Европа қишки вақтга ўтди
Бугун, 30 октябрдан деярли бутун Европа (Россия ва Беларусдан ташқари) «қишки вақт»га ўтди.
Европа Иттифоқининг барча мамлакатларида (шунингдек, Украина ва Молдовада) тонгги 4 да соат миллари бир соат орқага сурилди.
Европада доим ёзги вақтга ўтиш (бир соат олдинга) март ойининг сўнгги якшанбаси, қишки вақтга ўтиш (бир соат орқага) октябр ойининг сўнгги якшанбасига тўғри келади. «Энг сезилмайдиган» кунлиги учун якшанба танланган.
Фаслга қараб вақтни ўзгартириш тажрибаси фақат Европа Иттифоқида қўлланилади.
2018 йили Европа комиссияси вақтни ўзгартириш амалиётидан воз кечиш таклифини илгари сурган, 2019 йилда Европа парламенти бу бўйича қонун лойиҳасини маъқуллаганди. Ҳатто 2021 йилда соат миллари сўнгги маротаба ўзгартирилиши кутилганди. Унга мувофиқ ЕИга аъзо ҳар бир мамлакат кишки ёки ёзги вақтда қолишини ўзи белгилаши керак эди.
Бироқ таклиф Европа Иттифоқи кенгаши томонидан ҳали кўриб чиқилмаган. Демак, Европа «қишга чекиниш»да давом этади.
Бизга таъсири
Европаликлар «ортга чекиниши» ортидан ўртага бир соатлик фарқ тушади. Масалан, Тошкентда соат миллари 23:00 ни кўрсатган пайтда Париж, Рим ва Берлинда 20:00 (ўртадаги фарқ — 3 соат), Лондонда 19:00 (ўртадаги фарқ 4 соат) бўларди. Бироқ бугундан ҳаммаси ўзгарди: Париж 4 соатга, Лондон 5 соатга «узоқлашди». Ўзгаришларни ҳаммадан кўп футбол мухлислари ҳис этишлари аниқ: ўйинлар бир соат кечроқ бошланади: уйқу вақти қисқаради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter