Уруш кўрган одамлар: «Этигим тепамда чир айланар, ичида оёғим борлигини билмасдим...»
«Террорчи ташкилотлар таъсирида тушиб Сурияга боришга тайёрланаётган гуруҳ қўлга олинди». Сўнгги вақтларда бундай хабарлар кам эмас. Шаҳардан, қишлоқдан, муҳожирликдан. Икки кишилик, олти кишилик, ўн тўрт кишилик гуруҳ, битта ўзи... Сурияга кетишмоқчи. Урушга!
30 ёшнинг нари-бериси бўлган йигитлар уруш ҳақида нималарни билишади ўзи? Уруш даҳшатини тасаввур қила оладиларми улар? Зеро, ҳар қандай урушда ғолиб бўлмайди аслида. Чунки, иккала томондан ҳам жон талофоти бўлар экан, бу аввало мағлублик. Ҳар ҳолда, уруш иштирокчилари учун. Бордию, ўлмасангу, бир умрга ногирон бўлиб қолсанг-чи... қўлсиз, оёқсиз ёки тилсиз ҳаётингни тасаввур қила оласанми. Жисминг кемтиклигику бир томон, бомба-снарядлар гумбур-гумбури, ёнингдан ўтган ўқнинг визиллаши, ваҳима, яқин сафдошларни бир-бир йўқотиш руҳиятингни кемириб-кемириб боришини биласанми сен ўзи? Кейин ўнлаб йиллар ўтса-да, ҳатто тушларингда портлашлар сасидан жонинг бўғзингга келмаслигига ким кафолот бера олади?
Бугунги қаҳрамонимиз Равшан Мақсудов афғон урушида бир қўли ва бир оёғидан айрилган.
ҚАРОР
Равшан ака Тошкентнинг Ҳасанбой маҳалласидан. Унинг отасини Мурод қўрбоши дер эдилар (лекин қўрбоши замонлари ўтган, бу лақаб унинг фазилатлари эвазига теккан эди). Касби дўхтир бўлган Мурод ака таниш билиши кўплиги, муомалани ҳам жойига қўя билиши билан оғизга тушганди. Уларнинг уйига келиб, «Мурод ака, ўғлимизни Афғонга жўнатадиган, гаплашиб берсангиз...» деб келган одамлар бўларди... «Ғашим келарди» деб эслайди Равшан ака.
Ўсмирлар мактаб давриданоқ ҳарбий комиссариат кўригидан ўтар экан, баланд бўйи, келбатли Равшан тенқурларидан ажралиб турарди. 18 ёшли йигитчага чақирув қоғози келганда, у Тажан чўлларига жўнатилди. «Шунда ҳаммасини тушунган эдим» дейди Равшан аканинг ўзи. Шундай қилиб Мурод қўрбошининг яккаю ягона ўғли 1986 йилнинг 25 майида удумимиз бўйича бутун нонни тишладию кетди. Кемтик нон қарийб икки йил уй тўрида турди.
Афғонистон ва Тажан вилоятининг (Туркманистонда) табиий шароити жуда ўхшаш. Шу сабаб ўқув машқлари учун айнан Тажан кенгликлари танланган. Қумлар орасида рамзий «душман объекти». Пахса деворли пастак уйларга «ҳужум» қилинади. Бунга жавобан «ўқ ёмғири». Ҳаммаси ҳарбий тактикага мувофиқ қилинади. Разведка гуруҳи. Сапёрлар. Зирҳли қисмлар: Т-62 танклари, БТРлар, кейин пиёдалар...»
Равшаннинг чекига БТР ҳайдовчилиги тушганди.
Кузга келиб, Афғонистонга олиб ўтилишига оз вақт қолганда Равшаннинг ота-онаси келишди. Отаси «Ўзимизда бирор «част»да хизматга ўтқаза қолайлик деб Худонинг зорини қилди. Йигит кўнмади, «Энди фарзандли, неварали бўлиб отамни тушунаяпман» дейди Равшан ака, ота фарзандига қанчалик куйишини энди биламан. Лекин ўшанда «боламни армиядан қолдир» дейдиганлар уйга келмасин деганман».
УЛҒАЙИШ
Равшан аканинг эслашича, Афғонистонга ноябрь ойида ўтишган. Аниқроғи, ярим тунда Маридан учишган. «Марида қандай тўс-тўполон шамол бўлаётган бўлса биз қўнган аэропортда ҳам худди шундай эди». Кейин бригадага олиб кетишган.
«Палаткалар экан. Взвод-взвод бўлиб ётишаркан. Лекин биз борганда ҳамма ёқ жим-жит, ҳеч ким йўқ эди. Қани одамлар десак, улар рейдга чиқиб кетишган дейишди. Урушни рейд деб аташаркан», дейди Равшан ака.
Рейддаги аскарлар 2-3 кундан кейин қайтиб келишган. Уларнинг орасида, бир-бир ярим йил хизмат қилиб қўйганлар, яқин кунларда Ватанга қайтиши лозимлари бўлган. Бир неча кундан сўнг яна рейд бўлганда, янгиларни ҳам қўшиб олиб кетишган.
«Биринчи рейдга чиққанимизда аввалига табиатга қарабман. Бирам гўзал. Ариқ тўла балиқ, ҳамма ёқ анорзор. Арпазорлар ичида какликлар тинмай сайрайди. Лекин оддий маҳаллангизда юргандек юролмайсиз...». Чув» этиб ўқ учиб ўтади ёнингдан. Довдираймиз. Машғулотлар бошқа экан...».
Собиқ афғончининг тушунтиришича, оғир техникалар бир-бирининг изидан бораркан. Бир неча сантиметр хато ҳам минага учрашига сабаб бўлиши мумкин. Ўша, илк марта урушдан қайтишаётганда бирдан нимадир портлаб кетади. Осмонни қоп-қора тутун тутган. Алоқадан айтишларича: олдинда кетаётган БТРлардан бири портлаган, танкка қарши қўйилган мина портлаганда 13 тонналик зирҳли машина ағдарилиб ғилдираклари осмонга бўлиб қолган.
«Рациядан хабар берилди: Фалончи-фалончи ўлган. Айтилган исм-шарифлар орасида биз билан келган, олти ой бирга, ёнма-ён машғулот ўтаган бухоролик Шавкат ҳам бор эди. Гавдали, йўғон бола эди. У ҳам БТРда эди. Фақат «карвон»нинг олдида эди. Бошимдан тер қуйилди. Балки, ўша сонияда улғайдим» (30 йилдан ошаяптики, Шавкатнинг онаси ўғлининг ўлганига ишонмайди, чунки темир тобутни очиш мумкин бўлмаган. Яқинда ўртоқлари бориб тобутга уни ўзлари қўйишганини айтиб, онани тинчлантириб келишибди).
Яна хотиралар жонланади: «Бошқа бир оғайним билан «учебка»да бирга бўлганмиз. Рейддан қайтиб келамиз-да, палаткада бирга ётамиз, бирга овқатланамиз, суҳбатимиз тугамайди. Тағин бир ой-бир ярим ой урушда бўламиз, қайтиб келиб тонггача гаплашиб ётамиз. Бир куни у эрталаб қайсидир топшириқ билан кетади. Кечқурун келмайди. Ҳеч қачон келмайди. Тамом, яна бир инсонни йўқотиб бўлдингиз».
Суҳбатдошимиз бироз сукутда чўкади. Айтишича, улар бу ерда олти ой биз тайёрланиб борганлари билан душман томонда ўн-ўн беш йил хизмат қилиб қўйганлар бўлган. «Бизлар билан афғонлар урушаётгани йўқ, буни биламиз» дейди у қатъият билан. «Худди мана бу Сурияга бор-ку, мана Ўзбекистонданам бориб пул ишлагани кетишаяпти-ку. У ерда ҳам бошқа давлатлардан келиб уришаяпти. У ерда ҳам пул ўртада, кимдир пул тўлаяпти. Самолётга бунча пул бераман, танкни портлатсанг бунча, солдатни ўлдирсанг бунча деб пул тўлаётганлар бор» давом этади Равшан ака. Унинг ҳикоя қилишича, душман томони жангчилари урушларда давомли бўлганидан уста бўлиб кетган.
«Тоғнинг орасидан машиналар бирин-кетин бораяпти, икки томонимиз харсанг. Фақат битта техника юра оладиган йўл. Олдиндаги машина портлатилди. Охиридагиси ҳам. Чиқиб бўлмайди, йўл йўқ. Қамалда қолдик. Разведка рақиб томон 12 киши деб айтди. Биз бир ротамиз — 130 нафар аскар. Тоғнинг орқасидан бизга миномётдан мина тушаяпти. Титилиб-сочилиб кетаяпмиз. Бир маҳал доктор ёрдамга чақирди. Плаш-палаткадаги (дала ҳолатида тутиладиган яхлит мато, нимагадир илдириб чодир сифатида ёки жангчини ўраш учун фойдаланиш мумкин) рус солдатнинг оғзига қайчини қўйиб, шуни ушлаб тур деди. Оғзи тўла қоп-қора қон. Ириллашга ўхшаш овоз чиқаради. Кейин ёнимга яна битта плаш-палатка ташлаб кетди, бу нима десам «Буям биттаси» деди. Очиб қарасам, қўйнинг гўштидек... у ҳам портлаган экан»
Равшан ака Совет Иттифоқи қўшинлари авиабомбалар ташлаган ҳолатларни эслайди. «Уларнинг бомбадан сақланадиган ертўласи жойини узоқдан кузатардим. Шунчалик мустаҳкамки, 50 тонналик танк устидан юрганда сиқим тупроқ ҳам тушмайди шекилли. Бизнинг самолётдан ўқ ёғдираяпти, бир пасдан кейин ўша ердан кимдир лип этиб чиқиб кетади. Қандай қурган, қачон қурган, билмаймиз».
ЖОНДАН ТЎЙГАН КУН
Ҳарбийлар ўртасида битта мақол бор: «Сапёр фақат бир марта хато қилади». Чунки, иккинчигача етиб бормайди. Равшан эса учта портлашни бошидан кечириб ҳам омон қолди. Лекин ўшанда у тирик қолишни истамаганди, автоматни бўғзига тиркамоқчи эди...
Афғонистонда хизмат қилганлар яхши билади, Қандаҳорда «Қора майдон» деган жой бор. Ўшанда бу жой миналар кони бўлган. Воқеа Ватанга қайтишга бир неча ой қолганда, Равшан сафдошлари билан «Қора майдон»ни тозалашга жўнатилган кунда содир бўлган.
«Шунча юриб бунақа жойни кўрмаган эдим. Ерда кийим ётибди, ёнида салла ётибди, оёқ томонда ковуш, ичида скелет. Икки-учта шунақа ҳолатни кўрдим. Майдон миналашганидан ўзининг ўликларини олишолмаган. Қуртлаб, қуриб кетган, фақат кийими қолган».
Равшан ака ҳикоя қилишича, ҳаммаси уйга қайтишига оз қолганда содир бўлган. Ўрнида қоладиган болаларга ўргатиш учун рейдга чиқишган.
Равшан ака манзарани аниқ-таниқ тасвирлаб берар экан, фильм кўраётгандек бўламан. Ана болалар БТР панасида бекиниб кетаяпти. Лекин Равшан негадир танк ва машина ўртасида, троснинг ёнида кетаяпти. Панадаги йигитлар кўринмаса ҳам у душманга яққол намоён. Ахир, у урушнинг қоидасини билади.
Отадиган, бир ёнда танк, бир ёнда БТР турганда, гранатомётини битта солдатга ҳайф қилмайди. Битта солдатни отса камроқ пул беради, каттароқ нарсага бериладиган пулнинг чўғи баланд. Равшан ака ўқ ёмғиридан холироқ кўринган майдонда танк судраб келаётган машинани тузатишни ўйлайди. Ниҳоят шундай жойни топгандек бўлишади.
«Менга қараб ҳайдайвер, Юнус» деган пайтда бир нарса гувиллаб, оёғи қалқиб кетади. «Сирпаниб кетдим, қарасам, осмонда этигим чир айланаяпти. Йиқилиб кетдим, нимадир яна «гувв» этиб бир сакратиб юборди. Ётибман, чап оёғимни эга олмайман, чап қўл бармоқларимни ҳам ғижимлай олмаяпман, улар менга бўйсунмаяпти, ачишиб кетаяпти. Жимир-жимир қилади. Шерикларим келди. «Бойлаш керак, бойлаш керак» дейишаяпти. Нима бўлди ўзи, десам врач «вот смотри» дейди. Қарасам, шимимнинг пойчаси осилиб ётибди, унинг ичидан оёғим терилари... Эҳ, чир айланган этик ичида оёғим ҳам бўлган экан. «Мана бу қўлимни ҳам йиғиштира ололмаяпман» дедим. «Ты сначала смотри» деди врач. Бундай қарасам чап қўлим ҳам йўқ...»
Йиқилганда тирсаги билан иккинчи мина устига тушган экан. Равшаннинг айтган биринчи гапи шу бўлди: «Аза, анавини узатиб юбор». Йигитлар Равшан нима истаганини дарров тушунишди. Автоматни унга беришмади. «Э-э нима деяпсан, ҳали тўйингда ўйинга тушамиз...»
Равшан аканинг бир қўли ва бир оёғи Қандаҳорда қолиб кетди... Афғонистонда қолиб кетган қўл, оёқ, каллалар сони қанча экан-а...
10 ДАҚИҚАЛИК ЎЛИМДАН СЎНГГИ ҲАЁТ
Равшаннинг кўргилиги шу билан тугамади. Ногирон бўлса ҳам яшаб қолиши учун аввало жанг майдонидан эсон-омон чиқарилиши керак эди. Мана, машинага солиб олиб кетишаяпти. Ташқарида тақа-тақ отишма бўлиб ётибди. Бир ўзидан кетгандай бўлди. Бир кўзини очса, ҳали машинада ётибди, қоронғу тушаяпти. Ташқарида қий-чув, мисли кўрилмаган отишма бўлаяпти. «Нима бўлди?» десам, «Қуршовда қолдик» деди ёнимда ётган ярадор. Ҳа, энди тамом дедим-да, бошимни шундай ташладим».
Йигит кўзини Кобулда очди. 10 кун ўтиб кетибди. «Бугун 5 январь!» дейишди ёнидагилар. Отишма 25 декабрда ўтганини у яхши эсларди.
Атрофга боқади, казармага ўхшаш жой, 30-40 та койкада аскарлар ётишибди. Подполковник врач кириб келганда ярим ҳазил, ярми чин қилиб сочини нега олишганини тушунтирди. «Бошинг ўрнида челакми? Бош суякдан яралган бўлади, зарбада синади. Сенинг бошинг ёрилмаган, синмаган. Пачоқланган!». Равшан ака чаккасидаги ўйиқ жойга бармоғини суқиб кўрсатади. «Бу портлагач, думи БТРга санчилиб қолган гранатамёд осколькаси жароҳати».
Кейин врач бундан-да қизиғини гапиради: «Сени операцияга олиб кирганда полковник палончи писмадончиевич хирургинг эди. Мен ёрдамчи эдим. Операция вақтида юрагинг тўхтаб қолди. Хирург «Ҳе, бу ўлди» деб чиқиб кетди. Жанг майдонида уч марта ўлиб-тирилган одам, келиб келиб врачлар кўз ўнгида ўладими, деб роса ҳаракат қилдик. Фойдаси бўлмади. Э, энди бўлмайди деган жойимда, юрагинг уриб кетди, 10 дақиқа, 10 дақиқа — тўхтаган юрак ишлаб кетди...»
Равшан ўн кун давомида комада қолган.
«ҲАЁТ ҚУВОНЧЛАРИ ВА ТАШВИШЛАРИ»
Шу номдаги кўрсатув бўларди. Ана шу кўрсатувда Тошкент давлат университети ҳуқуқшунослик факультети талабаси, афғончи Равшан Мақсудов ҳаёт йўли намойиш этилди. Шундан сўнг Равшанга Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан хатлар кела бошлади. Ўнлаб, юзлаб... Ручкада ёзилган номаларга кўз ёшлари томганлари ҳам бўларди. Хатларнинг бир қисми қизлардан эди. Равшанга бахт ваъда қилганлар кам эмас эди...
Лекин тақдир Равшанни Нозимахон билан тўқнаштирди. Ўртоғининг тўйида, протез билан бўлса ҳам, руҳи баланд чир ўйнаётган йигит эди у. Нозимахон эса куёвнинг амакиваччаси эди...
«Ўзимиз топишмаганмиз. Совчи жўнатдилар. Қариндошларим тиш-тирноғи билан қарши бўлдилар. Аммаларим дадамга «Ойдай қизингизни чўлоққа бергунча, сувга ташланг» дейишган бўлди. Фақат онам «Мен бу болани биламан, сен бахтли бўласан» дедилар» — эслайди Нозима ўша кунларни.
19 ёшли, ниҳолдеккина Нозимахон файзли — қайнота-қайтона, тўрт қайнсингил бўлган хонадонга келин бўлиб тушди. Ўша кунларни эслар экан, аёл, айримларнинг «Бир балоси бўлмаса, бир қўли, ва бир оёғи йўққа тегармиди» деган кесатиқлари, «бу қиз фалон касалдир балки, балки писмадондир» деган фисқи фасодлари ширин дамларини заҳарга айлантирди дейди. Равшан мард йигит эди. Нозимани қийнайдиган барча муаммоларга ечим топа биларди. Бирин-кетин уч фарзанд туғилди. Равшан олийгоҳни битирди. Лекин ҳуқуқшунос сифатида бир кун ҳам ишламади. У қонунни ҳимоя қиладиган айрим идораларнинг ўзида адолатсизликлар борлигини кўриб борарди.
«Протезга мослашиб бўлаётганимда, яна тиббий комиссияга чақиришди. Бордим. Энди у ерда ҳамма ногирон, навбатсиз киролмайсан. Ўтириб навбат кутаяпман. Комиссия хонасига яқин жойда ўтириб қолибманми, ичкаридан ҳамма гап эшитилади. Мендан сал олдинроқ кирган кўзи ожиз одамдан 100 доллар сўрашди, етаклаб кирган одами берди шекилли, ортиқча гап-сўзсиз, дарров чиқиб кетишди»
Равшан аканинг айтишича, мана шу вақтнинг ўзида унинг асаблари жунбушга келган. Унга эса, «Мана, протез билан бемалол юраяпсиз экан, энди гуруҳингизни иккинчи қилсак ҳам бўлади» дейишган. «Оёғим неча сантиметр ўсибди, дедим, Қўлим-чи, дер эдим. Бу изтиробни сокин гапириб бўлмасди, бақириб гапирардим. Кўр одамдан 100 доллар олганини ҳам айтиб ташладим. Шунда биттаси «Майли, шу одамни қийнамай биринчи гуруҳда қолдириб берайлик» деб раҳм-шафқат қилган бўлди. Уни ҳам силтаб ташладим. «Қонун билан раҳмни аралаштирма» дедим».
Шу ерига келганда ҳатто уруш лаҳзаларини ҳам ҳазул-ҳузул билан қориштиришга ҳаракат қилаётган Равшан ака анчайин жиддийлашади. «Афғончи адолатни талаб қилса, контузия дейишади. Йўқ, афғончи контузия эмас, у ҳақпарвар. Уруш кўрган, олов ичидан чиққан одам ёлғонга, ҳаромга дош беролмайди».
Равшан ака ва Нозимахон болаларини ҳалол нон билан боқдилар. Биргаликда иссиқхонада атиргул экиб, ҳаётларини йўлга қўйдилар. Янги навларни излаб бошқа туманлар, бошқа вилоятларга ҳам чиқишар экан, кўплаб яхши одамларга дуч келганларини айтишади. Бўм-бўш ерда пойдеворидан бошлаб қурилган мана шу чиройли уй-жой ҳам гулчилик орқасидан экан.
«Шукур, тўйлар қилдик. Каттам – Исломалига келин туширгач, навбати билан Дурдона ва Ирода қизларимизни чиқардик. Тўрт нафар набирамиз бор.»
РУҲ ҚИЙНОҒИ
Равшан ака 53 ёшда, Нозимахон улардан бир неча ёш кичикроқ. Айтмоқчиманки, уларнинг энди иссиқхонада ишлаши бироз қийинроқ. Ўғил ишда (маоши 1 ярим млн.), келиннинг ёш болалари шўх, уй-рўзғор ишлари ҳам етарли. Равшан ака нафақа олади, шукр айтади ва қўшиб қўяди: «Вақт-вақти билан даволаниб турмасам бўлмайди. Шундай жойларда афғончилар билан гурунглашиб қоламиз. Қўл-оёғи бутун афғончи 1 млн. 600 минг олаётган пайтда мен 1 млн. 200 минг сўм олаётган эканман. Пенсия ошиб борганда айнан менинг пенсиям ўз ҳолича қолдирилган пайтлар бўлди. Мана энди компенсация ҳам кесилибди».
Равшан ака бир ўзи санаторийга борса ўзини эплаши қийинлигини айтади: «Ички кийимни юва олмасам, протез кемтиклигингни яширгани билан ёш болага айланиб қолганман. Нозиманинг борига шукр. Лекин йилда бир марта бериладиган санаторий чиптаси фақат менга берилар экану, ҳамроҳ учун ўзимиз сотиб олишимиз керак экан. Шароит кўтармаса-чи? (Менга қарайман деб ҳеч ерда ишламаса)».
Шу сабабли Равшан ака санаторийга боришдан кўра, шифохонада даволанишни афзал билади. Собиқ афғончига кўра, протезнинг қандайдир эҳтиёт қисмини олиш учун эса олти ой навбат кутиб янги протезга буюртма бериш керак. Навбат келгандан кейин буюртма рад этилиб, эҳтиёт қисмга эҳтиёж борлиги қайд этилар экан (?)
«Яхшиси, кўчага чиқиб 150 минг сўмга битта қайиш оламану, қайтаман». Протез эса фақат қайиш билан эмас-да. Равшан акани бугун афғончи-жангчи имтиёзлари чекланиб бораётгани ўйлантиради. Аммо унинг энг катта дарди Ватан номидан бориб Афғон жанггоҳларига кирганлар тарихи ўчиб бораётгани, замондошлар уларни билмаслиги, собиқ афғон аскарлар қадри кўтарилмаётгани.
«Яхшиям, афғончилар жамияти бор, ойликсиз ишласалар ҳам туриб бераяптилар. Байрамларда, касал бўлганимизда, бошимизга иш тушганда фақат шулар йўқлайдилар. Матбуотда, телевидениеда 14 январда ҳам, 9 майда ҳам афғончилар тилга олинмаймиз ҳисоб. Ғалати-ғалати кунлар бор. Нега бир кунни «Афғончи-жангчилар куни» деб эълон қилишмайди».
Равшан ака эса «Биз афғонлар билан урушгани бормаганмиз» деди юқорида. Ҳа, улар тинчлик ўрнатиш учун жўнатилган.
Афғонистонда бугунги вазият кўзимизни каттароқ очишга ундамоқда. У ерда эртага нима бўлиши маълум эмас. Эҳтимол, кимларгадир яна ёлланмалар керак бўлар... Ватан номидан тинчлик ўрнатиш учун жанггоҳга кириш бошқа, Оллоҳ асрасин, Ватан номини булғаб «ёлланма» сифатида қурол олиш бошқа нарса эканини ёшлар билиши керак. Уруш бу меҳнат сафари эмас. Уруш – борса келиши гумон йўл. Уруш танангни бўлмаса, руҳингни бир умрга кемирадиган жароҳат!
Ўзбекистон «Veteran» жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси маълумотига кўра, 1979-1989 йилларда Афғонистонда содир бўлган қуролли ҳаракатларда 64,5 мингдан ортиқ ўзбекистонлик йигит-қизлар иштирок этган. Шулардан 1545 нафарининг жасади темир тобутларда олиб келинган. 3067 нафари уйларига ногирон бўлиб қайтган. Равшан ака шулардан бири холос.
Мустаҳкам Тангриёрова, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter