Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

Паспортингиз энди телефонда-ми?

Паспортингиз энди телефонда-ми?

Foto: Spot

Рақамли ҳужжатлар ҳақида билишимиз керак бўлган муҳим жиҳатлар

Ўтган бир неча кун давомида рақамли ҳужжатлар мавзуси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамада бўлди. Энди паспортингиз, ID-картангиз, дипломингиз каби ҳужжатларни ёнингизда олиб юришга ҳожат қолмайди – улар мобил қурилмангизда бўлади, мазмунидаги хабарларни ўқидик.

Рақамли ҳужжатлар ўзининг босма муқобилини тўлиқ алмаштира оладими? Қай ҳолатларда у тан олинадию, қай ҳолатда асил ҳужжатнинг ўрнини боса олмайди?

Бугун шу мавзуни таҳлил қилишга уриниб кўрамиз.

Гап нима ҳақида кетмоқда?

1 июлдан Ўзбекистонда рақамли ҳужжатлар тизими расман жорий этилди. Унга кўра, Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг MyGov мобил иловаси орқали барча ҳужжатларингизни электрон шаклда кўриш ва сақлаш имкони яратилди.

Бу турдаги рақамли ҳужжатлар банклар, нотариал идоралар, аэропортлар (ички рейслар), поездлар, давлат ва корпоратив хизмат кўрсатиш жараёнларида ва бошқа ҳолатларда қоғоз ҳужжат ўрнини босади. Чунки рақамли сервислар асл қоғоз ҳужжатларингиз асосида шакллантирилади.

Рақамли ҳужжатлардан фойдаланиш учун MyGov мобил иловаси  Play Market ёки App Store орқали телефонга юклаб олиниб, иловада рўйхатдан ўтилади ва шахсий кабинетдан керакли ҳужжат (масалан, паспорт) танланади. Экранда ҳужжатнинг рақамли шакли ва ҳақиқийлигини тасдиқловчи QR-код кўринади – уни сўралган жойга тақдим этиши керак бўлади.

Ташкилотлар рақамли ҳужжатни текшириш учун MyGov иловасининг "MyScan" функциясини очиб, тақдим этилган QR-кодни сканер қилади. Чиққан маълумотлар фуқаронинг шахсий маълумотлари билан солиштирилади.

Рақамли ҳужжатлар фақат расмий MyGov иловаси орқали тақдим этилганида тан олинади. Бошқа шахс томонидан ёки ўзга манбалардаги маълумотлар ҳамда ҳужжатларнинг расмлари, нусхалари қабул қилинмайди.

Жараён изига тушгунича...

Аҳоли, тадбиркорлар ва давлат идоралари ҳар бир янгиликни қабул қилиши учун албатта вақт керак. Шу сабаб рақамли ҳужжатлардан ёппасига ҳамма фойдаланишни бошлайди, у ҳамма жойда ўтади, деб ишонч билан айтишга ҳали бироз эрта. Ҳали бу ҳақда эшитмаганлар, ундан қандай фойдаланишни билмайдиганлар ҳам йўқ эмас.

Мисол учун, бир неча йил аввал болаларни боғчага жойлаш учун навбатда туриш хизмати ягона портал ва давлат хизматлари марказлари орқали йўлга қўйилганида ҳам бошланишига кўп тушунмовчиликлар бўлган, ким қайси вазифани бажаришини билиб олгунича, бир неча ой вақт ўтганди.

Ўшанда боғча мудиралари ягона портал орқали тақдим этилган электрон йўлланмани тан олмай, унга тегишли жойдан муҳр қўйдириб келишни сўрашганди. Вақт ўтиб ҳаммаси изга тушди.

Рақамли ҳужжатлар масаласида ҳам шундай: сиз уни тақдим этганингиз билан ташкилотлар MyGov иловасининг “MyScan” функцияси орқали  QR-кодни сканер қилишни ҳали билмаса, тушунмовчилик келиб чиқиши мумкин.

Масала фақат бунда эмас...

Тизим ўз изига тушгунига қадар ҳужжатларнинг асл нусхасини олиб юришни чекламай турганингиз маъқул. Айниқса, абитуриент бўлсангиз, шу кунларга қуйидаги маълумот сизга сув ва ҳаводек зарур!

Билимни баҳолаш агентлигининг огоҳлантиришича, тест синовлари куни шахсни тасдиқловчи паспорт (ID-карта)нинг асл нусхаси мажбурий равишда тақдим этилиши шарт. Акс ҳолда сиз тест синовига киритилмайсиз!

“Нега? 2025 йил 1 июлдан бошлаб my.gov.uz орқали паспорт ва бошқа ҳужжатларнинг электрон шакллари расман тан олинади-ку”, дейишингиз мумкин. Бироқ бу тест синовларига тааллуқли эмас.

Чунки тест синови ҳудудига мобил телефон ва бошқа рақамли қурилмаларни олиб кириш қатъиян тақиқланган. Имтиҳонга телефонсиз кираркансиз, ўз-ўзидан рақамли ҳужжатларни ҳам тақдим эта олмайсиз. Шунинг учун сизда паспортнинг асл нусхаси – ID-карта ёки биометрик паспорт, абитуриент рухсатномаси бўлиши шарт.

Шу сабаб“ҳужжатларнинг рақамли шаклини кўрсатаман-да”, деб янглиш хаёлга бориб қолманг. Акс ҳолда, тест синовларидан ўтишни яна камида бир йил кутишингизга тўғри келади.

Қолаверса, рақамли ҳужжатларни қоғозлисига тенг деб тан олиш қоидалари ҳайдовчилар ва ЙПХ ходимлари ўртасидаги ўзаро муносабатларга ҳам тааллуқли эмас.

Ҳайдовчилар ЙПХ ходимига гувоҳномаси ва паспортининг рақамли нусхаларини кўрсата олмайди. “Нега? Рақамли ҳужжатлар сервисида ҳайдовчилик гувоҳномам ва “техпаспорт”нинг нусхалари бор-ку?”, дерсиз яна. Лекин бу ҳужжатларнинг рақамли кўриниши фақат Маъмурий амалиёт марказида ҳамда имтиҳон ва рўйхатга олиш бўлимларида инобатга олинади.

ЙҲХХ матбуот хизматининг огоҳлантиришича, Ўзбекистон фуқаролари йўл-патрул хизмати ходимининг сўровига кўра паспорт (ID карта) ёки ҳайдовчилик гувоҳномасини кўрсатиши шарт. 1 июлдан кучга кирган ҳужжатларнинг рақамли нусхаларини қоғоздагилари билан тенг асосда тан олиш тўғрисидаги қоидалар ушбу соҳага тааллуқли эмас экан.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда паспорт ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси уларсиз транспорт воситасини бошқариш мумкин бўлмаган ҳужжатлар қаторига киритилган, деб изоҳлайди ЙҲХХ.

Шундай экан, рулга ўтирганингизда ёнингизда албатта ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки ID картангиз бўлсин.

Рақамлашув – масъулият

Сўнгги вақтларда бутун дунёда рақамли ҳужжатлар тизимининг қиймати янада ошиб бормоқда. Чунки улар оддий қоғоз ҳужжатлардан фарқли ўлароқ, йўқолиши, ўғирланиши ёки яроқсизланиши мумкин эмас. Бунинг афзаллиги Украинадаги уруш ва Бразилиядаги тошқинлар пайтида яққол кўринган: фуқаролар ўз ҳужжатларини йўқотган бўлса ҳам, рақамли ID орқали ёрдам олишда муаммога дуч келмаган.

Шунга қарамасдан, жаҳонда ҳали ҳам тахминан 850 миллион киши расмий шахсни тасдиқловчи ҳужжатсиз яшамоқда. Давлат томонидан берилган ҳужжат шахсни тасдиқлашидан ташқари, энг муҳим хизматлар: тиббий ёрдам, банк хизматлари, мулк ҳуқуқини расмийлаштириш каби соҳаларда жуда ҳам керак.

Ўзбекистон тараққиётдан ортда қолмаган ҳолда, рақамли ҳужжатлар тизимини жорий этди. Тизим вақт ўтиши билан такомиллашади, оммалашади. Энг асосийси, муҳим жараёнга ўз вақтида қадам ташланди. Мисол учун, 8-9 йил аввал саноқли киши давлат хизматларидан онлайн фойдаланар эди, бугун эса улар сони 11 миллионга етган. Рақамли ҳужжатлардан фойдаланиш ҳам тез орада оммалашиб кетади.

Бугун масала шундаки, фақат ҳужжатларнинг ўзи эмас, фуқаролик маданиятимиз ҳам рақамлашиш сари юзланмоқда. Демак, технологияларни ўзлаштириш билан бирга, ундан оқилона ва масъулиятли фойдаланиш маданияти ҳам шаклланиб бораверади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг