми Картер уни Оқ уйда қабул қилган. Эътиборли жиҳати, шундан сал аввал АҚШ Хитой Республикаси (Тайван) билан дипломатик алоқаларни тўхтатиб, ХХР билан дипломатик муносабатларни ўрнатганди. 1984 йилда эса 1997 йилда Гонконгни Хитойга қайтариб бериш кўзда тутилган Хитой-Британия ҳамкорлик декларацияси имзоланди.

Дэн Сяопин ва Буюк Британия қироличаси Елизавета II, 1997 йил.
Фото: AP / Tom Bell

Доҳий Мао Цзэдундан фарқли ўлароқ, Дэн шахсий ҳаётини одамлар кўзидан яшириб келган. Ўзи ҳам жуссаси кичик (бўйи бир ярим метр) одам эди. Ашаддий кашанда, спиртли ичимликлар ичишни ўлимидан бир неча йил олдин ташлаган, ой пайпоқ кийишни ёқтирадиган, билярд ўйнашни хуш кўрадиган, футбол ва опера ишқибози. Уч марта уйланган (биринчи хотини вафот этган, иккинчиси билан ажрашган), икки ўғил, уч қизнинг отаси. Балки буларни кўпчилик билмас.

Бироқ қашшоқ коммунистик мамлакатни ботқоқдан олиб чиқиб, дунёнинг энг гуркираб ўсаётган иқтисодиётига айлантирган сиёсатчини бутун дунё танийди.

Фото: AP

Дэн Сяопин, ҳеч шубҳасиз, жуда омадли одам эди. Ҳолбуки, коммунистик партия чизган чизиқдан чиққан хитойлик учун ягона йўл — нариги дунёга равона бўлиш эди. Дэн эса коммунистик мафкуранинг «қизил чизиғи»ни бир эмас уч марта кесиб ўтган: ёт (капиталистик) ғоялари учун ўттизинчи, олтмишинчи ва етмишинчи йилларда барча лавозимларидан ҳайдалган. «Маданий инқилоб» йилларида бир марта ўласи қилиб дўппосланган ҳам. Бироқ у гўёки Қақнус қуши каби қайтадан жонланар, сиёсий йўқликдан яна ва яна қайтиб келаверарди.

Учинчи қайтишидан сўнг Дэн Сяопин мамлакатнинг тенгсиз ғоявий етакчисига айланди. У 1966–1976-йилларда «маданий инқилоб» даҳшатларини бошдан кечирган Хитойни оёққа турғазди. Иқтисодиётни марказлашган режалаштиришни бекор қилди. Раис Мао тузган қишлоқ хўжалиги коммуналарини (ўзимиздаги колхозларга ўхшаш) бекор қилди. Шаҳарликларга хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиш имконини берди. Дэннинг даврида эркин иқтисодий зоналар тузилди, 1949 йилда тугатилган биржалар қайта тикланди. У Хитойни хориж сармоялари учун очиқ деб эълон қилди.

Дэн Сяопин ўз сиёсатининг истиқболли йўналиши сифатида Хитойда иқтисодий ислоҳотлар ўтказишни белгилаган эди. Дэн барча ислоҳотларнинг асоси сифатида «тўрт модернизация» тамойилини эълон қилди: мудофаа саноати, қишлоқ хўжалиги, фан ва саноат ишлаб чиқариши. Энг истиқболли стратегия сифатида «социалистик бозор иқтисодиёти» танланди.

«Бой бўлиш — ажойиб!» — Дэн илгари сурган шиорга амал қилган ўн миллионлаб хитойликлар ҳузур-ҳаловатда яшашяпти.

Дэн Сяопин 1989 йилда Марказий ҳарбий кенгаш раислигидан истеъфо берганидан сўнг, бошқа барча лавозимларидан ҳам расман кетишини эълон қилди. 1992 йилда Дэн Сяопин Хитой сиёсий саҳнасидан буткул ғойиб бўлганидан сўнг ҳам «Сяопин даври» давом этди. Диққатга сазовор жиҳати, то ўлимига қадар Хитойга раҳбарлик қилганлар анъанасини Дэн Сяопин ўз намунаси билан бузган эди.

Дэн Сяопин 1997 йилнинг 19 февралида 92 ёшида — Паркинсон билан бирга кечган ўпка инфекцияси оқибатида вафот этди. Хитойни чиндан-да улкан мамлакатга айлантирган кичкина одам эди.

Фото: AP / Vincent Yu
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг