Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Европалик депутат Исроилни мудҳиш истиқболдан огоҳлантирди (видео)

Европалик депутат Исроилни мудҳиш истиқболдан огоҳлантирди (видео)

Европа парламентининг аъзоси Клэр Дейли Исроил бомбардимони оқибатида Ғазода минглаб тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлаётганини кескин танқид қилди. Бу ҳақда TRT хабар берди.

«(Ғазода) ҳалок бўлганлар сони даҳшатли даражада ошиб бораётганига қарамай, Исроил ҳам жанг майдонида, ҳам ахборий маконда мағлубиятга учрамоқда. Оккупация ва апартеид сиёсатини юритган Исроил бу кетишда узоқ йиллар давомида «якка мохов» бўлиб қолади. Буни улар билади. Шу боис, «Чўкаётган хасга ҳам ёпишади» деганларидек, қўлидан келган ишни қилмоқда. АҚШнинг эътиборини тортиш ва ўз хатти-ҳаракатлари оқибатларидан халос бўлиш мақсадида Ливан, Эрон ва бошқалар билан катта уруш чиқаришга уринмоқда», – дейди ирландиялик депутат Клэр Дейли.

Сиёсатчи АҚШ президенти Жо Байден ҳамда Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйенни Исроилнинг зўравонлик тегирмонига сув қуйишда айблаган.

«Айнан улар Исроил терроризмини дастаклашда давом этмоқда. Улар бўлмаганда, зўравонлик аллақачон барҳам топар эди», – дейди у.  

Ирландиялик сиёсатчи ўз чиқишида АҚШ раҳбарини «қассоб», Еврокомиссия раисини «геноцид хоним» деб атаган.

Унинг таъкидлашича, Европа халқи Исроил эмас, балки Фаластин ва унинг манфаатларини Халқаро судда ҳимоя қилаётган ЖАР томонида.

2023 йил декабрь ойида Европа парламентининг бельгиялик аъзоси Марк Ботенги ҳам Ғазода тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётганини кескин қоралаган эди. Унга кўра, европалик сиёсатчилар Исроилни қўллаб-қувватлаш ва қурол-аслаҳа етказиш билан мудҳиш жиноятга шерик бўлмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг