Газ инқирози: Европани совуқ фаслда қора кунлари кутаётган айтилмоқда
Европа пандемия муаммосини ҳал этишга улгурмай энергетик инқироз билан юзма-юз келди. Кўҳна қитъада энергия манбалари нархи осмонга сапчиган. Маъмурчиликка ўрганган мамлакатларни совуқ фаслда энергетик танглик кутаётгани айтилмоқда.
Йил бошидан буён Европада газ нархи уч бараварга ошди. “Газпром” раҳбари Алексей Миллерга кўра, нарх ошиши давом этади. Энергия манбалари ва коммунал тўловлар қимматлашуви эса жамият ҳаётининг барча жабҳаларига таъсир кўрсатган. Сирасини айтганда, ялпи нарх-наво ошган. Бунинг ортида эса айрим мамлакатларда норозилик намойишлари кузатилмоқда.
Энергия инқирозининг сабаблари талайгина. Биринчидан, ўтган йили Европада қиш қаттиқ келди. Ҳаво ҳароратининг фавқулодда пасайиши туфайли қора кунларга аталган газ захиралари ҳам сарфлаб юборилди. Ёз эса кучли жазирама ва ўрмон ёнғинлари билан ёдда қолди. Аномал иссиқ кузатилган мавсумда эса одамлар кондиционерлар тафтида жон сақлади. Бу, табиийки, электр энергияси сарфини каррасига оширди.
Қолаверса, Осиёга катта миқдорда газ экспорт қилиниши оқибатида Европада газ таклифи кескин камайиб кетди. Пандемиядан кейин оёққа тура бошлаган иқтисодиёт учун эса кўпроқ энергия манбалари талаб этилаётган эди.
Европанинг ўзида ҳам газ қазиб олиш кўрсаткичи тушиб кетди. Аввало, Шимолий денгиздаги айрим конларнинг “таги кўриниб қолди”. Режадаги таъмир ишлари сабаб йирик таъминотчи – Норвегиядаги бир неча газ кони вақтинча ёпилди. Боз устига, кўҳна қитъа яшил энергетикага ўтаётган бир пайтда электр энергияси ишлаб чиқаришда ҳам узилишлар кузатилмоқда. Газ ва электр энергияси бир-бирига эт билан тирноқ каби боғлиқ бўлиб қолмоқда. Масалан, Буюк Британияда электр энергиянинг 40 фоизи газ ёрдамида олинади.
Европалик сиёсатдонлар энергия инқирозида аллақачон Россияни айбламоқда. Гап шундаки, “Газпром” ширкати кўҳна қитъага йилига миллиардлаб кубометр газ экспорт қилади. Аммо кейинги ойларда газ етказиш кўрсаткичи пасайган. Айрим арбоблар “Газпром” шу йўл билан нарх-навони атайин қимматлаштирмоқда деб ҳисоблайди. Масалан, Германия канцлери лавозими учун номзод Анналена Бербокка кўра, Россия “Шимолий оқим-2” лойиҳаси бўйича тўлиқ рухсатни қўлга киритиш учун сунъий равишда газ тақчиллигини юзага келтирмоқда.
Европарламентнинг бир қатор депутатлари ЕИнинг ижроия органи – Еврокомиссияга энергия манбалари нархи ошишида Россиянинг қўли бор ёки йўқлигини текшириш борасида сўров ҳам йўллаган.
Россия ва Германия ҳамкорлигида барпо этилаётган “Шимолий оқим-2” газ лойиҳаси рус газини олмон заминига тўғридан-тўғри етказиш имконини беради. Айни пайтда рус гази кўҳна қитъага асосан Қора денгиз орқали етказилади. “Шимолий оқим-2” лойиҳаси ишга тушиши билан Москва Шарқий Европа мамлакатларини айланиб ўтиш имконига эга бўлади.
АҚШ ва айрим Европа мамлакатлари ушбу лойиҳа Россияга энергетик қарамликни кучайтиради деб ҳисоблайди. Шунингдек, НАТО аъзоси бўлган Шарқий Европа мамлакатлари энергетик жабҳада заифлашади деган хавотир мавжуд. Қолаверса, янги лойиҳа Украинанинг газ етказишдаги воситачилик ролини ҳам йўққа чиқаради. Бу эса Украина иқтисодиётига кучли зарба бўлиши аниқ.
Энергия манбалари тақчиллашаётган бир пайтда Европа давлатлари эҳтиёжманд аҳолига моддий кўмак беришни маъқул кўрмоқда. Франция ҳукумати миллионлаб эҳтиёжманд оилаларга 100 евродан бир марталик кўмак берилишини билдирди. Испания эса энергия компанияларининг 2,6 миллиард евролик фойдасини аҳолига субсидия тариқасида улашмоқчи. Португалия бозорда нарх ошаётганига қарамай, энергия манбалари баҳосини 2022 йилда ўзгаришсиз сақлаб қолишга қарор қилган.
Кузатувчиларга кўра, бу каби муваққат чоралар энергия тақчиллиги ва аҳоли гарданидаги коммунал тўловлар юкини вақтинча енгиллатишга хизмат қилади, холос. Энергия бозоридаги қалтис вазият эса жиддий ҳаракатларни талаб қилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter