Марказий Осиёда илк бор: GSMA M360 Eurasia 2025 халқаро форуми Тошкентда бўлиб ўтади

Ўзбекистон илк бор глобал GSMA M360 Eurasia 2025 саммитига мезбонлик қилади. Бу йиллик тадбир мобил алоқа операторлари, телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқарувчилари ва қитъа инвесторларини бирлаштиради. Саммитга VEON Group таркибига кирувчи Beeline Uzbekistan ҳомийлик қилмоқда.
GSMA M360 Eurasia 2025 Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, «Beeline Uzbekistan» ва VEON Group ҳамкорлигида 21-22 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтади. Саммит Ўзбекистоннинг минтақавий технологик марказ сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаб, рақамли технологиялар соҳасидаги энг муҳим халқаро тадбирга айланади. 2024 йилда Бокуда муваффақиятли ўтказилган тадбирдан сўнг, Тошкентдаги форумга халқаро миқёсда юқори даражадаги қизиқиш кутилмоқда.
Саммит минтақанинг рақамли трансформациясини муҳокама қилиш учун муҳим платформага айланади. Етакчи мутахассислар ва соҳа раҳбарлари Евроосиёнинг рақамли келажагини белгилайдиган энг муҳим мавзуларни — мобил тармоқларда сунъий интеллектни ривожлантиришдан 5G технологияларини жорий этишгача, шунингдек, минтақаларнинг иқтисодий салоҳиятини юзага чиқариш стратегияларини муҳокама қиладилар. Асосий сессиялар қаторида инвестицияларни жалб этиш ва кенгайтиришга тайёр рақамли иқтисодиётни яратишга бағишланган «Igniting Mobile Investment» ҳамда миллиардлаб уланган қурилмаларнинг экологик самарадорлигига қаратилган «Scaling Smart» сессиялари ўтказилади. Янги рақамли хизматларни жорий этиш учун зарур бўлган киберхавфсизлик ва тармоқлараро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор берилади.
M360 Eurasia 2025 доирасидаги муҳокамалар ва учрашувлар рақамлаштириш жараёнини тезлаштириш ҳамда телекоммуникация ва IT соҳасида муҳим халқаро келишувларга эришишга ёрдам беради. Иштирокчилар ушбу соҳаларга инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашадиган стратегик ҳамкорлик ва битимлар тузиш имкониятига эга бўладилар.
Асосий маърузачилар орасида — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов; Вивек Бадринатх, GSMA бош директори; Каан Терзиоглу, VEON бош директори; Андрей Пятахин, Beeline Uzbekistan бош директори, шунингдек, Google, Mastercard, Azercell ва бошқа кўплаб глобал компаниялар раҳбарлари.
«Форумнинг Тошкентда ўтказилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти олиб бораётган узоқни кўзловчи сиёсатнинг мантиқий давоми ва аниқ ифодасидир. Бизнинг асосий мақсадимиз - мамлакатни минтақавий IT-хабга айлантириш ҳамда бутун Марказий Осиёнинг иқтисодий ўсишига хизмат қиладиган рақамли технологияларни ривожлантириш ва жорий этиш марказига айланишдир. Шу боис, Ўзбекистон ҳудудида соҳанинг халқаро режалари ва глобал тенденцияларини муҳокама қилиш янада муҳим аҳамият касб этади. M360 Eurasia 2025 анжуманини қабул қилар эканмиз, унинг ечимларидан фойдаланиб, Евроосиёнинг рақамли келажаги етакчиларидан бири сифатида мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашни мақсад қилганмиз», — деди Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов.
«GSMA ассоциацияси Ўзбекистонни жорий йилда M360 Eurasia саммитини ўтказиш мамлакати сифатида танлагани биз учун катта шараф. Тошкентда бўлиб ўтадиган M360 Eurasia 2025 форуми минтақадаги телекоммуникация соҳаси учун муҳим воқеа бўлиши шубҳасиз. Рақамли инновациялар жадал ривожланаётган мамлакат - Ўзбекистон учун саммитни ўтказиш шунчаки нуфузли имконият эмас. Бу олдинга яна бир муҳим қадам ташлаш, рақамли трансформация соҳасидаги ютуқларни намойиш этиш ва бозорга янги иштирокчиларни жалб қилиш имкониятидир», — дея изоҳ берди Beeline Uzbekistan бош директори Андрей Пятахин.
М360 Eurasia 2025 форумига рўйхатдан ўтиш бошланган. Биз ҳукумат вакиллари, тадбиркорлар ва соҳа экспертларини ушбу нуфузли тадбирга таклиф этамиз.
GSMA ҳақида
GSMA — бу мобил экотизимни бирлаштирадиган глобал ташкилот бўлиб, инновацияларни топиш, ривожлантириш ва жорий этиш учун ишлайди, бу эса самарали бизнес муҳитлари ва ижтимоий ўзгаришларни яратишга асос бўлади. Бизнинг мақсадимиз одамлар, саноат ва жамият фаровонлиги учун алоқанинг бутун кучини очиб беришдан иборат. GSMA мобил операторларини, мобил экотизим ташкилотларини ва унга яқин соҳаларни намойиш этади ва ўз фаолиятини учта асосий йўналишда амалга оширади: "Яхшилик учун алоқа", «Тармоқ хизматлари ва ечимлари» ва «Маърифий фаолият». Ушбу фаолият ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берадиган тартибга солишни илгари суриш, мобил соҳанинг ишлашини таъминлайдиган технологияларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мобил экосистемани MWC ва М360 сериясидаги тадбирларда бирлаштириш учун дунёдаги энг йирик платформани тақдим этишни ўз ичига олади.
Beeline Uzbekistan ҳақида
«Unitel» МЧЖ 2006 йилнинг 12 сентябридан бошлаб «Beeline Uzbekistan» савдо белгиси остида хизматлар кўрсатиб келмоқда. Beeline Uzbekistan бош қароргоҳи Дубай шаҳрида жойлашган VEON халқаро телекоммуникация холдинги таркибига киради. 2024 ва 2025 йилларда «Тоp Employer» мақомига эга бўлди.
VEON 6 мамлакатда 160 миллиондан ортиқ фойдаланувчиларга эга глобал телекоммуникация ва интернет хизматларининг провайдери. Унинг акциялари NASDAQ фонд бозорида жойлаштирилган.
Beeline Uzbekistan’да 1.9 мингга яқин ходим ишлайди. 2006 йилдан буён Ўзбекистон бозорига кириши билан VEON мамлакат телекоммуникация соҳасига 1.4 миллиард АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритди. Beeline СБнинг Ўзбекистондаги фаолияти давомида 2 миллиард долларга яқин солиқ тўланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter