Автомобил саноатида «ақлли» экранлар даври тугаяптими?
Автомобилсозлик оламида сўнгги йилларда кузатилган «ҳамма нарсани экран орқали бошқариш» тренди ўз ниҳоясига етмоқда. Хитой ҳукумати автомобил ишлаб чиқарувчилар олдига қатъий талаб қўйди: 2027 йил июлидан бошлаб автомобилларда асосий функциялар учун жисмоний тугмалар ва тумблерлар бўлиши шарт!
Кўплаб технологик гигантлар, хусусан, Tesla каби компаниялар автомобил салонини минималистик қилиб, барча бошқарувни марказий дисплейга кўчиришга интилаётган эди. Бироқ, хавфсизлик ва эргонометрика бўйича мутахассислар буни ҳайдовчининг диққатини йўлдан чалғитувчи асосий омил деб ҳисобламоқда.
Экранларда менюлар орасида адашиб қолиш ёки виртуал тугмани босиш учун кўзни йўлдан узиш сониялар ичида ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Хитойнинг бу қарори автомобил бошқарувини янада интуитив ва хавфсиз қилишни мақсад қилган.
Янги қоидаларга кўра, ишлаб чиқарувчилар қуйидаги 19 та функцияни сенсорли дисплейдан чиқариб, уларни алоҳида жисмоний тугмалар, тумблерлар ёки механик датчиклар орқали бошқаришни таъминлаши шарт:
- Бурилиш чироқлари ва авария сигнализацияси;
- Ойна тозалагичлар (дворниклар) ва ойналарни иситиш тизими;
- Овозли сигнал ва круиз-контрол тизими.
Узатмалар қутисини дисплей орқали (Tesla услубида) ўзгартириш тақиқланади. Эндиликда механик ёки классик селекторлар қайтади.
Бу талаб Хитой бозорида фаолият юритаётган барча маҳаллий ва хорижий брендларга тааллуқлидир. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу қадам автомобил интерьери дизайнини бутунлай ўзгартириб юборади.
«Сенсорли дисплей — бу қулай, аммо у жисмоний тугманинг ишончлилигини бера олмайди», дейди саноат таҳлилчилари. Автомобилсозлар энди нафақат дастурий таъминот, балки эргономик механика устида ҳам жиддий ишлашларига тўғри келади.
Хитойнинг ушбу ташаббуси келажакда бошқа мамлакатларда ҳам хавфсизлик стандартларини қайта кўриб чиқишга туртки бўлиши мумкин. Ҳайдовчилар эса қадрдон тугмаларнинг қайтишини ижобий қарши олмоқда, чунки машина бошқаруви эндиликда «планшет» эмас, балки ҳақиқий механизмга яқинлашади.
Ушбу қарор глобал автомобил бозорида «рақамли минимализм» даври тугаб, «хавфсиз эргономика» даври бошланаётганидан дарак беради. Сизнингча, машина салонида тугмаларнинг бўлиши ҳайдашни хавфсизроқ қиладими ёки бу технологик тараққиётдан ортга қадам ташлашми?


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter