Черчилль, Рузвельт ва Сталиннинг ҳаётини сақлаб қолган жосус
Урушда энг муҳим нуқта – бу душман ҳаракатларидан олдиндан воқиф бўлиш. Табиийки, бунда асосан разведка маълумотларига таянилади. Иккинчи жаҳон уруши том маънода разведка уруши ҳам эди. Чунки урушнинг асосий иштирокчилари бўлган Совет Иттифоқи, АҚШ, Германия ва Буюк Британия армиясида ўз даврининг энг кучли разведка агентлари бўлиб, улар душманнинг бўлажак ҳаракатлари ҳақида Бош штабга маълумот етказиб турган.
Бугунги мақоламизда, КГБ (СССР Давлат Хавфсизлик қўмитаси)чилар сулоласи вакили, Гитлернинг ишончли собатажчиси Отто Скорценининг режаларини бузиб юборган, Рузвельт, Черчилль ва Сталиннинг ҳаётини сақлаб қолган Иван Агаянц ҳақида ҳикоя қиламиз.
Асли озарбайжонлик Иван
Иван Иванович Агаянц 1911 йил 28 август санасида Озарбайжоннинг Елизаветполь (ҳозирги Ганжа) шаҳрида арман руҳонийси оиласида туғилган. Отаси касби бўйича бухгалтер эди. Лекин у қишлоқда ўқитувчи ва православ руҳоний бўлиб ишлаган. Иван оилада кенжа фарзанд бўлиб, унинг иккита акаси бор эди.
1924 йилда унинг отаси болаларининг ҳаётини яхшилаш учун руҳонийликдан воз кечиб, ВЧК (Халқ Комиссарлари Кенгаши ҳузуридаги аксилинқилоб ва саботажга қарши кураш бўйича Бутунроссия фавқулодда комиссияси)га хизмат қила бошлади. Иваннинг иккита акаси ҳам ёшлигидан коммунистик ғояларга берилиб кетган эди. Шу боис Озарбайжон большевиклар томонидан эгалланаётган вақтда, улар яширинча қизилларга ёрдам беришди. Иван бу пайтда инқилобий кураш майдонига кириш учун ҳали ёш эди. Шу сабабли ота кенжа ўғлини шифокор бўлиб ишлайдиган синглисининг уйига жўнатиб юборади. Сабаби фуқаролар уруши даврида шифокорлар одатда дахлсиз инсонлар ҳисобланган. Аммасининг уйида Иван ҳам тиббиётни, ҳам чет тилларини ўрганишга берилиб кетди.
1919 йилда Озарбайжонда ҳокимият большевиклар қўлига ўтганидан сўнг, Иваннинг акалари тезда ВЧК органида жуда кўзга кўринган шахсларга айланишди. Хусусан, Ивандан 11 ёш катта бўлган акаси Александр Агаянц 1922 йилда республика марказий аппаратида катта терговчи бўлиб ишлади.
Орадан бир мунча вақт ўтиб, Иван Агаянц Плеханов номидаги Москва Халқ хўжалиги институтига ўқишга кирди. У 1929 йилда институтни тамомлагач, она шаҳри Ганжада бир йил турли лавозимларда ишлади. Бир йилдан сўнг акасининг ҳомийлигида Иван Москвага чақирилиб, ОГПУ (давлат хавфсизлигининг махсус органи)га иқтисодий бўлим ходими сифатида қабул қилинди. Бу ёш ходимга жиддий ишларни топширишга ҳали анча қовун пишиғи бор эди. Шу сабабли у комсомол қўмитасига раис этиб тайинланди ва бир неча йил давомида комсомол ташкилотига раҳбарлик қилди.
Янги ҳаётга қадам
Комсомолдаги вазифалар унга ўз-ўзини тарбиялаш учун имкон берди. Иван мустақил тарзда форс, турк, француз ва испан тилларини ўрганди. Бундан ташқари, у инглиз ва итальян тилини яхши билар эди. 1936 йили Иван Агаянц расман ОГПУга ўтказилди. Энди унинг учун янги ҳаёт бошланганди.
1936 йилнинг июль ойида Испанияда фуқаролар уруши бошланиб кетди. Фуқаролар урушининг биринчи босқичида республикачиларни Франция қўллаб-қувватлади. Фуқаролар уруши бошланганидан олти ой ўтиб, француз ва испан тилларини мукаммал биладиган Иван Агаянц Францияга жўнатилди. Унга Франция портлари орқали Испанияга жўнатиладиган ҳарбий ёрдамларни назорат қилиш топширилди.
1938 йилнинг бошида Испанияда генерал Франко ҳокимиятни ўз қўлига олди. Шундан сўнг коммунистларнинг раҳбарларига нисбатан қатағон бошланди. Бу вазиятда Иван Агаянц испан коммунист раҳбарлари Хосе Диас ва Долорес Ибаррурини СССРга эвакуация қилиш билан шуғулланди.
Эрондаги миссия
1940 йилда Иван Агаянц Москвага қайтиб келди. Марказ Иван Агаянцнинг амалга ошираётган ишларидан мамнун эди. Хосе Диас ва Долорес Ибаррурини муваффақиятли тарзда Москвага эвакуация қилиниши Иваннинг обрўсини оширди. У «Қизил байроқ» ордени билан тақдирланди ва СССР НКГБ 1-бошқармаси (ташқи разведка)нинг бўлим бошлиғи этиб тайинланди.
1939 йили Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан Германия Эронни ўз тарафига оғдириш учун ҳаракат бошлади. Эрон шоҳи Ризошоҳ Паҳлавийнинг фашистлар билан иттифоқ тузишга мойиллиги бор эди, Табиийки, бу Совет Иттифоқи ва Буюк Британияга ортиқча бош оғриғини келтириб чиқарарди.
1941 йилнинг июнь ойида Германия СССРга қарши уруш эълон қилгач, Эронга босимлар кучайиб борди. Бундан ташқари, Эронга адмирал Канарис бошчилигидаги кенг тармоқли немис разведкаси жойлаштирилган бўлиб, юзлаб немис агентлари айнан Эрон орқали СССРга юборилди. Бу вазиятда Теҳронда совет разведкасининг таъсирини ошириш зарурати пайдо бўлди. Бунинг учун тажрибали зобит керак эди. Иван Агаянц бунга ҳар томонлама тўғри келарди. У собиқ Иттифоқнинг Теҳрондаги элчихонасига маслаҳатчи сифатида юборилди.
Марказ томонидан Иван Агаянцга бир нечта вазифалар топширилди. Булар: Эронни урушга қўшилмаслигини таъминлаш, Эрон орқали СССРга ўтаётган немис агентларини аниқлаш ва фашистларнинг Эронда амалга оширмоқчи бўлган ҳарбий ҳаракатлари ҳақида маълумот тўплаш кабилар эди.
Иван қисқа вақт ичида Эрон миллий маслаҳат кенгаши раҳбарларидан одам топиши керак эди. Сабаби, Ризошоҳ урушга қўшилиш тўғрисидаги қарорни кенгашга тасдиқлатмоқчи эди. Бу ҳолатда Иван бир вақтлар Эронга кўчиб келган арманлардан ёрдам олди. Миллий маслаҳат кенгаши шоҳни қўллаб-қувватламаслиги учун арманлар оёққа туришди. Натижада кенгаш Ризошоҳ Паҳлавийнинг урушга қўшилиш таклифини рад этди. Аммо, шоҳ немислар билан шахсий музокаралар олиб боришда давом этди.
Агаянц ўзида мавжуд бўлган маълумотларни таҳлил қилиб, «Ризо Шоҳ мажлисни четлаб ўтиб, немислар билан иттифоқ тузмоқчи», деган хулосага келди ва бу ҳақда Москвага зудлик билан хабар берди.
Марказ Иван Агаянцнинг таҳлилига ишонди. Совет Иттифоқи шу заҳоти Буюк Британия билан шошилинч музокаралар олиб бориб, Эронга совет-инглиз қўшинларини жойлаштиришга қарор қилди. 1941 йилнинг сентябрь ойида шимолдан совет қўшинлари, жануби-ғарбдан Британия армиясининг бўлинмалари Эронга бостириб кирди. Ризошоҳ тахтдан воз кечиб, мамлакатни тарк этди. Шоҳ Эронни тарк этгач, немис разведкаси ноқулай аҳволга тушиб қолди. Рус-инглиз разведкаси Эронда яшаётган ёки хизмат сафарида бўлган немислар билан жиддий шуғуллана бошлади. Маълумотларга кўра, ўша заҳоти 5 мингга яқин Германия фуқаролари тезда Эронни тарк этиб, қўшни Туркияга кўчиб ўтган. Шунга қарамай Эрон немис агентлари учун қулай бош пана бўлиб қолаверди.
1941йилнинг охирида Иван Агаянц ўзининг хабарларидан бирида шундай ёзган эди:
«Эрондаги немислар мамлакатимизда ишлаётган разведкачиларини бошқаради. Душман айғоқчилари Эрондан СССРга чигиртка каби учиб кетишмоқда».
Совет разведкаси учун Эронга қўшимча кучлар юборишнинг иложи йўқ эди. Сабаби, СССР урушни бой бераётганди. Агаянцга маҳаллий аҳоли орасидан кадрлар излаш буюрилди.
Сталин, Рузвельт ва Черчиллга қилинган суиқасд
1943 йилнинг қишида Теҳронда фашистлар Германияси ва унинг иттифоқчиларига қарши бўлган учта асосий давлат (Совет Иттифоқи, Буюк Британия ва АҚШ) раҳбарларининг учрашувини ўтказишга қарор қилинди. Германия разведкаси «Катта учлик» етакчилари Иосиф Сталин, Уинстон Черчилль ва Франклин Рузвельтни йўқ қилишга қаратилган «Узунликка сакраш» деб номланган режа ишлаб чиқди, Ушбу операцияни амалга ошириш 1-рақамли немис саботажчиси Отто Скорзенийга топширилди. Агаянц бундан хабар топди ва тезда Кремлга телеграмма йўллади. Немисларнинг режасидан воқиф бўлган Москва Эронга қўшимча разведка кучларини юборди.
1943 йилнинг август ойида немис резиденти Франц Маер қўлга олинди. Шундан сўнг 22-27 ноябрь куни немислар ўзларининг режаларини амалга ошириш учун Рудольф фон Холтен-Пфлуг қўмондонлиги остида олтита парашютчилар гуруҳи ва Владимир Шкварев қўмондонлигидаги 60 кишидан иборат яна саккизта десантчилар гуруҳини Қум вилоятига ташлашди. Шкварев гуруҳи НКВД томонидан тезда қўлга олинди. 30 ноябрь кунига ўтар кечаси эса инглиз разведкаси Холтен-Пфлуг гуруҳини ҳибсга олди. Охир-оқибат немис диверсантлари томонидан режалаштирилган операция муваффақиятсизликка юз тутди.
Иван Агаянц Теҳрон конференцияси хавфсизлигини таъминлагани учун Ленин ордени билан тақдирланди. 1945 йилда у Москвага чақирилди ва дарҳол француз резиденциясига раҳбар этиб тайинланди. Бироқ касаллик уни оёғидан чалди. Иван сил билан касалланган эди. У бир мунча вақт КГБнинг махсус мактабида дарс берди. 1959 йилда Иван Агаянц КГБ Биринчи Бош бошқармасининг «А» бўлими бошлиғи этиб тайинланди («А» бўлими хорижий разведка хизматларининг ҳаракатларига қарши курашиш бўйича фаол чора-тадбирлар билан шуғулланган, айнан шу бўлим саботаж учун масъул бўлиб, турли мамлакатларнинг номақбул раҳбарларини йўқ қилган).
1967 йилда Иван Агаянц КГБ Биринчи Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари этиб тайинланди. Аммо, Агаянц бу жиддий лавозимда узоқ ишламади. Тайинланганидан бир йил ўтгач, Иван Агаянц юрак хуружидан 57 ёшида вафот этди.
Сардор АЛИ
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter