Фаластин Исроил билан мулоқотни тўхтатди

Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги Женин шаҳрида Исроил кучлари амалга ошираётган сўнгги ҳарбий амалиётда 9 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди. Бу ҳақда хабар берган Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги қурбонлар сони ошиб бораётганидан хавотир изҳор қилган.
3 июль куни Исроил армияси босиб олинган Ғарбий соҳилдаги Женин ҳудудида террорга қарши кураш даъвоси билан кенг кўлам ҳарбий амалиёт бошлаган.
Фаластин маъмурияти Исроилнинг ушбу ҳужумига жавобан Тель-Авив билан мулоқот ҳамда хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш тўхтатилганини маълум қилган.
Фаластин президенти матбуот хизматига кўра, Исроил билан Иорданиянинг Ақаба ва Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳарларида эришилган келишувлар ҳам ўз кучини йўқотган.
Женинда Исроил кучлари ўтказаётган навбатдаги ҳарбий амалиётни мусулмон дунёси қоралаган. Жумладан, Туркия ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳужум оқибатида янги зўравонлик тўлқини авж олишидан хавотирда.
Аввалроқ Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳам Жениндаги фаластинликлар ўлимига сабаб бўлган босқинни қоралаган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter