Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кимё бўйича 2022 йилги Нобел мукофоти совриндорлари эълон қилинди

Кимё бўйича 2022 йилги Нобел мукофоти совриндорлари эълон қилинди

Стокголмда Швеция Фанлар академияси 2022 йилги кимё бўйича Нобел мукофоти совриндорларини эълон қилди. 

Унга кўра, кимё бўйича 2022 йилги Нобел мукофоти Каролин Бертоззи(АҚШ), Мортен Мелдал (Дания) ва Барри Шарплесс (АҚШ)га «Клик-кимё ва биоортогонал кимёни ривожлантиргани учун» берилди.

Мукофотланганларнинг илмий ишлари ҳақидаги батафсил маълумотни Нобел қўмитасининг пресс-релизида топиш мумкин.

Барри Шарплесс учун бу кимё бўйича иккинчи Нобел мукофоти, 2001 йилда у стереоселектив оксидланиш реакциялари учун лауреат бўлганди. Шу тариқа, у иккинчи марта мукофотни қўлга киритган бешинчи шахс бўлди. Шарплесс 1941 йил 28 апрелда Филаделфияда (АҚШ, Пенсилвания) туғилган. 1968 йилда Стенфорд университетида докторлик диссертациясини олди ва 1985 йилдан буён АҚШ Миллий Фанлар академиясининг аъзоси. У клик кимёси концепциясини тахминан 2000 йилда ишлаб чиққан.

Мортен Мелдал 1954 йил 16 январда Данияда туғилган. Ҳозирда у Копенгаген университетида кимё профессори. 1983-1988 йилларда Копенгаген университетида органик кимё бўйича мустақил тадқиқотчи бўлган. 1985-1986 йилларда Кембриж университетида, хусусан молекуляр биология лабораториясида ишлаган.

Мелдал ва Шарплесс бир-биридан мустақил равишда азид-алкин синхрон қўшилиш реакциясини ишлаб чиқдилар. Бу ҳозирги вақтда, хусусан, фармацевтика маҳсулотларини яратишда ва генетик хариталашда кенг қўлланиладиган самарали кимёвий реакция (генетик хариталарни тузиш усули, тор маънода, ген ёки хромосомадаги мутациянинг ҳолатини аниқлаш усули) ҳисобланади

Каролин Бертоззи 1966 йил 10 октябрда Бостонда (АҚШ, Массачусетс) туғилган. Ҳозирда Стенфорд университети профессори. Бундан ташқари, 2005 йилдан Миллий фанлар академиясининг, 2011 йилдан эса Тиббиёт академиясининг аъзоси. Бертоззи, шунингдек, 2018 йилдан бери Лондон Қироллик жамиятининг аъзоси. Бертоззи биоортогонал кимё йўналишида ишлайди. Қўмитанинг таъкидлашича, у клик кимёсини янги босқичга олиб чиқди ва тирик организмлар билан ишлашда ундан фойдаланишни бошлади.

Маълумот учун, кимё бўйича 2021 йилги Нобел мукофоти Бенжамин Лист (Германия) ва Девид Макмилланга (АҚШ) ассиметрик органокатализни ишлаб чиққани учун берилганди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 октябр куни физика бўйича Нобел мукофоти совриндорлари номи эълон қилинганди.

6 октябр, пайшанба куни эса адабиёт бўйича Нобел мукофотининг янги лауреати эълон қилинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг