Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Истанбул рамзи бўлган тарихий иншоот қисқа танаффусдан кейин қайта очилди

Истанбул рамзи бўлган тарихий иншоот қисқа танаффусдан кейин қайта очилди

Фото: Xabar.uz

Истанбулдаги афсонавий Қиз қалъаси (Kız kulesi) бир ярим йиллик таъмирлаш-тиклаш ишлари якунига етиб, музей сифатида қайта очилди. Босфор бўғозида жойлашган ёдгорликнинг қайта очилиши Туркия Республикасининг 100 йиллиги санасига тўғри келмоқда.

Денгизнинг қоқ ўртасида жойлашган тарихий иншоот об-ҳаво шароити туфайли доимий таъмирни талаб этади. Шунга кўра Туркия маданият ва туризм вазирлиги 2021 йил сентябрь ойида Қиз қалъасини қайта тиклаш лойиҳасини бошлаган.

Кўп асрлик минорани тиклаш-таъмирлаш ишлари Истанбул техника университети ва Фотиҳ Султон Меҳмет университети хулосалари ва Маданий меросни муҳофаза қилиш кенгаши тасдиқлаган лойиҳа асосида, вазирлик ҳамда етакчи экспертлар назоратида амалга оширилди.

Оролнинг қийин шароитига қарамай, 570 кун давом этган тиклаш-таъмирлаш жараёнида 150 кишилик жамоа замонавий қурилиш техникаси ва денгиз транспорти ёрдамида ишлади. Сўнгги реставрация доирасида миноранинг тарихий ҳужжатларда мавжуд бўлмаган бетон қисмлари асосий конструкциядан олиб ташланди. Шу тариқа Қиз қалъаси тарихий кўринишига қайтди. Бундан ташқари, минора ва у жойлашган орол қозиқлар, сейсмик изоляторлар билан мустаҳкамланди.

Қиз қалъаси милоддан аввалги V асрда ҳозирги Ускудар қирғоғидан 20 метр узоқликдаги оролда Босфор бўғози орқали ўтадиган кемаларни бошқариш ва солиқ йиғиш учун божхона пункти сифатида барпо этилган. Шарқий Рим императори Мануэл Комненос XII асрда кичик оролда мудофаа иншооти қуришни буюрган. Минора орқали Босфорнинг кириш-чиқиши назорат қилинган.

1453 йилда Истанбул Султон Муҳамдад Фотиҳ томонидан забт этилгач, бу ерда ёғоч минора қурилган ва кейинги асрларда кузатув минораси, денгиз маёғи ва карантин ҳудуди бўлиб хизмат қилган.

Жумҳурият даврида шаҳарнинг порт бошқармаси томонидан узоқ муддат фойдаланилган минора 1964 йилда Туркия мудофаа вазирлигига, 1983 йилда Туркия денгиз корхоналарига хизматга топширилган. Айни пайтда у тарихий-меъморий обида сифатида алоҳида муҳофазага олинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг